Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Ўзбекистонда нақд пулдан воз кечиш таклиф қилинди


Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаши кутилаётган бир муҳим фармон лойиҳаси муҳокамаси 28 январ, соат 18.00 да якунига етди.

Ҳукумат порталида эълон қилинган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармон лойиҳаси муҳокамасида, порталнинг ўзида эълон қилинган статистикага кўра, ҳаммаси бўлиб 1314 киши иштирок этган.

Қолдирилган изоҳларнинг ярмидан сал кўпроғи – 710 таси кўриб чиқилган, 118 та таклиф қабул қилинган, 284 таси рад этилган, 308 та таклиф эса, “маълумот учун”, деб таснифланган.

Билдирилган таклифларнинг ҳар бири билан ҳукумат порталига кириб, ўзингиз танишишингиз мумкин. Биз эса, эътиборимизни ўзига тортган 10 таклиф билан таништирмоқчимиз.

Коррупция ҳақида

Муҳокамага қатнашган Paltabayev Abdurashid Tursunboy o'g'li бундай таклиф киритган:

“Жамоатчилик назорати тўғрисидаги” қонунни қабул қилиш таклифини қўллаб-қуватлайман. Чунки бугунги кунда, минг афсус билан шуни тан олишимиз керакки, коррупция давлат идораларида жуда кучайган...”

Бу таклифга Портал маъмурияти жавоби: Кўрсатилган қонун лойиҳасини такомиллаштиришда ишчи гуруҳ томонидан қонуннинг амалда самарали ишлаши учун зарур нормалар киритилади.

Депутатлар чўнтаги ҳақида

Олий Мажлис депутатларига ўқитувчилар билан тенг маош берилсин. Шу мазмундаги таклифни қолдирган Павел Басалаефф ўша маош 100% депутатларнинг пластик карталарига туширилсин, қўлларига нақд пул берилмасин, деб ёзибди.

Бу таклифга Портал маъмурияти “одоб билан конкрет таклиф беринг”, деб жавоб қайтарган.

Саботаж ҳақида

Akbarova Sanobar Narzikulovna айрим раҳбарларнинг эскича услубда ишлашга ўрганиб қолгани, юзаки "хўп", деб яхши ишни ҳам амалга оширмасликка ҳаракат қилиши тўғрисида ёзаркан, “Буни "саботаж" дейишади. Саботажга қарши биргаликда курашайлик!” деб даъват қилган.

Портал маъмурияти бу чақириқни рад этган, чунки “таклиф асослантирилмаган” эмиш.

Журналистика ҳақида

Каримов Эркин Зикириллаевичнинг фикрича, “оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш” лозим. “Сабаби амалиётда, оммавий ахборот воситаларида, хақиқатга тўғри келмайдиган ҳолатларга, аслида, танқидий ёндашиш керак, бўлсада, “нима сабабдандир” акси бўлиб, ҳолатлар бўртирилиб, ёмон ҳолатни яхши, деб тайёрланган материалларнинг халқимиз кўп бор гувоҳи бўлиб, Оммавий ахборот воситаларига нисбатан ишончи анча сўнишига сабабчи бўлган”.

Портал маъмурияти бу таклиф муаллифига “ёзиб туринг” қабилида жавоб берган.

Адвокатура ҳақида

Utkur Kamilov адвокатлик фаолиятини ислоҳ қилишни таклиф қилган:

“Предлагается провести адвокатскую реформу. Она уже давно назрела. Основным введением может стать возможность адвокатуры регистрироваться в форме ООО. Для этого можно обновить статью 5 Закона об Адвокатуре. При этом, выводить такие формирования из под Адвокатской Палаты не надо. Спасибо за внимание!”

Бу таклифни рад этган Портал маъмурияти жавоби: "Отклонено. В проекте Программы имеются конкретные меры по совершенствованию института адвокатуры".

Умуман, адвокатура ва нотариатга оид таклифлар кўп. Баъзилар мустақил (хусусий) нотариусликка рухсат беришни сўраган. Лекин бу таклифларнинг аксарияти умуман жавобсиз қолдирилган.

Хусусийлаштириш ҳақида

Raxmatov Umid Gaybullaevichнинг “Уй-жойни хусусийлаштириш масаласида аниқ бир қарор ва низом ишлаб чиқиш лозим”лигига оид таклифи жавобсиз қолдирилган.

Конвертация ҳақида

Jurayev Sardor Umruzoqovichнинг фикрича, "эркин конвертацияни таъминловчи валютага оид муносабатларни тартибга солиш, миллий валюта курсини шакллантиришда замонавий бозор механизмларни жорий этиш - аллақачон қилиниши керак эди”.

Умуман, муҳокама қилинаётган ҳужжатнинг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишари” энг қизғин муҳокамага сабаб бўлган бобдир. Чунки унда миллий валюта билан боғлиқ қатор масалалар қамраб олинган.

Сарлавҳага чиқарганимиз гап –

“Ўзбекистонда нақд пулдан воз кечиш таклифини"

ҳам шу ерда учратдик. Ҳар ҳолда, Botirov Salohiddin Baxtiyorovichнинг қуйидаги таклифини шундай тушуниш мумкин:

“Биринчи, Хизмат кўрсатиш соҳаларида тўловни тўлиқ пластик карточка орқали амалга оширишни жорий қилиш. Бунда ёнилғи ва газ қуйиш шоҳобчалари, коммунал хизматлар, жамоат транспорти, умумий овқатланиш шоҳобчалари ва супермаркетлар ва бошқа пуллик хизмат кўрсатиш жойларида тўловни фақат пластик карточкалар орқали амалга оширишни жорий қилиш. (Қозоғистон Республикасида коммунал тўловларни нақд пулда қабул қилиш бекор қилинган. Бу билан коммунал соҳа вакиллари ва аҳоли ўртасидаги турли хил тушинмовчиликлар бартараф қилинади. Шунинг билан бирга коммунал соҳа тўлов тизими тўлиқ автоматлаштирилади. Натижада савдо точкаларида ноқонуний ишлаётган ходимларни (официант, қоровул, ёнилғи ва газ қуйиш шаҳобчаларида буйруқсиз ишлаётган ходимлар мажбурий тарзда буйруқ билан ишга қабул қилинади. Ишсизлик камаяди. Давлат бюджетига тушумлар ортади.) Бу давлат сиёсатини давом эттириш ва оборотдаги пул маблағини камайтириш имконини беради. Иккинчи, барча савдо дўконларида тўлов терминали мажбурий ишлашини назорат қилувчи Солиқ қўмитаси ходимлари жавобгарлигини ошириш керак. Учинчи, 2020 йил 1 январдан бошлаб накд пул билан боғлик барча тўловларни пластик карточка оркали амалга оширилишини жорий қилиш”.

Бу таклифга Портал маъмурияти жавоби: Билдирилган таклифлар харакатлар Давлат дастури лойиҳасининг 129- ва 132- бандларда ўз аксини топган.

Ташқи сиёсат ҳақида

Бу масалада Ботирхўжа Жўраев мана бу фикрни билдирган (парча):

"...Илгари водийликлар Қирғизистон орқали Россияга мевани тўғридан-тўғри олиб бориб сотишар эди.Лозим бўлса, МДҲ доирасидаги айрим Иттифоқларга (Божхона ва бошқа) миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, қўшилиш тўғрисида ҳам ўйлаб кўриш керак".

Ва ниҳоят,

Ҳижоб ва рўмол ҳақида

Isroilov Jaxongir Obbosxonovich бу ҳақда мана бу фикрни қолдирган:

"Юртимизда дунёда ўхшаши йўқ, миллий урф-одатларга тўлиқ жавоб берадиган жамоат институти - махалла фуқаролар йиғинлари ташкил қилинган. Лекин, мазкур ўзини-ўзи бошқариш идораларидаги диний ишлар бўйича мутахассиларнинг савияси пастлиги сабабли, хотин-қизлар бўйича ишлар умуман талабга жавоб бермайди. Айниқса, аёлларнинг миллий рўмол ўрашлари масаласи хозирги кунгача муаммо бўлиб келмоқда. Аёллар тамоғини остидан рўмол ўраса, бундай ўраш мумкин эмас, рўмолни бошни орқасига ўранг деб, рўмолларини ечтираётганлиги хақидаги гаплар қулоқларимизга чалинмоқда. Улар хаттоки оддий рўмол ўраш билан хижобни фарқига боришмайди. Ахир эна ва момоларимиз шундай ўранишганку. Рўмолни тамоғини остидан ўралганда юзи тўлик очик бўладики, унда нима муаммо бор? Менинг фикримча, бу хусусда хаттто хуқуқ-тартибод идораларида хам аниқ тушунча йўқ. Агар рўмолни тамоғини тагидан ўрашида бирор муаммо бўлса, хавони совуқ кунларида ёки азадор аёлларнинг деярли барчалари шундай ўранишади-ку!? Айниқса, Тошкент шахрида аёл ва қизларнинг рўмолларини тамоғини тагидан бемалол ўраб юришларини кўриб, бошқа вилоятдагилар хавас қилишади. Чунки, вилоятларда вазият умуман тескариси. Менинг таклифим шундан иборатки, Хукумат миқёсида аёлларни қандай холатда ўраниши мумкину, қандай холатда мумкин эмаслиги бўйича аниқ бир қарор қабул қилинса. Биз фуқаролар бу қарорга тўлиқ бўйсунсак хамда барчада аниқ ва ягона тушунча пайдо бўлса".

XS
SM
MD
LG