Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:25

Тошкентлик она: Кўричак бўлган 16 яшар ўғлимни операция столида ўлдириб қўйишди


Ўзбекистонлик она ўғлининг ўлимида шифокорларни айбламоқда. Тошкент шаҳрида яшовчи Нодира опа Озодлик билан суҳбатда Тошкент Тиббиёт Академияси шифохонасида врачларининг масъулиятсизлиги оқибатида 16 ёшли ўғли нобуд бўлганини айтди. Тошкент шаҳар прокуратураси ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси мазкур ҳолат бўйича суриштирув бошлаган.

15 сентябр куни кўричак ташҳиси билан Тошкент Тиббиёт Академияси шифохонасига ётқизилган 16 ёшли Беҳзоджон Тўрахўжаев жарроҳлик амалиёти пайти операция столида ҳаётдан кўз юмди.

Беҳзоднинг онаси Нодира опа Озодлик билан суҳбатда фарзанди клиника врачларининг масъулиятсизлиги оқибатида нобуд бўлганини айтди.

- Кўричак билан борган боламни операция столида ўлдириб қўйищди. Булар биздан пул олиш учун болани ҳарорати юқори бўлса ҳам, юраги безовта бўлиб турган бўлса, ҳам операция қилиш учун олиб кириб кетишди. Кейин бирданига бақир-чақир бўлиб, кетди. Билсак докторларда дори-дармон бўлмаган. Анестезиолог айтадики, кислород тугаб қолди, операцияга кираётганда булар кислороди ёки дори - дармони бор-йўқлигига қарамайдими?! - деб зор йиғлайди она.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:33 0:00
Бевосита линк

Беҳзоджон Тўрахўжаевнинг ўлим гувоҳномасига онасининг айтишича, "анафилактик шок оқибатида нобуд бўлган", деб ёзиб берилган.

Тошкент Тиббиёт Академияси шифохонасининг болалар жарроҳлик бўлими врачларидан бири Озодлик билан суҳбатда бола 15 сентябрь куни кўричак билан олиб келингани, жарроҳлик амалиёти пайти наркоз препарати туфайли анафилактик шок натижасида ҳаётдан кўз юмганини айтди.

- Анестезия пайти анафилактик шокдан ўлган. Шундан ортиқ маълумот беролмайман. Ҳозир бу бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус комиссияси текширув олиб бормоқда. Кимнинг хатоси туфайли бўлганини шу комиссия аниқлайди, - дедиТошкент Тиббиёт Академияси шифохонаси врачи.

Анафилактик шок бемор организмининг маълум аллергенга нисбатан реакцияси кескин ошиши оқибатида келиб чиқади. Бу анестезия жараёнида ҳам рўй беради.

Лекин, марҳумнинг онаси врачларга боланинг аллергияси борлиги ҳақда маълум қилганини айтди.

- Бола доридан шокга тушиб қолди, деб болани ўзига ташлашяпти ҳамма нарсани. Бола спорт билан шуғулланадиган бола эди, ўз оёғи билан борди касалхонага борди. Ҳеч қанақа шок бўлмаган. Кислороди тугаб қолган. Бу ҳақда менга анестезиолог айтди. Нимага кислород тугаб қолади? Ҳозир бизга тушунтириб берсин, соппа-соғ болам нимадан ўлди. Тафтиш қилишсин, - дейди марҳумнинг онаси Нодира опа.

Айни пайтда Тошкент шаҳар прокуратураси ҳам Беҳзоджон Тўрахўжаевнинг ўлим юзасидан суриштирув бошлаган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳам бу ҳолатни тафтиш қилиш учун махсус комиссия тузилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг январь ойидаги мажлисида тиббиёт соҳасидаги жиддий муаммолар ва етишмовчиликлар ҳақида гапирган, аҳолини дори воситалари билан таъминлаш ва соғлом авлод ўстириш – энг муҳим масалалар эканини таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG