АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан қилган баёнотида Қўшма Штатлар оғир паллада Ўзбекистон халқини қўллаб қувватлашини маълум қилди. Россия президенти Владимир Путин Каримов ўлими муносабати билан Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи шахсга таъзия изҳор этди. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, “дўстимни йўқотганимдан чуқур қайғудаман”, деб таъкидлади.
АҚШ президенти Барак Обама Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан қилган баёнотида Қўшма Штатлар оғир паллада Ўзбекистон халқини қўллаб қувватлашини маълум қилди.
“Ўзбекистон ўз тарихининг янги саҳифасини бошламоқда, Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка садоқатини сақлаб, фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя қилинишига асосланган суверенитети, хавфсизлиги ва келажаги тарафдори бўлиб қолади”, - дейилади Оқ уй эълон қилган баёнотда.
Россия президенти Владимир Путин эса Каримов ўлими муносабати билан Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи шахсга таъзия изҳор этган.
Кремлнинг расмий kremlin.ru сайтида Путин таъзияси "Ўзбекистон президенти вазифасини бажараётган" Ниғматулла Йўлдошевга юборилгани алоҳида таъкидланади.
Россия президенти матбуот хизматига кўра, президент Путин бош вазир Дмитрий Медведевга Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг Самарқандда бўладиган дафн маросимида Россия делегациясига бошчилик қилишни тайинлаган.
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан эълон қилган баёнотида:
“Мен билан қарийб 30 йил мобайнида елкама-елка ишлаган дўстимни йўқотганимдан чуқур қайғудаман”, — деб таъкидлади.
Жаноб Назарбоев Ўзбекистондаги бугунги барқарорлик ва жамият фаровонлиги ҳамда кенг миқёсли ўзгаришлар Ислом Каримов номи билан боғлиқлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан эълон қилган таъзиясида:
“Озарбайжонда Ислом Каримовни халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталар ривожига мустақиллик йилларида катта хисса қўшган ҳақиқий дўст сифатида ҳурмат қилишади”, - деб таъкидлади.
54 ёшли Илҳом Алиев 2003 йилда отаси, Озарбайжоннинг собиқ президент Ҳайдар Алиевнинг вафоти ортидан ҳокимиятга келганди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Пан Ги Мун Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вафоти ҳақидаги хабардан чуқур қайғудалигини билдирган.
“Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик, минтақа ва дунёда тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлашда ҳиссаси катта бўлган”, - дейилади БМТ матбуот хизмати эълон қилган баёнотда.
Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Ўзбекистон Президентининг вафот этганини тасдиқлади ва ўзбек халқига ҳамдардлик билдирган биринчи хорижий ҳукумат раҳбари бўлди.
TRT Haber телеканали Туркия Бош вазири Бинали Йилдиримнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўлими муносабати билан ўзбек халқига билдирган расмий таъзиясини намойиш этган.
Грузия ва Эрон президентлари ҳам Каримовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Грузия президенти Георгий Маргвелашвили Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилди, Грузия президенти матбуот хизмати.
Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳам ҳамдардлик билдиргани хабар қилинди.