Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2025, Тошкент вақти: 02:38

Ислом Каримовнинг қабри устига мақбара қурилади


Самарқандаги Каримов қабри ташриф буюрувчилар билан гавжум
Самарқандаги Каримов қабри ташриф буюрувчилар билан гавжум

Озодликка маълум бўлишича, марҳум президент Ислом Каримовнинг Самарқанддаги қабри устига мақбара барпо этилади.

19-декабр куни Ўзбекистон маданият ва спорт вазирлиги¸ Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси вакилларидан иборат комиссия Самарқандда барпо қилинадиган “Ислом Каримов ëдгорлик мажмуаси” макетларини муҳокама қилди.

Озодликнинг Ўзбекистон Бадиий академиясидаги манбасининг айтишича макетлар Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси тарафидан тақдим қилинган:

- Иккита макет бор. Биттаси гумбазли мақбара шаклида¸ яна бириси эса Имом Бухорий ëдгорлик мажмуасига ўхшаган катта. Биринчи вариант ҳозир Каримов дафн этилган саҳн устига тахминан 200 квадрат метр келадиган ўртача мақбара қуришни тақозо қилади. Туркманистоннинг марҳум президенти мақбарасига ўхшайди озроқ. Иккинчиси эса, минорали катта комплекс. Ҳар иккала макетда ҳам оқ ва мовий ранглардаги кошинлар билан безатилиши назарда тутилган¸ дейди душанба кунги мажлисда иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академиясидаги Озодлик манбаси.

Унга кўра, муҳокамага тақдим этилган макетлар ҳозирча қабул қилинмаган:

"Бу макетларни комиссия муҳокама қилди ва ҳар иккала вариантни ижобий ва салбий тарафлари бўйича фикрлар айтилди. Ҳозир Ўзбекистон диний идораси билан келишган ҳолда учинчи вариант ишланишига қарор берилди"

2016 йил 2 сентябрь куни президент Ислом Каримовнинг вафот этгани расман эълон қилингани ортидан марҳумнинг хотирасини абадийлаштириш комиссияси тузилиши ҳақида айтилган эди.

Янги ритуал

Ўтган уч ой давомида Каримов қабрини зиёрат қилиш учун Самарқандга кўпгина давлат раҳбарлари ва бошқа олий мақом меҳмонлар борди. Шоҳи Зинда комплексидаги Каримов қабри устида шу кунларда муваққат чодир қурилган.

Каримов қабрини зиëрат қилиш янги ритуалга айланди
Каримов қабрини зиëрат қилиш янги ритуалга айланди

Озодликка маълум бўлишича¸ Ислом Каримов қабри устига қуриладиган мақбара қурилишини назорат қилиш билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов шуғулланмоқда.

Мақбара қанчага тушади?

Мақбара қурилишига Ўзбекистон бюджетидан қанча маблағ ажратилиши ҳақида маълумот йўқ.

Озодлик билан суҳбатлашган олмаоталик ҳайкалтарош Эрбўсин Мелдибеков кўра¸ Давлат раҳбари учун муносиб мақбара қуришга қарор берилса, бундай қурилиш анча қимматга тушиши мумкин:

- 2006 йилда Туркманистон президенти ўлганидан сўнг унга атаб мақбара қурилди. Бу мақбара қурилишига 170 миллион АҚШ доллари сарф бўлган эди. Албатта бу дегани Каримов мақбараси ҳам шу суммага тушади дегани эмас. Мармар¸ гранит каби материаллар ишлатилса¸ Исфахондан мовий кошинлар келтирилса қиммат бўлади. Бетон¸ сунъий мармар қоплама ва усти лакланган тунука ишлатилса арзонороқ бўлади¸ дейди ҳайкалтарош.

Шоҳи Зинда манзараси бузиладими?

Айни пайтда ҳайкалтарош масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратди:

- Ниëзов мажмуаси жойлашган Қипчоқ қишлоғи яйдоқ дала бўлган. Яъни илгари у ерда ëдгорлик бўлмаган. Каримов қабри эса Самарқанднинг тарихий Шохи Зинда комплексида жойлашган. Бу ҳолатда барпо бўладиган бинонинг тарихий манзарага зид келмаслиги муаммоси туради. Шоҳи Зинда комплексида янги бино қурилиши бу мажмуанинг тарихийлигига соя солади. Бу муаммони ўзбек меъморлари қандай ечиши мен учун қизиқ, дейди ҳайкалтарош Мелдибеков.

Мақбарадан ташқари Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида Каримовга ҳайкал ўрнатилиши кутилмоқда.

6 декабрь куни Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори эълон қилинган эди.

Каримов сиймоси тошга кўчмоқда

Ўзбекистон Бадиий академиясидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда халқаро танловни ташкил қилиш бўйича комиссия ишламоқда.

Президент номини абадийлаштирилиши билан боғлиқ Ўзбекистондаги ҳозирча ягона воқеа - Тошкентнинг "Фарғона йўли" кўчаси ёқасида бир йил аввал ёниб кетиб, сўнг қайта қурилган "Жўрабек" масжидининг "Ислом ота" дея ўзгартирилганидир.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентда Ислом Каримов хайрия фондига асос солинган эди.

Айни пайтда Туркманистондаги майдон ва кўчага Ислом Каримов номи берилиб марҳумга ўрнатилган маонументга сўнгги сайқал берилмоқда.

Бундан ташқари, Россия пойтахти Москва шаҳри марказидаги хиëбонга Ислом Каримов номи берилди.

Россиядаги ўзбек диаспораси Санкт-Петербургдаги кўприклардан бирига Каримов номини бериш ташаббуси билан ҳам чиқди.

XS
SM
MD
LG