Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Саида Мирзиёева: Ўқитувчиларни мажбурий ишлатиш - беш муаммонинг бири


Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель куни Бўкага бориб¸ отасининг 5 ташаббуси бўйича қилинаëтган ишлар билан танишганини билдирган эди.
Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева 20 апрель куни Бўкага бориб¸ отасининг 5 ташаббуси бўйича қилинаëтган ишлар билан танишганини билдирган эди.

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини "баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири" сифатида тилга олди.

Айни пайтда Фарғонадаги Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернати ўқитувчи ва тарбиячилари ишдан кейин навбатчилик қилишга мажбурланаётганликлари ҳақида Озодликка арз қилди.

Интернат директори ўқитувчиларнинг ишдан ташқари навбатчиликка қўйилганини тасдиқлар экан, "бу тадбир мутлақо ихтиёрий тарзда" амалга оширилаётганини айтди.

Фарғона шаҳрида ягона бўлган Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатининг исми очиқланмаслигини истаган ўқитувчиси 16 май куни Озодлик билан суҳбатда ўзи ва ҳамкасблари ҳар куни 8 соатдан ишлаб, ишдан кейин навбатчилик қилишга мажбурланаётганликларини айтди:

"Бизда иш вақти меҳнат шартномаси бўйича соат 8 дан 14 гача. Лекин, директоримиз ҳаммани ишдан кейин кечки 6 гача навбатчилик қилишга мажбурлаяпти. Бу эса иш самарадорлигига таъсир қиляпти, ўқитувчи 10 соатлаб ишлатилганидан кейин чарчаб, яхши дарс беролмайди, дарсга тайёрланишга вақти қолмаяпти. Қўшимча навбатчилик учун ҳеч қандай қўшимча иш ҳақи ҳам тўланмайди ва кундузги иш вақтидан ҳам озод қилинмайди. Ундай бўладиган бўлса, мактабда қоровуллик штати нега керак?

Ишдан кейин навбатчиликка мажбурлаш бўлаётганини интернатнинг бошқа ўқитувчи, тарбиячилари ҳам тасдиқлади. Улардан бири бундай деди:

"Рўйхат тузилди, раҳбаримиз "ҳамма навбатчилик қилади", деди. Кимдир ҳафтасига бир марта, боласи йўқлар - икки марта. Кунига иккитадан ўқитувчи навбатчиликка қолпяти. Ҳеч ким эътироз билдиролмади, чунки ишдан бўшатади".

Навбатчиликка қолган ўқитувчи интернат қоровулхонасида келганларни рўйхатга олиб ўтиради, телефон қўнғироқларига жавоб беради.

Фарғона шаҳрида жойлашган кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида тузилган навбатчилар рўйхати.
Фарғона шаҳрида жойлашган кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатида тузилган навбатчилар рўйхати.

Мактаб-интернати директори Фаҳриддин Абдукаримов 16 май куни Озодлик билан суҳбатда билим масканида навбатчилик ташкиллаштирилганини тан олди, лекин бу мажбурий эмаслигини айтди:

“Ўқитувчилар ва тарбиячилар билан келишилган холда бу навбатчилик ташкиллаштирилди. Биз буни кўзи ожиз болалар хавфсизлигини ўйлаб, кўнгилли равишда уюштирдик. Мен 15 кун бўлди бу интернатга раҳбар бўлганимга. Сўнгги икки йил ичида тўртта раҳбар алмашган. Олдинлари тартиб бўлмаган, ҳамма кириб кетаверган. Буни биз кўзи ожиз болаларни ўйлаб қиляпмиз. Агар бу ўқитувчиларга ёқмаётган бўлса қўймаймиз. Лекин, бу бўйича мажлис ўтказганимда ҳеч ким эътироз билдирмаган эди”.

Ишдан кейин навбатчиликка қўйилган ўқитувчиларга қўшимча ҳақ бериладими, деган саволга Абдукаримов шундай жавоб берди:

"Ўқитувчилар 8 соат, тарбиячилар 5 соат ишлаши керак. Лекин, ортиқча соат ишлаган бўлса қўшимча ҳақ берилади. Ҳозир касаба-уюшмалари билан келишиб бошқа имтиёзлар беришни ўйлаябмиз".

Лекин, мактаб-интернатининг Озодлик билан суҳбатда бўлган ходимлари шу пайтгача қўшимча вақт ишлаганликлари учун қўшимча маош олмаганликларини айтишди.

Бундан олдин Фарғона шаҳридаги Кўзи ожизлар мактаб-интернати ходимлари ишдан ташқари ободонлаштириш ишларига жалб этилганликлари ҳақида ҳам Озодликка шикоят қилишганди.

29 апрель куни Фарғона вилояти Кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида мақола эълон қилингач, ҳамширалардан бири Озодликка хабар берганликда айбланиб, ишдан ҳайдалиш таҳдид ва босимлари қаршисида қолган.

Аммо Фаҳриддин Абдукаримов бу иддаоларни рад қилди:

"Бунақа холат умуман бўлмаган. Бизда ҳеч ким мажбурланмайди. Бир-икки ўқитувчини ўйлаб топган найранги бу".

"Навбатчилик дафтари"да ёзилишича, ҳар бир ўқитувчи ҳафтасига икки кун навбатчилик қилади
"Навбатчилик дафтари"да ёзилишича, ҳар бир ўқитувчи ҳафтасига икки кун навбатчилик қилади

Ўқитувчиларни ишдан ташқари навбатчиликка қолдириш Ўзбекистон мактаб ва боғчаларида учраб туради.

Ўтган ой Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 35-умумий таълим ўрта мактабининг ўқитувчисидан келган мактубда, уларнинг мактабда тунги навбатчиликка мажбурланаётгани ҳақида ёзилади:

"Президент ва Бош вазирнинг гапларидан кейин ҳам ўқитувчи мактабда тунги навбатчиликда туриши мумкинми? Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча иш ҳақи тўланмайди ва кундузги иш вақтидан ҳам озод қилинмайди. Кечқурун соат 6 дан эрталаб соат 7 гача ухламасдан тунги постда турган ўқитувчи соат 8 дан бошланадиган иш вақтига улгурадими? Тунда ухлолмаган устоз қандай қилиб ўқувчиларга яхши билим бера олиши мумкин?", деб ёзади ўқитувчилардан бири.

Мажбурий меҳнат

Ўзбекистон президентининг Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари лавозимида ишлаётган қизи Саида Мирзиёева 16 май куни Facebook саҳифасида қилган баёнотида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишини баркамол авлодни тарбиялашда энг кўп ташвишга солаётган беш муаммонинг бири сифатида тилга олди.

Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш - иш вақтидан ташқари иш, деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга фақат ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

"Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин.

Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши лозим", - дейилади Ўзбекистон Меҳнат кодексида.

XS
SM
MD
LG