Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Ўқувчисини урган инглиз тили ўқитувчисига ҳайфсан берилди


Ўқувчисини урган инглиз тили ўқитувчисига ҳайфсан берилди Наманган шаҳридаги 43- ўрта мактабда 2 феврал куни 7 синфда дарс бераëтган чоғида ўқувчи қизни калтаклаган инглиз тили муаллимаси З. билан боғлиқ воқеа Наманган вилоят халқ таълим бошқармасида 4 февраль куни кўриб чиқилди.

43- ўрта мактабдаги ўқитувчилардан бирининг Озодликка айтишича¸ мактаб директори Муқаддам Қамбаровага огоҳлантириш берилган. Воқеа айбдори сифатида кўрилган инглиз тили муаллимасига ҳозирча ҳайфсан берилган. Айни макатбда фарзанди ўқийдиган ота-оналардан бирининг Озодликка айтишича¸ мактабдаги ўқувчининг калтаклангани ҳақидаги ота-она шикояти, вилоят ҳокими виртуал қабулхонасига бориб қайтганидан кейин, халқ таълими бошқармасида муҳокама қилинган.

Наманган вилоят ҳокимлиги виртуал қабулхонасидаги исми сир қолишини истаган мулозимнинг Озодликка айтишича, ўқитувчини калтаклаган муаллиманинг иши 14 февралгача бўлган муддатда жиддий кўриб чиқилади:

- Ҳар холда уни ишдан бўшатишса керак. Истасангиз, бизга келган шикоятни ўқиб берай¸ фақат ота-онанинг ва калтакланган ўқувчининг исми ошкор бўлмасин. Демак, мана шикоят: Қизим Наманган шаҳар 43 мактабнинг 7- "И" синфида ўқийди. Қизим чет тили дарсида ўқитувчининг саволига жавоб бера олмагани боис ўқитувчиси уни урибди. Нима ҳаққи бор уришга? Бу ўқитувчига нисбатан чора кўриб беришингизни сўрайман.

Мулозимнинг Озодликка айтишича¸ ўз ўқувчисини урган ўқитувчи масаласи бу йил ҳисобига вилоятда илк маротаба муҳокама қилинмоқда.

43- мактабдаги воқеадан ҳабардор бўлган наманганликлардан бири Озодликка мактуб ëзиб дарс пайтида урилган ўқувчи қиз ҳушидан кетиб қолганини иддао қилди. Наманган вилоят ҳокимлигидаги расмийлар ва 43- мактаб ўқитувчилари бу иддаони Озодлик билан мулоқотда тасдиқламади.

Уларга кўра¸ инглиз тили муаллимаси аччиқ устида дарсини қилмаган ўқувчини бошига китоб билан урган ва қиз ҳеч қандай жиддий жароҳат олмаган.

Ўқувчини жазолаш керакми?

Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментидаги муҳокамаларда кўпчилик ўқувчиларга жисмоний жазо берилишини ëқлаганини кўрамиз. Uforum.uz саҳифасида фикр билдирган юзер Тўлқин Эшбеков “калтаклаб сабоқ беришни” самарали деб билади: “Болалигида кўп жазоланган болалар улғайганида етук инсонларга айланишган. Ҳеч қачон дашном ҳам эшитмаганлар улғайганида хам бир четда "кўринмай" юраверишади...” дея ëзади юзер.

Яна бир юзер Лутфилла Турсунов эса калтаклаб сабоқ бериш “услубини” ўз мисолида тасвирлайди: “Ўзини тута олмаган болани секингина хонамга олиб кирардиму тавбасига таянмагунча дўппослардим. Дўппослагандаям бирор ерига жароҳат етмайдиган қилиб "аввайлабгина" урардим, кейин руҳий тарафдан босим ўтказиб, унинг бошқаларга шикоят қилишининг олдини олардим...”

Форумнинг Нигора Умарова исмли юзери ўқувчиларни калтакламаслик керак, деган озчилик ичида: “Халқимизда урсанг эти қотади, уришсанг бети қотади, деган доно гап бор. Иш тажрибамдан келиб чиққан ҳолда фикримча, ўқувчига унинг камчиликларини дўстона оҳангда ётиғи билан тушунтириш керак”.

XS
SM
MD
LG