Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:55

Урганчда 2 фарзанднинг онаси 9 қаватли бинодан ўзини ташлаб ҳалок бўлди


Хоразм вилоят, Урганч шаҳри маркази
Хоразм вилоят, Урганч шаҳри маркази

Хоразмнинг Урганч шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биноси олдидан 27 ёшли аёлнинг жасади топилди. Гувоҳлар Озодлик билан суҳбатда аёл 1 январь куни жонига қасд қилиб, ўзини шу бинонинг 9-қаватидан ташлаганини айтишди. Аёл нима учун жонига қасд қилгани маълум эмас. Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси юз берган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси ("Ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатига олиб бориш") бўйича жиноят иши қўзғатди.

Фожиа Урганч шаҳри деҳқон бозори ёнидаги тўққиз қаватли турар-жой биносида, 1 январm куни содир бўлган.

27 ёшли аёл шу бинонинг энг юқори қаватидан қулаган ва ҳалок бўлган.

Ҳозирча бу фалокатга нима сабаб бўлганлиги номаълум.

Ҳодисага гувоҳ бўлган урганчлик йигит Озодликка шуларни айтди:

- Кеча (1 январь куни) соат уч яримлар эди. Аёл турар-жой биносининг тўққизинчи қавати деразасидан ўзини ташлаганини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳеч ким уни итариб юбормади. Ўзини ўлдириш учун атайлаб шу бино тепасига чиқиб, ўзини ташлади. Пастга тўққизинчи қаватдан қулаб, биринчи этаждаги подъезднинг эшиги тепасидаги бетон устунга калласи билан тушди, - деди урганчлик йигит.

Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси юз берган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси ("Ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатига олиб бориш") бўйича жиноят иши қўзғатди.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бири мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳалокат мотиви номаълум бўлиб қолаётганини айтди.

- Аёл нима учун буни қилди? Нима учун ўзини ўлдириш холатига тушган? Бу бўйича тергов олиб бориляпти, - дея гапни қисқа қилди мулозим.

Озодлик Урганчдаги 9-қаватли бинодан тушиб ҳалок бўлган аёл икки фарзанднинг онаси М. Ф. эканини аниқлади.

Марҳуманинг қўшниларидан бири Озодлик билан суҳбатда унинг эри икки йил олдин Россияга мардикорликка кетгани, ўзи Урганч деҳқон бозорида тирикчилик қилиб келганини айтди.

- Эри Россиядан пул жўнатиб турган. Ўзи ҳам бозорда сотувчилик қилган. 4 ва 6 ёшли фарзандлари онасиз қолди. Билишимизча, қаттиқ депрессияга тушиб, янги йил куни ичган. Ўзини ўлдириш учун атайлаб тўққиз қаватли бинони тўққизинчи қаватига чиққан ва ўзини подъезд деразасидан ташлаган. У аёл у домда яшамайди, уйи аэропорт ёнида, ўзини ўлдириш учун шу бинога атайлаб борган, - дейди Махфира Фахриддиновани танийдиган қўшниларидан бири.

Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистонда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши соатбай ошмоқда

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши кўпайди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам декабр ойида бўлган ҳукумат мажлисида Ўзбекистонда аёллар ўртасида суиқасд ҳолатлари соат сайин ортаётгани ва келиб тушган мурожаатларнинг 70 фоизи аёлларга тегишли эканлигини таъкидлаган эди.

Президент ўз чиқишида Хотин-қизлар қўмиталари нима иш қилишни билмаётганини ҳам қайд этганди.

- Мана шу тушган ҳамма мурожаатларни 70 фоизи аёлларимиздан келиб тушяпти. Жойларда аёлларнинг аҳволи жуда оғир. Оддий хотин-қизнинг аҳволи қишлоқда, маҳаллада оғир. Биронта район хотин-қизлари қўмиталари ҳали ўзини ишини бажара олмаяпти. Аёлларнинг жонига қасд қилиши соатбай ошяпти. Қани аёллар қўмитасининг таклифи. Улар ўзининг таклифини бериши керак. Нимага бундай бўлди? Ким айбдор? Аёллар муаммоси ҳақида бонг уриш керак!, - деган эди Мирзиёев 22 декабрь кунги чиқишида.

Бундан олдин президент Мирзиёев маҳаллий матбуот бу каби ҳолатларни ёритмаётганини танқид қилганди.

"Нега бирорта мақола ўқимадим, нега чиқишлар қилинмади. Мен сизларга ҳар видеоселекторда тайёр мавзу айтаяпман. Жамоатчилик, мутасаддилар бу мавзуларни нашрларда кўтариб чиқмаяпти", - деган эди Шавкат Мирзиёев октябрь ойидаги селектор мажлисида.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган йили эълон қилган дунё мамлакатларидаги ўлим ҳолатларига доир ҳисоботида Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳар 100 минг кишига 9,2 киши тўғри келиши айтилган.

Ушбу рақам 2010 йилдагига қараганда қарийб 20 фоизга кўпдир.

2010 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишидан 7,0 нафари ўз жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG