Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Товуқ учун банкдан кредит олиб, қарзга ботган эр ўз хотинини сўйиб, ёқиб юборди


Суратнинг Шовотдаги воқеага алоқаси йўқ.
Суратнинг Шовотдаги воқеага алоқаси йўқ.

Хоразмнинг Шовот туманида 36 ёшли эркак ўз турмуш ўртоғини қишлоқ чеккасидаги далага олиб бориб, пичоқлаб ўлдириб, кейин устига бензин сепиб ёқиб юборди. Воқеа 13 ноябрь куни Шовот туманининг Чиғатой қалъа қишлоғида рўй берди. Уч фарзанднинг отаси бундай ваҳший қотилликка қўл урганининг асл сабаби, ҳозирча, маълум эмас.

Марҳумнинг қариндошлари эр-хотин товуқ боқиш учун банкдан кредит олиб, қарзга ботгани ва рўзғор тебратишга қийналган эр шундай қотилликка қўл урган бўлишини назардан соқит қилмаяпти.

Ҳозирда Шовот туман прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

Хоразмнинг Шовот туманида яшовчи уч фарзанднинг отаси Шерзод Сопорбоев ўз турмуш ўртоғи 32 ёшли Назокат Пировани ваҳшийларча ўлдирганликда гумонланмоқда.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, хотинини ўлдириб бўлиб, уйига қайтган эр хотини бўғизлагани ва устига бензин сепиб ёқиб юборганини отасига айтган.

Қотилликда гумонланаётган Шерзоднинг отаси Ражаббой ака Озодлик билан суҳбатда ўғлидан бу сўзларни эшитгач, уни ўз қўли билан туман милициясига олиб бориб топширганини айтди.

- Шу куни Шерзод “мен ҳам қутулдим, сиз ҳам қутулдингиз, ҳозиргина уни ўлдирдим”, - деб келди. “Мени тириклай ерга кўмибсан болам, юр милицияга”, деб уни ўзим туман ички ишлар бўлимига олиб бориб, топшириб келдим. Нимага бу ишни қилганига ҳайронмиз, - деди қотилликда гумонланаётган Шерзод Сопорбоевнинг отаси Ражаббой ака.

Қўшниларининг Озодликка айтишича, эр-хотин ўртасида доим жанжал бўлиб турар эди.

Чиғатой қалъа қишлоғи фаоли Давлатёр Исмоилов ҳам буни тасдиқлайди.

- 4 ноябрь куни келин Назокат аразлаб онасининг уйига кетиб қолган эди. 9 ноябрь куни биз бориб эр-хотинни яраштиришга ҳаракат қилдик. “Икки ўғлинг, бир қизинг бор”, деб тушунтиришга уриндик, фойдаси бўлмади. “У эр билан яшамайман", деб туриб олди. Кейин 13 ноябрь куни мана шу воқеа бўляпти, - деди маҳалла фаоли.

Қотиллик қурбони бўлган Назокат Пированинг амакиси Одилбек эса, эр-хотин ўртасидаги жанжал улар турмуш қурганидан буён давом этиб келгани, Шерзод Сопорбоев ўн йилдан буён хотинига озор бериб келганини айтди.

- Неча марта қайтиб келган бўлса, шунча марта ўзимиз олиб бориб қўшиб келганмиз. Кейин билсак, ўн йилдан бери қизга фақат озор берар экан-да. Эри бурнини уриб синдирган пайтлари ҳам бўлган. Бир ҳафта олдин ҳам қайтиб келган эди. Энди биз олиб борсак бўлмайди, ўзлари олиб олиб кетишсин, дедик. Келишди олиб кетгани. Қиз, яъни бизнинг жиян унамади. У билан яшамайман, деди. Бу эр ҳеч қаерда ишламайди-да. Бизнинг қиз текстил фабрикасида ишларди. Хотинини кафил қилиб, банкдан товуқ боқаман, деб 6 миллион сўм кредит ҳам олди. Қарзга ботди. Охири оила барбод бўлди, - деди Одилбек.

Банкдан товуқ учун 6 миллион қарз

Марҳум Назокат Пированинг яқинлари эр-хотин орасидаги жанжалга оиладаги иқтисодий муаммолар сабаб бўлганини назардан соқит қилишмайди.

Назокатнинг яна бир амакиси Сапарбой Озодлик билан суҳбатда қотиллик рўй берганидан олти ой аввал эр-хотин "Халқ банки"дан товуқ боқиш учун 6 миллион сўмлик имтиёзли кредит олган.

Шерзод Сопорбоев ўзи ишсиз бўлгани сабабли Шовотдаги текстил корхонасида ишлайдиган рафиқасини кредитга кафил қилган.

- Бу эр дегани ҳеч қаерда ишламайди-да. Устига -устак хотинини кафил қилиб банкдан кредит олиб, қарзга ҳам ботяпти. Ҳамма муаммо йиғилиб, йиғилиб мана шу ҳолатга олиб келди, деб ўйлаяпмиз, - деди Сопарбой ака.

Чиғатой қалъа қишлоғи фаоли Давлатёр Исмоилов эр-хотин банкдан кредит олишганини тасдиқлади, лекин оиладаги иқтисодий вазият ваҳший қотилликка етаклайдиган даражада бўлмаганини айтади.

- Шерзод товуқ олиб боқмоқчиман, шунга банкдан имтиёзли кредит олишга тавсиянома беринг, деб келган эди. Мен ёзиб берганман ўшанда. Чунки бу бола товуқни тушунар экан-да. Оилада қийинчилик бўлади. Лекин, бу оила машинаси бор, ҳамма қатори рўзғорини тебратиб юрган хўжалик эди. Нимага бунақа бўлди, тўғриси бошимиз қотиб қолди. Она ўлди, эр қамоқда уч бола етим қоляпти, - деди Давлатёр Исмоилов.

Шовот тумани прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

Сўнгги икки ой ичида Озодлик Ўзбекистонда оилада жанжал оқибатида рўй берган камида тўртта қотиллик ҳақида хабар берди.

Ўтган ой бошида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Август ойиида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

5 октябр куни Андижон шаҳрининг Дехқонобод маҳалласида 59 яшар ота жаҳл устида қизи ва неварасини пичоқлаб ўлдирди ва ўз жонига қасд қилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг "Постда" нашрига кўра, жорий йилнинг 7 ойи ичида оила-турмуш доирасида 105 та қотиллик жинояти содир этилган. Жумладан, 34 та ҳолатда эр хотинининг, бешта ҳолатда эса¸ хотин эрининг жонига қасд қилган. Бошқа ҳолатларда қариндошлар бир-бировининг жонига қасд қилган.

XS
SM
MD
LG