Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:01

Марғилондаги Меҳрибонлик уйида етимларга ажратилган эҳсонлар таланган


Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пуллари талон-тарож қилингани бўйича терговни якунлаб, иш судга оширилганини билдирди. Терговчилар болалар уйида тарбияланувчилар жинсий ва жисмоний эксплуатация қилингани иддаоларини ҳам ўрганиб чиққан, лекин жўяли исбот-далил бўлмагани ва жабрланувчилардан бу борада шикоят тушмагани сабаб бу иш бўйича тергов тўхтатилганини билдиришди.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, 1-сонли Меҳрибонлик уйидаги талончиликлар бўйича прокуратура тергов ишини якунлаб, судга оширган:

- У ерда ҳукумат ва халқаро ташкилотлар тарафидан ажратилган хайр-эҳсон пуллари талон-тарож қилинган. Ҳозир прокуратура бу бўйича терговни якунланиб, Меҳрибонлик уйи собиқ раҳбари ва бир қанча ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси, (Давлат мулкини талон-тарож қилиш) ва 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича жиноят иши очган. Яқин кунларда бу иш судда кўрилиши кутиляпти, - деди мулозим.

Бундан ташқари терговчилар Меҳрибонлик уйида вояга етмаган қизлар фоҳишаликка жалб этилгани ва улардан жинсий хизмат кўрсатишда фойдаланилгани ҳақидаги даъволарни ҳам ўрганиб чиққан.

Лекин, етарли далил-исбот йўқлиги ва жабрланувчилардан бу борада шикоят тушмагани сабаб текширув тўхтаган.

- Бу бўйича тарбияланувчилардан шикоят бўлмагани учун жиноят иши очилмади. Притон очишгани ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлди. Лекин, иш асосан талончиликлар бўйича очилган ва Меҳрибонлик уйи раҳбарлари шу талончилик бўйича жавобгарликка тортиляпти, - деди Фарғона ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозим.

Озодлик ўтган ой Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйининг собиқ раҳбари Камолиддин Орипов ҳамда қаровули қамоққа олингани, Ориповнинг икки муовини, бош ҳисобчи ва ўнга яқин тарбиячи ишдан олиниб, улар устидан жиноят иши очилгани ҳақда хабар берган эди.

Озодлик Марғилондаги Меҳрибонлик уйидаги вазият юзасидан шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбари Гулноза Қаюмовадан кун бўйи изоҳ олишга уринди.

Лекин, Қаюмова мажлисда эканини айтди, кейин телефонни кўтармади.

Ҳозир Меҳрибонлик уйига янги раҳбар тайинланган, янги тарбиячилар ишга олинган.

- Ҳозир болалар уйидаги вазиятни тўлиқ назоратимизга олганмиз, - деди Марғилон шаҳар Халқ таълими бўлими ходимларидан бири.

Ўзбекистон таълим-тарбия масканларида қонунбузарликлар илк бор фош этилаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг феврал ойида Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги болалар боғчаларида тунги пайтларда қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш фаолияти юритганлик ҳолатлари акс этган висдеотасвирларни Озодлик эълон қилган эди.

Видеолавҳада Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги боғчаларнинг кечқурунлари фоҳишахонага айлангани акс этган.

Унда¸ хусусан¸ боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани ҳам кўрсатилади.

Видеотасвирлар Озодликда эълон қилингач, боғча раҳбарлари лавозимидан олиниб, жиноят иши қўзғатилган эди.

XS
SM
MD
LG