Чинозлик молиявий пирамидачи Аҳмад Турсунбоев "иккита қилиб қайтариш" шарти билан гаровга олган юздан зиёд машина эгаларига қайтарилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканали 31 январь куни хабар қилди. “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор” масъулияти чекланган жамиятларнинг муассиси бўлган Аҳмадбой Турсунбоев одамлардан бир йилда икки баробар қилиб қайтариш шарти билан катта маблағларни ноқонуний равишда олиб келганликда айбланиб, 2016 йилда қамоққа олинган эди.
“Ўзбекистон24” телеканали хабарига кўра, Аҳмадбойга гаровга берилган 105та автомобиль 30 январда эгаларига топширилган.
Машинасини қайтариб олганлардан бири телеканалга шундай деди:
- Мени ўғлим Аҳмадбой ҳақида ошналаридан эшитган, қизиқиб қолиб машинасини олиб бориб берган ва шу ерда адашган. Умид қиламан, энди одамлар бунақа аҳмоқликка учмайди. Буёғига ҳаммаси яхши бўлади, - дейди машинасини қайтариб олган сирдарёликлардан бири.
Бир йил аввал қўлга олинган тадбиркор Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳридаги вақтинчалик сақловчи тергов изоляторида ушлаб турилибди.
Халқ орасида Аҳмадбой дея танилган 38 ёшли тадбиркорга пул берган ва олган одамларнинг сони бир неча ўн мингдан кўп экани айтилади.
Ўзини Зарифа деб таништирган аёл Аҳмадбойга 6 минг доллардан ортиқ маблағ бергани, лекин пулларни қайтариб олиш уринишлари натижа бермаётганини айтади.
- Машиналарни қайтариб олишяпти. Чунки, буни исботлаш осон, номеридан билса бўлади. Лекин, пул берганлар ололмаяпти. Чунки, олди-берди ҳужжатлари қайд этилмаган, борлари ҳам йўқолиб кетган, - деди Зарифа Озодлик билан суҳбатда 31 январь куни.
Аҳмадбой аҳолидан қимматбаҳо тақинчоқлар ва автомашиналарни ноқонуний равишда қабул қилиб олгани айтилади.
Лекин, маблағларни олишда тадбиркор ҳеч қандай кафолат хати бермаган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида ўтган йилнинг ёзидан Аҳмадбой чув туширган жабрланувчиларнинг гувоҳлик кўрсатмалари тингланди.
Аҳмадбой устидан суд ҳукми чиққан ёда чиқмагани маълум эмас. “Ўзбекистон24” телеканали хабарида бу ҳақда айтилмади.
Суд жамоатчиликка ёпиқ ўтказилгани боис жараён ҳақида маълумот олиш ҳам имконсиз бўлиб қолмоқда.