Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:02

Жиззахнинг Кўк бозорида ёймачилар солиқчиларга қўл кўтарди


Воқеа жойига шаҳар ҳокими етиб келди ва ёймачилардан бозорни  зудликда тарк этишни сўради.
Воқеа жойига шаҳар ҳокими етиб келди ва ёймачилардан бозорни  зудликда тарк этишни сўради.

Жиззах шаҳридаги Кўк бозорда савдо қилувчи ёймачилар ва солиқ инспекцияси ходимлари ўртасида 23 апрель куни тўқнашув юз берди.

Савдогарлардан бирининг Озодликка айтишича, солиқ инспекцияси ходимлари кўкат ва сут-қатиқ сотиб ўтирган ёймачи (бозор расталарида махсус жойи йўқ савдогар) аёлларни ҳақоратлаб, молини тепкилаб бозордан ҳайдашга урингани оқибатида жанжал келиб чиққан.

Кейин бошқа ёймачилар келиб, солиқчиларга ташланган. Воқеа жойига шаҳар ҳокими етиб келган ва ёймачилардан бозорни зудликда тарк этишни сўраган.

Савдогарлар ҳокимнинг чақириғига кўнмагач, тўқмоқлар билан қуролланган милиция отряди келиб уларни бозордан ҳайдаб чиқарган. ​

Жиззах шаҳар ҳокимлиги мулозими​ воқеани шарҳлар экан, бундан буён бозорларда ёймачиларнинг савдо қилишига рухсат берилмаслигини билдирди.

Жиззахнинг Кўк бозорида беш йилдан бери кўкат сотиб тирикчилик қилиб келган аёл бозордан ҳайдалгач, ўзи ва яна ўнлаб ёймачи шаҳар ҳокимлигига арз қилиб борганини Озодликка айтди.

- Агар ёймачилик энди мумкин бўлмаса, ҳоким бизга иш топиб берсин, деб ҳоким қабулхонасига борсак, у ҳам гапимизга қулоқ осмай, бизни қувиб солди, энди президент идорасига бормоқчимиз, - деди савдогар аёл.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:16 0:00
Бевосита линк

Жиззах шаҳар ҳокимлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда ёймачилар бозордан ҳайдалганини тасдиқлади.

Ёймачиликка энди йўл қўйилмайди!

Исми сир қолишини истаган ҳокимлик мулозими "солиқ тўламасдан савдо-сотиқ фаолияти билан шуғулланадиган ёймачиликка энди бозорларда йўл қўйилмайди", деб айтди.

- Хоҳлаган жойига боришсин, ёймачилик мумкин эмас. Бозорда чиройли дўконларни қуриб берганмиз. Расталар бор. Шу ерга бориб, ойда тўланадиганини тўлаб, савдо қилишса бўладику?! Ўрта асрларда яшаётганимиз йўқ. Уларга ҳеч ким савдо қилма, деяётгани йўқ. Лекин, қонун бор, тартиб бор, шунга амал қилишлари керак, - дейди ҳокимлик мулозими.

Лекин, Озодлик суҳбатлашган ёймачи савдогарлар бозорлардаги жойларнинг ижара нархлари ва тадбиркорликка қўйилган солиқлар юқори бўлгани сабаб, ўзларига ижарага жой олиб, савдо қилиш имконига эга бўлмаётганиликларини айтишди.

Кўпчилик ёймачиларнинг сўзларига қараганда, улар бозорни ташлаб, ишлаб чиқариш корхоналарида ишлашни хоҳлайди.

"Завод-фабрикалар ишламагани учун бунинг иложи йўқ", дейишди улар.

Жиззахдаги Кўк бозорини милиция қўриқламоқда.
Жиззахдаги Кўк бозорини милиция қўриқламоқда.

Иш йўқ, нима қилайлик?

43 ёшли Ҳабиба Абдиева ўн йил Жиззахдаги тикувчилик фабрикасида ишлаган, фабрика касодга учраб, ёпилгач, ишсиз қолгани сабабли ёймачилик қилиб, уч фарзандини боқаётганини айтади.

- Бизнинг дўкон олишга 2 миллион сўмимиз йўқ. Бозорда 68 сантиметр раста бир ойига 1 миллион сўм. Бизлар катта савдогар эмасмиз. Мен кунига эллик боғ кўкат сотаман. Ойига топадиганимиз нари борса 300 минг сўм бўляпти. Шунинг ортидан рўзғоримизни аранг тебратиб келяпмиз. Тирикчигимизни биздан тортиб олмасин. Агар ёймага рухсат бермаса, уч болам оч қолади. Ёлғиз онаман ва менга ўхшаганлар ўнлаб. Беш йилдан бери ишсизман. Кўкат сотаман. Ишсизлик сабаб ҳозир кўпчилик ана шундай кичик савдогарлик билан шуғулланишга мажбур бўляпти, - деди жиззахлик ёймачи савдогар.

Ёймачи келтирган нархлар юзасидан Кўк бозор маъмуриятидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Бундан 4 йил аввал вилоят маркази бозорлари растасидаги жойнинг бир кунлик нархи 1800 сўм қилиб белгилангани ҳақда Озодлик хабар берган эди. Очиқ манбалардан янгироқ маълумот топиб бўлмади.

Жиззах шаҳрида яшовчи 56 ёшли Фароғат ая ҳам бир неча йиллардан бери Кўк бозор олдидаги кўча ёқасида майда-чуйда сотиш билан кун кечиради.

Унинг айтишича, ёймачилик билан шуғулланаётганларнинг аксарияти кўп болали аёллардир.

- Мени катта ўғлим Россияда. Иш йўқлигидан ўша ёқда. Қизим ҳам Қозоғистонга кетаман, деганди. "Кетма, шу ерда менга ёрдам берасан", деб олиб қолдим. Энди бу ишимизга ҳам йўл беришмаяпти, - дейди Фароғат ая.

Бозорни ёймачилардан милиция отряди қўриқламоқда

Кўк бозорда савдо қилувчи савдогарларнинг айтишича, ёймачилар ҳайдаб чиқарилгач, милиция отряди бозорни мунтазам қуриқлашга киришган.

Шунга қарамай бозор атрофларидаги айрим жойларда ёймачиларнинг милиция назоратидан панада савдо қилаётганини учратиш мумкин.

- Солиқчи ёки милиция ходими келиши билан улар ёймасини йиғиштиради. Ман уларни оқламоқчимасман. Лекин, нима бўлгандаям, улар она, бола-чақам, деб тирикчилик қилишяпти. Бугун ҳайдаган билан эртага яна келади", - дейди жиззахлик савдогар.

Ўзбекистоннинг бошқа бозорларидан ҳам ёймачиларни милиция ҳайдагани ҳақида Озодлик илгари хабар берган.

Лекин, бир-икки ой ўтиб ёймачилар бозор атрофини қайтадан ишғол этган эди.

XS
SM
MD
LG