Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

Тошкентда автобус ҳалокатида ўндан ортиқ одам яраланди


Тошкентнинг Бобур кўчасида 26 июл куни маҳаллий вақт 14.50да 11-йўналишда қатновчи автобус йўл четидаги дарахтга бориб урилиши оқибатида олд қаторда ўтирган ўндан зиёд одам жароҳат олди.
Тошкентнинг Бобур кўчасида 26 июл куни маҳаллий вақт 14.50да 11-йўналишда қатновчи автобус йўл четидаги дарахтга бориб урилиши оқибатида олд қаторда ўтирган ўндан зиёд одам жароҳат олди.

Тошкентда ўттизга яқин йўловчини олиб кетаётган автобус дарахтга бориб урилиши оқибатида ўндан ортиқ киши жароҳат олган. Шифокорларга кўра, улардан икки нафарининг аҳволи оғир қолмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент шаҳар бўлимининг мулозими пойтахтнинг Бобур кўчасида 26 июль куни маҳаллий вақт 14.50да 11-йўналишда Аэропорт-Белтепа орасида қатновчи MAN русумли йўловчи автобус йўл четидаги дарахтга бориб урилиши оқибатида олд қаторда ўтирган ўндан зиёд одам жароҳат олганини тасдиқлади.

Кўп ўтмай воқеа жойига ёнғин ўчирувчилари ва тез ёрдам ходимлари гуруҳи етиб келган.

Ўндан ортиқ одам 16-шаҳар касалхонасига олиб кетилган.

Шифокорларга кўра, улардан икки нафарининг аҳволи оғир қолмоқда.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимининг айтишича, ҳодиса сабаблари текширилмоқда.

- Ҳозир ҳеч нарса айтолмаймаз. Нимага бунақа бўлгани текшириляпти, - деди Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозими.

Озодлик суҳбатлашган гувоҳлар ҳайдовчи автобусини бошқариб кетаётган вақтда бошқарувни йўқотиши оқибатида ҳалокат юз берганини айтди.

- 1-сонли ЗАГС олдида бўлди. Шофёр 25 ёшли бола экан. Бошқаролмаган, дейишяпти. Сал-пал тажрибали шофёрларни қўйишса бўладику, - дейди ҳалокатдан кўп ўтмай ҳодиса жойида бўлган пойтахтликлардан бири.

Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчиси рўпарадан келаётган бошқа транспорт воситаси билан тўқнашмасликка ҳаракат қилиб, дарахтга бориб урилган, деган фаразлар илгари сурилмоқда.

Уч кунда икки автобус ҳалокати

Бу сўнгги уч кун ичида Тошкент шаҳрида рўй берган иккинчи автобус ҳалокатидир. 23 июл куни Тошкентнинг Яшнаобод туманида Isuzu русумли автобус ағдарилиб кетиши оқибтида камида етти одам жабрланган эди.

"Роҳат" автосалони олдида содир бўлган ҳалокат ҳам ҳайдовчининг бошқарувни йўқотгани сабаб рўй бергани билдирилганди.

Тошкентда бирин-кетин рўй берган автобус ҳалокатлари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама мавзусига айланди.

Facebookдаги "Водители Ташкента" гуруҳи аъзолари Тошкент автобус хизмати жиддий ислоҳотга муҳтож экани ҳақида ёзмоқда.

- Автобус ҳайдовчилари оддий йўл ҳаракат қоидаларини билмайди. Йўлни у қисмидан бу қисмига ўтганда "поворотник"ни ҳам ёқишмайди. Буни тартибга соладиган одам борми, уларни дастидан йўловчилар жабр кўряпти, - дея изоҳ қолдирди гуруҳнинг Юлдуз Мамажонова исмли фойдаланувчиси.

Озодлик Тошкентдаги автобус ҳалокатлари юзасидан изоҳ сўраб "Тошшаҳартрансхизмат" корхонаси матбуот хизматига мурожаат қилди.

Ўзини корхона раҳбарининг ёрдамчиси деб таништирган мулозим ҳодиса ўрганилаётгани, ҳозирча бу ҳақда изоҳ бераолмаслигини айтди.

Расмий маълумотларга қараганда, “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида 12 мингдан ошиқ ходим ишлайди.

Уюшма 10 дан ошиқ автобус саройи, 2 та трамвай депоси, шунингдек, Тошкент метрополитенини ўз ичига олади.

Жамоат транспорти корхоналари кунига 1,5 миллион атрофида йўловчига хизмат кўрсатади.

XS
SM
MD
LG