Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:10

Сурхондарёда аёллар "бола пули қирқилиши" ҳақидаги таҳдид билан янтоқ чопгани чиқарилди


Ангор туманида аёллар фарзандлари билан янтоқ чопмоқда.
Ангор туманида аёллар фарзандлари билан янтоқ чопмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида 18 август куни аёллар маҳалла раислари ва туман ҳокимининг бола учун бериладиган нафақа пули қирқилиши ҳақидаги таҳдидлари билан ҳашарга олиб чиқилган. Озодлик билан суҳбатда бўлган ангорлик аёллар ҳар ойда оладиган 350 минг сўмлик бола пулидан айрилиб қолмаслик учун кун иссиғида болаларини олиб, кўча тозалашга чиқишга мажбур бўлганликларини айтишди.

Сурхондарё вилояти Ангор тумани Охунбобоев қишлоғида яшовчи олти фарзанднинг онаси 18 август куни уй юмушларини ташлаб, ҳашарга чиққанини айтди.

- Олти болам бор. Кичкиналарини катталарига ташлаб, иккита мактаб ёшидаги болам билан чиқдик. Катта кўчани янтоқдан тозаладик. Болаларим билан бирга кетмон чопдик, бошқа илож йўқ-да, - дейди ангорлик аёл.

Ангор туманида яшовчи уч фарзанднинг онаси бўлган яна бир аёл мактаб ёшидаги ўғли билан янтоқ чопганини айтди.

- Чиқ деса чиқамиз-да. Бошқа ким чиқади. Кичкиналарини қўшнига ташлаб 6 синфда ўқийдиган болам билан янтоқ чопиб қайтдик, - дейди ангорлик аёл.

Охунбобоев қишлоғида яшовчи Эркин Гаппаров Озодлик билан суҳбатда аёллар маҳалла раиси ҳашарга чиқишдан бўйин товлаганларни бола учун берилган нафақаларини қирқиш билан таҳдид қилгани учун ҳашарга чиқишга мажбур бўлганини айтди.

- Фарзандлари икки ёшга тўлмаганларга нафақа пули берилади. Маҳалла раиси болалик аёлларга "нафақани тўхтатаман", деб далага чиқишга мажбурлаяпти. Маҳалла раисини нафақани қирқишга ҳаққи йўқ, лекин аёллар раис билан ёмонлашиб қолмаслик учун чиқяпти-да. Далага ёш болаларини олиб келиб, кетмон чопаяпти. Ёш болалар йўлга югуриб кетса машина уриб кетадику, бу ҳақда ҳеч ким ўйламайди, - дейди Эркин Гаппаров.

Ангор тумани Охунбобоев қишлоқ фуқаролари йиғини раиси Қурбон Жуманазаров Озодлик билан суҳбатда ёш болали аёллар ҳам ҳашарга чиққанини тасдиқлади, лекин уларга бола пули қирқилиши ҳақида таҳдид қилмаганини айтди.

- Бугун ҳашарку, ҳаммани чиқардик кўчага..Болалик аёллардан ҳам ёрдам сўрадик, ҳашар ҳамманикику. Лекин мен бу аёлларга пулни қирқаман деб айтганим йўқ, бунга мени ҳаққим ҳам йўқ, - деди маҳалла раиси Қурбон Жуманазаров.

Ўзбекистонда давлат ишчиларию уйда ўтирган нафақахўр ёки уй бекаларининг қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий ҳолга айланган.

Мазкур ҳолат эса, Ғарб давлатлари ва кўплаб халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари томонидан мажбурий меҳнат сифатида танқид қилиб келинади.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов видеосектор йиғилишида ҳашарни мажбурий меҳнатга тенглаштирмаслик керак, деб билдирган эди.

Бош вазирга кўра, бундай ҳашарларни ўтказишдан мақсад фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини оширишдан иборат.

"Улар шаҳарни тозалаш билан шуғуллансин, демоқчи эмасман… Европада, масалан ёш болалар кичкиналигидан ифлослантирмаслик кераклиги, табиатни асраш лозимлигини англаб етишлари учун чиқарилади. Фуқароларимизни ҳам шундай ғоялар билан ҳашарга жалб қилиш керак", — деган эди бош вазир 14 август кунги ҳукумат мажлисида.

Абдулла Арипов ўз чиқишида ҳашар ўтказилаётган жойларни тасвирга олиб, буни мажбурий меҳнатга тенглаштирувчи "мухолиф нашрлар"ни ҳам танқид қилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси август ойини ободонлаштириш ойи деб эълон қилган ва бунинг ортидан 18-19 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилиши эълон қилинди.

Мазкур ҳашардан тушган маблағлар ва бир кунлик иш ҳақлари “Маҳалла” хайрия жамғармасига ўтказилиши билдирилди.

XS
SM
MD
LG