Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:15

Прокуратура 8-синф ўқувчиси ўзини осгани юзасидан жиноят иши қўзғади


Tajikistan - illustration photo - loop
Tajikistan - illustration photo - loop

Қашқадарё вилояти Қарши тумани прокуратураси Бешкент шаҳри “Дўстлик” маҳалласида 15 ёшли мактаб ўқувчиси ўзини осгани юзасидан жиноят иши очди. Бешкент шаҳридаги 63-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Мирафзал Абдурашидов 2 ноябрь куни ўз уйида осилган ҳолда топилгани ҳақда Озодлик 6 ноябрь куни хабар берган эди.

Мирафзалнинг отаси Жаҳонгир Абдурашидов Озодлик билан суҳбатда ўғлининг мактабда изза қилингани ортидан ўзини ўлдирганини иддао қилганди.

Абдурашидовга кўра, ўзини осишидан олдин ўғли мактаб директори муовини ва синф раҳбари бир ой олдин бошқа ўқувчилар олдида изза қилгани, ўқувчиларга юзига тупуртирганини айтиб берган ва бу воқеа ортидан қаттиқ руҳий тушкунликда яшаган.

63-сонли мактаб директори Дилором Турсунова Озодлик билан суҳбатда 8-синф ўқувчисининг изза қилингани ҳақидаги унинг отаси иддаоларини рад қилганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, мактаб ўқувчиси ўзини осгани юзасидан 2018 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди, ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганлик бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Жиноят иши тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани халқ таълими бўлимига, вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссиясига, туман ички ишлар бўлимига, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва Ёшлар иттифоқи туман кенгашига хизмат текширувлари тайинланган”, -- дейилади. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати билдирувида.

Озодликка маълум бўлишича Мирафзал Абдурашидов ўлими ортидан у ўқиган 63-сонли мактаб директори муовини ва синф раҳбари ишдан бўшатилган.

Дилором Турсунова улар ўз аризаси билан ишдан кетганини тасдиқлади.

Қашқадарёдаги масъул идоралар вакиллари олдинига ўқувчи ўз жонига қасд қилганини рад этишга уринганди.

Қарши тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати бўйича муовини мактаб ўқувчисининг ўлимидан хабари борлиги, лекин у ўзини осмаганини айтган.

Қарши туман Халқ таълими бўлими раҳбари эса Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйган эди.

2017 йил 13 июнь куни Ўзбекистон Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилиб, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ва унга ундаш учун жазо кучайтирилди.

Ўзгартиришларга кўра, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ёки унга пўписа, шафқатсиз муносабат ёки шахснинг шаъни ёхуд қадр-қимматини тизимли равишда камситиш орқали таҳдид қилиш 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, мазкур ҳаракатларни вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет тармоғидан фойдаланиб содир этилса – етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG