Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Мирзиёев илк бор БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлайди


Ўзбекистон чорак асрдан сўнг илк бор БМТ минбаридан дунё
ҳамжамиятига янги президент Шавкат Мирзиёев қиёфасида тақдим
этилмоқда. Бу халқаро ҳамжамиятга янгиланаётган Ўзбекистонни
таништириш учун қулай имконият сифатида кўрилмоқда.
Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳга кўра, Президент Мирзиёев бу имкониятдан самарали фойдаланиши керак. АҚШга йўл олган Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош ассамблеяси сессиясида маъруза қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Президент Мирзиёев 18- 20-сентябр кунлари бўлиб ўтадиган АҚШ сафари давомида БМТ Бош ассамблеяси мажлисида нутқ сўзлайди.

Президент АҚШда БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш, Халқаро валюта
жамғармаси директори Кристиан Лагард, Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ён Ким билан музокаралар ўтказади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Америка-Ўзбекистон бизнес форумида қатнашиши, форум якунларига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ корхоналари ўртасида йирик шартномалар имзоланиши кутилаётгани хабар қилинмоқда.

Ўтган йил президентликка келган Шавкат Мирзиёев илк бор БМТ Бош
ассамблеяси мажлисида қатнашмоқда; чорак аср давомида Ўзбекистонни бу минбардан марҳум президент Ислом Каримов тақдим этиб келган.

БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон биринчи марта дунё ҳамжамиятига янги раҳбар Шавкат Мирзиёев қиёфасида тақдим этилади.

Айнан шунинг учун ҳам Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамжамиятга
қаратилган илк чиқиши, нималар ҳақида гапириши муҳим кўрилмоқда.

Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Президент
Шавкат Мирзиёев дунё ҳамжамиятига янгиланаётган Ўзбекистонни
тақдим этиш имкониятидан самарали фойдаланиши керак.
“Ҳозир дунйода Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга нисбатан қизиқиш бор. Айниқса, Каримов давридаги 27 йиллик репрессив сиёсат, 27 йиллик турғунликдан кейин Мирзиёев қилаётган ишлар, жараён умидли кўринмоқда. Ғарб давлатлари ҳам Ўзбекистонга айнан шундай умид остида қизиқиш билан қарамоқда, бу эътибор кун сайин ошиб боряпти. Мирзиёевнинг БМТдаги чиқиши шу қизиқишни озиқлантирадиган ғоя билан шакллантирилса, дунё давлатларининг Ўзбекистонга, шунингдек, президент Мирзиёев шахсига нисбатан қизиқиши янада кучаяди. Бу эса ўзбек халқи учун ҳам яхши бўлади. Мен ўйлайманки, Мирзиёевнинг ақли бунга етади, шунга яраша чиқиш қилади; фақат ваъда бериб, кейин унутиладиган шаклда эмас”, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан қиладиган маърузаси тафсилотлари аниқ эмас, аммо Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, амалга оширилган ислоҳотлар, режадаги истиқболлар, ташқи сиёсатдаги устувор йўналишлар ҳақида, шунингдек, минтақадаги экологик вазият, сувдан фойдаланиш масаласига ҳам тўхтаб ўтиши мумкин.

“Бу Мирзиёевнинг БМТга биринчи ташрифи, биринчи чиқиши. Шунга
яраша, албатта, тайёргарлик кўрган. Ҳозир Ўзбекистоннинг янги раҳбарини сиёсати ҳақида кўп гапирилмоқда, турли фикрлар билдирилмоқда, умумиятла, мусбат таассурот. Албатта, бундан илҳомланган Мирзиёев нималар ҳақида гапиради, буни ҳали кўрамиз. Аммо ҳозиргача бўлган ўзгаришлар биз кутган даражада бўлмаса-да, умидлар йўқолмаган, Мирзиёевнинг чиқиши шу умидларни инобатга олади, деб яна умид қиляпмиз. Албатта, Мирзиёев
ҳозиргача қилган ишлари ҳақида қисқа ҳисобот бериши ҳам мумкин, лекин бу нафақат менинг фикрим, бошқа сиёсатчиларнинг қарашига кўра ҳам, Ўзбекистонда ҳали сиёсий ислоҳотлар бошланмади”, - дейди Муҳаммад Солиҳ.

Президентнинг АҚШга сафари нафақат сиёсий аҳамиятга молик, балки Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки раҳбарлари билан кутилаётган музокаралар, АҚШ-Ўзбекистон тадбиркорларининг бизнес форумидаги иштироки назарга олинса, Мирзиёев йирик молиявий шартномаларни ҳам режалаётгани эҳтимоли юқори.

“Бу ташриф сиёсий ташриф. Албатта, бунинг иқтисодий томонлари ҳам бор. Аммо Ғарбнинг иқтисодиётини жалб этиш учун нафақат иқтисодий, балки сиёсий ислоҳотлар муҳим. Ғарб ўз тарихидан, тажрибасидан иқтисодий имкониятлар сиёсий ислоҳотларсиз ишламаслигини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам Ғарб параллел равишда олиб борилган ислоҳотларгагина иқтисодий ётиримлар киритади. Буни Ўзбекистон раҳбарияти яхши тушуниши керак, мана иқтисодий ислоҳотлар қиляпмиз, эшикларни очяпмиз, тадбиркорларга имконият беряпмиз деган гаплар, сиёсий платформадаги ислоҳотлар билан
дастакланмаса, бунга ишонадиганлар кам топилади”, - дейди Муҳаммад
Солиҳ.

Мирзиёев сафари давомида АҚШдаги ўзбек жамоатчилиги вакиллари билан ҳам учрашув ўтказиши режаланган.

"Америка овози"дан

XS
SM
MD
LG