Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:10

Мирзиёев врачларни малакасизлик ва масъулиятсизликда яна айблади


Президент Мирзиёев 18 октябрь куни тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишлаб ўтказган селектор йиғилишида тиббиёт ходимларини яна бир бор малакасизлик ва масъулиятсизликда айблар экан, 2022 йилгача соҳа мутахассислари фаолиятини лицензиялаш тизими жорий этилишини билдирди.

President.uz сайтининг йиғилиш тўғрисидаги ҳисоботида Президент тиббиёт ходимларининг социал-иқтисодий муаммоларига тўхталгани тўғрисида маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиёев ўтказган селектор йиғилишида Президент Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ва Бош вазир ўринбосари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

10 ойда 3 марта “тиббий мажлис”

President.uz сайти Ўзбекистон раҳбари жорий йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш масаласига бағишлаб уч марта видеоселектор йиғилиши ўтказганини эслади.

Бу йиғилишларда “тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш, одамларда ҳақли эътироз уйғотаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, шу йўналишда амалга оширилаётган дастурлар ижроси атрофлича кўриб чиқилди”, деб ёзди Ўзбекистон раҳбари расмий сайти.

Президент асосий эътиборни нималарга қаратди?

Шавкат Мирзиёевга кўра, “аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, бирламчи тиббиёт тизимини янада яхшилаш, хусусий сектор ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни янада ривожлантириш” борасида ҳали кўп иш қилиниши керак.

Вилоятларда аҳвол яхши эмас

Президент йиғилишда “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада эмаслиги олдимизда турган долзарб муаммолардан бири, тан олиш керак, ҳудудлардан юқори технологик тиббий ёрдам олиш учун Тошкент шаҳрига келиш аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда”, деган.

"Врачлар десанти"

Йиғилиш тўғрисидаги Президент сайти хабарида айтилишича, вилоятларга Тошкентдан 134 врач кетган.

Ҳудудлардаги “муаммоларни бартараф этиш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислардан 134 номзод танлаб олингани қайд этилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларига, жумладан, болалар шифохоналари, эндокринология, кардиология, силга қарши, тери-таносил диспансерлари, онкология маркази филиаллари, юқумли касалликлар шифохоналарига ишлаш учун юборилди”, дейилган хабарда.

Врачлар вилоятларга кетишга мажбурланганини айтган эди

Озодлик ўз вақтида бу мавзуни ёритган эди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов республиканинг барча вилоят марказларидаги вилоят шифохоналари бош врачлари ўрнига пойтахт Тошкентдаги республика марказий шифохоналарида бўлим мудири бўлиб ишлаётганлар тайинланишини айтгани тўғрисида хабар қилгандик. Ўшанда Озодлик билан суҳбатлашган врачлар вилоятларга мажбур жўнатилаётгани тўғрисида айтган эди.

“Тез ёрдам” – оғриқли хизмат

“Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири – бу тез тиббий ёрдам хизмати билан боғлиқ. Бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Транспорт воситалари ҳали етарли эмас, дори-дармон таъминотида узилишлар мавжуд”, деган Президент.

Айтилишича, мамлакат бўйлаб 2016 йилда 806 тез тиббий ёрдам станцияси ва кичик станцияси бор эди. 2017 йилда бу кўрсаткич 2 минг 100 дан ошган.

Чет элдан қайтаётган врачлар ҳам бор

“Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ватандошимиз юртимизга қайтарилди”, дейилган хабарда.

Ўзбекистонда 3 минг 860 та хусусий тиббиёт муассасаси бор

"Ўтган 9 ой мобайнида хусусий тиббиёт муассасалари яна 400 дан зиёдга кўпайиб, уларнинг сони 3 минг 860 дан ошгани хусусий тиббиёт муассасаларига берилаётган кенг имтиёз ва преференциялар самарасидир”, дейилган хабарда.

Хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий ихтисослик турлари 50 тадан 126 тага кўпайтирилди.

"Ўзбекча" дорилар

Президент ўтказган йиғилишда маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан 2 минг 300 дан ортиқ турда дори ишлаб чиқарилаётгани, фармацевтика маҳсулоти экспортини 40 фоизга оширишга эришилгани айтилди.

Малакасиз ва масъулиятсиз врачлар?

“Йиғилишда тиббиёт ходимларининг малакаси ва шахсий масъулияти масаласи жиддий танқид қилинди. Соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг давлат ва хусусий секторидаги барча мутахассислар фаолиятини лицензиялаш тизимини татбиқ этиш назарда тутилган”, дейилган president.uz сайти хабарида.

Йил бошидаги мажлис

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакилари билан жорий йил 5 январида учрашган эди. Ўшанда у виртуал қабулхонага тиббиёт соҳасига оид 7 мингта шикоят келиб тушганини айтган.

Мирзиёев малакали мутахассисларнинг етишмаслиги, жойларда тиббий кўрикларнинг номигагина ўтказилиши ортидан соғлиқни сақлаш хизматининг сифати кўнгилдагидай бўлмаётгани тўғрисида гапирган, “бугун халқ бу хизмат сифатидан рози, дея олмаймиз”, деган эди Мирзиёев.

Врачнинг дўсти Президентга ғойибона эътироз билдирди

President.uz сайтининг 18 октябрда ўтказилган йиғилиш тўғрисидаги ҳисоботида Президент тиббиёт ходимларининг социал-иқтисодий муаммоларига тўхталгани тўғрисида маълумот йўқ. Озодликка тиббиёт ходимларидан келаётган келаётган хатлардан, камида, “уларгаям ҳавас қилиб бўлмас экан”, деган ҳис қолади.

Эътиборингизга шу мавзудаги энг сўнгги хатлардан бирини ҳавола қилмоқчимиз. Хат мазмунидан унинг муаллифи куни кеча поездда Тошкент вилоятига пахта теримига олиб кетилган врачнинг дўстидир.

Эълон қилишимизга исми сир қолиши шарти билан розилик берган муаллиф матнини, мазмунига путур етказмаган ҳолда, жузъий қисқартириб бераяпмиз.

"Ассалому алайкум.

Булар хақда умуман ёзишни, ҳатто ўйлашни ҳам хоҳламагандим.

Лекин охирги воқеалар шунга мажбур қилмоқда.

Нега ҳамма жойда врачларга қарши фикр бору лекин врачлар томонидан уларга қарши фикр йўқ?

Бу, менимча, врачлар ўзлари айбдорлиги учун "жим", дегани эмас.

Балки, врачлар фикрловчи инсонлардир? Улар вазиятни таҳлил қила олишар, шунинг учун жавоб йўқдир?

Кеча бир гуруҳ врачларни мажбуран "қаёққадир" пахта теримига олиб кетишди.

Врачнинг айтишича, ваъда қилинган 500 000 минг пул йўқ, обший вагон, ёғоч скамейкалар орқасини шилворган, хаво йўқ, жой йўқ, шовқин, қорин оч ҳолатда 12 соат йўл юриб, соат 4:10 да Бекободга етиб боришган. 5:25 бўлганда хам хеч ким кутиб олмаган, ҳеч ким “ит келдими, эшак келдими” демаган.

“Ёмғирдан қочиб, дарахт тагида ўтирибмиз”, деди врач танишим.

“Ҳаводан цемент ҳиди анқиб турибди, падарига лаънат, агар аризангни ёз деса, ёзворардим, ўзимга хўрлигим келяпти”, деди.

Одамга алам қилади. Ахир ўша врач эртага онангизни, отангизни ёки болангизни ўлимдан сақлаб қолиши мумкин-ку?!

Тиббиётда касалликнинг асл сабабини йўқотмасдан туриб, уни даволаб бўлмайди, дейишади.

Хўш, асл сабаб нима экан, деб кимдир ўйлаб кўрдими?!

10 йил контрактда ўқиган врачнинг ота онасининг, қолаверса, ўзининг орзу-ҳаваси йўқми?!

Мамлакатимиздаги энг билимли болаларимиз айнан тиббиёт институтларига киришади, ҳўш биз уларни ўқитиб нимага эришамиз?!

Ойлиги 600-700 минг бўлган врач ишхонасига пахта, қоғоз, форма, пақир сотиб олади, металлолом топширади, газетага обуна бўлади, пахта теримида, маҳалла гузари қурилишида ишлайди, кунлик дорилар, ишхонасидаги тиббий жиҳозларни ўзининг нақд пулига сотиб олади ва буни кўпчилик билади.

Хўш врачлар шунга лойиқми?!

Балки масалани бошқа томондан кўриб чиқиш вақти келгандир?

Агар шу кетишда давом этсак, эртага ким врач бўлишни хоҳлайди ва нимага эришамиз?

Врачларни ўз иш жойида қолаётганининг ягона сабаби улар ўз касбини яхши кўриши, ўз касбига содиқлиги ва ота онасининг орзу-ҳаваси холос".

XS
SM
MD
LG