Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:07

Маданий мерос агентлиги: Хивадаги меҳмонхона қурилиши лойиҳаси ЮНЕСКО қарорини кутмоқда


Хивада қурилиши режалаштирилган Mercur меҳмонхонасининг ташқи кўриниши.
Хивада қурилиши режалаштирилган Mercur меҳмонхонасининг ташқи кўриниши.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси умумжаҳон тарихий мероси ҳисобланган кўҳна Хива шаҳрида зиддиятли меҳмонхона қурилиши лойиҳасига комиссия Бош котиби Гаянэ Умерова "бош-қош бўлаётгани"ни рад этмоқда.

Озодликка йўлланган раддияда "Комиссия котибияти Низомга
ва Конвенцияга мувофиқ “KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP” МЧЖнинг
2022 йил 16 августдаги №19-сон мурожаатини (илова қилинади) ўрганиб чиқиб, барча ҳужжатлар тўғрилиги текширилгандан сўнггина Ташқи ишлар вазирлиги орқали ЮНЕСКО ташкилотига мехмонхона лойиҳасини белгиланган тартибда кўриб чиқиш бўйича мурожаат йўллагани" айтилади.

Унда билдирилишича, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси марказидан ҳозиргача мурожаат юзасидан жавоб хати олинмаган.

ЮНЕСКО ушбу лойиҳа юзасидан Озодликнинг мурожаатига ҳам ҳозирча жавоб бергани йўқ. Бу борада бирон қарор олинган ёки олинмагани номаълум.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган экспертларга кўра, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамда Маданий мерос агентлигининг жавоблари лойиҳа билан боғлиқ хавотирларни аритмайди.

Янги меҳмонхона Хива қиëфасини бузиб¸ Умумжаҳон мероси мақомига доғ тушириши айтилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:53 0:00

Уларга кўра, шаҳарда қурилиши режаланаётган бу меҳмонхона Хивани нафақат ўзига хослигидан маҳрум қилиши, балки умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчирилиш таҳдидлари остида қолдириши мумкин.

Қадимий Хива одамлар тарихий изчилликда узлуксиз яшайдиган навқирон шаҳар сифатида ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига кирган шаҳар.

“Аccоr” ширкатига кўра, Урганч аэропортидан 30 дақиқалик, Хива темир йўл вокзалидан эса 10 дақиқалик масофада бўладиган Mercure меҳмонхонаси Хиванинг Ичан Қалъасига яқин жойда, шаҳарнинг қоқ марказида жойлашуви билан сайёҳлар учун қулайлик яратади.

Хивадаги Mercure меҳмонхонаси 146 хонадан иборат 2 қаватли бўлиши режаланган.
Хивадаги Mercure меҳмонхонаси 146 хонадан иборат 2 қаватли бўлиши режаланган.

8 минг квадрат метр ер майдонига эга меҳмонхона қурилиши учун Хиванинг ЮНЕСКО муҳофазасидаги буфер зонада жойлашган “Мевастон” маҳалласи ҳудуди танланди.

Буфер зона бу умумжаҳон маданий мерос объектини сақлаш ва унинг атрофидаги тарихий шаҳар ландшафтлари ва бошқа ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўп босқичли комплекс бошқарувни таъминлайдиган ва шаҳарнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга оладиган мувозанатли архитектура тизимдир.

Бу ҳудудда ЮНЕСКО розилигисиз қурилиш ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас.

Беш йил аввал "Мевастон" маҳалласида қадимий лойсувоқ уйлар қирчумолилар, яъни термит еб битиряпти, деган важ билан бузиб ташланди.

Маҳалла аҳолиси Хива чеккасидаги Қасмаобод шаҳарчасига кўчирилди.

Хиванинг ЮНЕСКО муҳофазасидаги буфер зонада меҳмонхона қурилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:36 0:00

Ўзбекистон Маданий мерос агентлигига яқин манбанинг Озодликка айтишича, янги қурилажак меҳмонхона Хивани Умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчирилиш таҳдиди остида қолдириши мумкин.

"Бизга маълумки, ушбу ҳудуддаги аҳолининг тарихий турар-жой уйлари қирчумоли термит мавжуд, дея бузиб ташланган. Бу тозаланган ҳудудда эса, 4 юлдузли замонавий меҳмонхона қурилмоқчи. Бу ЮНЕСКО конвенцияси мантиғи ва руҳига зид қарор. Агар ҳудуддаги уйлар қирчумоли бор, дея бузилган бўлса, айни уйлар айнан қайтадан ўз ўлчамида тиклаб қўйилиши керак. (Бу уйлар ўз вақтида обмер қилинган¸ фото ва кино ҳужжатларда мухрланган). Хива шунчаки меъморият музейи эмас, балки музей-шаҳардир. Қачонки, шаҳарда одамлар яшасагина у тирик бўлади. Термит баҳонасида одамларнинг уйлари тортиб олиниб ўрнига туристик бизнес иншоотлари ва замонавий меҳмонхона қуриш Хиванинг шаҳар-музей салоҳиятини пасайтириб, йўққа чиқаради".

Лойиҳани президент маъқуллаган, ЮНЕСКОчи?

Лойиҳани амалга ошираётган “KAZ DEVELOPMENT INVEST” МЧЖ вакиллари уйларнинг бузилиши меҳмонхона қурилишига боғлиқ эмаслиги, барча қурилиш ишлари ЮНЕСКО билан муҳокама қилиниб¸ улар билан мувофиқлаштирилаëтганини иддао қилдилар.

“KAZ DEVELOPMENT INVEST” МЧЖ раҳбари Икром Мадалиев Озодликка меҳмонхона қурилиши ЮНЕСКО талаби асосида амалга оширилаётганини айтди.

“Проектини жўнатганмиз, ЮНЕСКОни талабларига қараб баландлиги, фасадлари ҳамма параметрлари инобатга олиниб қилинган проект. Баландлиги 9 метрдан баланд бўлмасин, деб берган. Шунга 7 ярим 8 метр баландликда бўлади. ЮНЕСКОни талаби бўйича тўрт марта ўзгартириб қиляпмиз лойиҳани”, - дейди Мадалиев.

Озодлик очиқ маълумотлар базасидан "KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP" МЧЖ 2018 йилнинг июль ойида 446 миллион 417 минг 700 сўм ( қарийб 40 минг АҚШ доллари) миқдоридаги устав капитали билан рўйхатга олинганини аниқлади.

Яъни ширкат Хивадаги меҳмонхона қурилиши унга берилишидан сал олдин рўйхатга олинганини кўриш мумкин.

Ширкат манзили ҳам ҳужжатда Хива шаҳри Мевастон маҳалласи экани кўрсатилган.

Давлат реестридан олинган ҳужжатга кўра, "KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP" МЧЖ 2018 йилда ташкил этилган. Манзили Хива шаҳрида .
Давлат реестридан олинган ҳужжатга кўра, "KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP" МЧЖ 2018 йилда ташкил этилган. Манзили Хива шаҳрида .

Меҳмонхона қурилиши учун ер участкаси нима асосда айнан “KAZ DEVELOPMENT INVEST GROUP” МЧЖга нега бепул, тендер ёки аукционсиз берилган?

Бу компаниянинг тарихий зонада қурилиш ишлари билан боғлиқ қандай тажрибаси бор?

Озодлик бу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон Маданий мерос агентлигига мурожаат қилди.

Агентликнинг Озодликка юборган жавобида айтилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил, ноябрь ойидаги Хоразм вилоятига ташрифи пайтида меҳмонхона қурилиши лойиҳаси тақдимоти ўтказилган ва Президент томонидан ушбу лойиҳа маъқулланган.

“Kaz Development Invest Group” МЧЖ ХК томонидан биринчи босчиқда
146 хона, 292 ўринли меҳмонхона ва 120 ўринли ресторан ҳамда иккинчи босқичда 100 хона, 200 ўринли меҳмонхона ва 200 ўринли ресторан ташкил қилиш лойихасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, лойиҳа доирасида 25,0 млн. (йигирма беш миллион) АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши орқали 250 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Маълумот учун: Ўша даврда шаҳар (туман) хокимлиги томонидан ажратиладиган ер майдонлари аукционсиз ва тендерсиз беғараз мақсадда инвестиция киритиш шартлари билан ажратиб бериш ҳуқуқига эга бўлган.
Ер майдонларини аукцион орқали бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳқамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарорига мувофиқ жорий қилинган".

Ўзбекистон Маданий мерос агентлигига кўра, “ACCOR GROUP” компанияси билан шартнома имзолаган ва ушбу келишувга асосан меҳмонхона “MERCURE ACCOR GROUP” томонидан бошқарилади. Лойиҳага 25,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.

"Бу ўз ўрнида туристлар оқимини кўпайтиришга ва уларнинг ушбу ҳудудда бўлиш муддатларини узайтиришга имкон беради ва тақдим этилаётган хизматлар сифатини халқаро стандартларга олиб чиқади", дейилади Ўзбекистон Маданий мерос агентлигининг Озодликка йўллаган расмий жавобида.

Меҳмонхона қурилиши лойиҳаси 2018 йилда тасдиқланган, лекин ҳануз у ерда ҳеч нарса қурилмаган.

Қонунчилик бўйича 2 йил давомида ҳеч нарса қилинмаса, ер давлат (ҳокимият) захирасига кайтарилиши лозим. Аммо қайтарилмаган. Маданий мерос агентлиги буни ўтган вақт давомида МЧЖ ҳудудда муайян ишларни амалга оширгани билан изоҳламоқда.

“Kaz Development Invest Group” МЧЖ ХК томонидан 2018-2021 йиллар мобайнида 500 минг (беш юз минг) АҚШ долларига яқин инвестиция маблағлари жалб қилиниб ушбу ажратилган ер майдонида босқичма босқич геодезия, геология, археология, топосъемка ҳамда лойиҳачи корхоналарни танлаш, хорижий лойиҳачи корхоналарни жалб қилиш, қурилиш-монтаж лойиҳаларни ишлаб чиқиш ишлари ва ер майдонини қурилиш ишларига тайёрлаш, олдин бузилган уй-жойларни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш ва ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг бутун жаҳон маданий мерос маркази билан келишиш борасида ишлари амалга оширилди, - дея билдирди Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги.

Агентликнинг билдиришича, Kaz Development Invest Group” МЧЖ томонидан тайёрланган лойиҳани тасдиқлатиш кўп вақт талаб қилган. Агентликка кўра, ҳозирда қурилиш объекти буфер зонада бўлганлиги сабабли лойиҳа ЮНЕСКО қарорини кутилмоқда.

Ўзбекистон умумжаҳон мероси бўйича қабул қилинган халқаро қонун – 1972 йилги ЮНЕСКО конвенциясига қўшилган. Конвенциянинг амалий йўриқнома қисмида, агар аъзо давлат тарихий обидаларга тегишли бирор лойиҳани амалга оширмоқчи бўлса¸ ЮНЕСКОнинг ҳукуматлараро қарор чиқарувчи органи - Умумжаҳон мероси қўмитасини хабардор қилиши лозим¸ дейилади.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котибининг Умумжаҳон мероси маркази раҳбарига хати.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котибининг Умумжаҳон мероси маркази раҳбарига хати.

ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси маркази ҳозирча Озодликнинг Хивада меҳмонхона қурилишига розилик берилганми, деган саволига жавоб бергани йўқ.

ЮНЕСКО ҳимоясидаги шаҳар

Хива дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, 2500 йиллик тарихга эга.

1968 йили Хива Марказий Осиëда биринчи мартда ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мероси рўйхатига одамлар тарихий изчилликда узлуксиз яшаëтган қадимий шаҳар сифатида киритилганди.

Бу рўйхатга киритилган обида ва шаҳарларни сақлаб қолиш¸ консервация ва реставрация қилишга Умумжаҳон мероси жамғармасидан маблағ ажратилади¸ бу жараëнга улар мутахассислари жалб қилинади.

Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилишга оид 1972 йилги халқаро конвенцияни ратификация қилган давлат сифатида Ўзбекистон¸ ЮНЕСКО томонидан белгиланган тарихий ҳудуд ва буфер зонада бирор таъмир ëки қурилиш қилишдан олдин¸ ЮНЕСКОнинг Парижда жойлашган Умумжаҳон мероси маркази билан мувофиқлаштириши лозим.

Хива: Мозий билан юзлашганда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:58 0:00

ЮНЕСКО дунëнинг 67 давлати ҳудудида жойлашган 220 дан ошиқ тарихий обидани Умумжаҳон мероси рўйхатига киритган.

Бундай обидалар жойлашгган ҳудуддар ва ё буфер ҳудудларда таъмир ва янги лойиҳалар¸ ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан 1972 йилги конвенция шартларига мос амалга оширилиши лозим.

2018 йилда Ўзбекистоннинг Шаҳрисабзнинг тарихий қисмининг ҳаддан зиëд реставрация қилингани ва замонавий қурилишлар боис бу қадимий шаҳарни ЮНЕСКО сессиясида Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариш масаласи кўтарилганди.

Ташкилотнинг Баҳрайнда ўтган йиғинида Ўзбекистон ҳукуматининг "тарихий объектларни сақлаб қолиш бўйича ишлар тубдан кучайтирилиши" ҳақидаги ваъдалари ортидан Шаҳрисабз ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатида қолди.

"Хива бошига Шахрисабз фожиаси тушмаслиги учун ҳам Мевастон ҳудудидаги меҳмонхона қурилиши тўхтатилиши керак. Шаҳрисабздаги коррупционер раҳбарлар айби билан шаҳардаги оддий аҳоли уйлари¸ кўприк¸ тегирмон ва ландшафт йўқ қилиниб, фақат бир-иккита сарой қолдиқларигина қолгани ортидан Шаҳрисабзнинг тарихий қиёфаси йўққа чиққан эди. Хива тарихий марказидан атиги бир неча километр узоқликда Қорақум саҳроси бор. Бу саҳродан Хива бутун гўзаллиги билан кўриниб туради. Бу саҳрода замонавий туристик марказ ва меҳмонхоналар қурса, мақсадга мувофиқ бўлади", - дейди Озодликка исмини очиқламаслик шарти билан гапирган лойиҳадан хабардор ўзбекистонлик эксперт.

Бундан олдин Бухоро шаҳридаги буфер ҳудудда туристик марказ қурилиши жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.

13 январь куни бухороликлар марказ қурилишидан норози бўлиб, президентга мурожаат йўллашган.

Мурожаатда аҳоли Бухоро шаҳри қоқ марказида 2023 йилда туризм маркази қурилиши доирасида шаҳарнинг Иброҳим Мўминов ва Мустақиллик кўчалари ўқи атрофидаги барча бино ва иншоотлар, жумладан, катта спорт мажмуаси ҳам бузилишидан норозилик билдирган.

Туристик марказ қурилиши учун танланган дастлабки ер майдони Бухоронинг тарихий марказининг буфер ҳудудида жойлашган, шу боис ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватламаган. Маданий мерос агентлигининг ҳукуматга эслатишича, ушбу соҳадаги ҳар қандай лойиҳа агентлик ва ЮНЕСКО билан келишилиши керак.

Норозилик ортидан бизнес-марказ қурилиши бошқа ҳудудга кўчирилди.

Форум

XS
SM
MD
LG