Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

ДХХ тергов қилаётган “Kompromatuzb иши” доирасида журналист Мавжуда Мирзаева қамоққа олинди


Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинганидан тўрт кун ўтиб ҳануз расмий маълумот берилгани йўқ.
Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинганидан тўрт кун ўтиб ҳануз расмий маълумот берилгани йўқ.

29 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқ белгиланди.

Озодликка маълум бўлишича, журналист Мавжуда Мирзаева шу йилнинг 27 январь куни Human.uz сайтининг Тошкентдаги идорасига уюштирилган рейддан кўп ўтмай, ҳибсга олинган.

Журналист Мавжуда Мирзаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) 2 қисми в-банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мирзаева Тошкентдаги Ўзбекистон Республикаси ДХХнинг "Гвардейский" номи билан билинган тергов изоляторида сақланмоқда.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбасига кўра, ҳозирда 10 дан ортиқ шахс Kompromatuzb Телеграм-канали билан боғлиқ жиноят иши доирасида тергов қилинмоқда.

Улар орасида “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов, айрим молия муассасалари, давлат ҳокимияти идоралари мулозимлари ҳам борлиги айтилади.


Терговга яқин манбанинг Озодликка билдиришича, Kompromatuzb иши доирасида ҳибсга олинганлар "уюшган жиноий гуруҳ аъзолари" сифатида кўрилмоқда. "Улар гўёки бир қанча давлат амалдорлари, молия муассасалари раҳбарлари ва тадбиркорларнинг хизмат фаолияти ва шахсига оид маълумотларни тарқатиш билан товламачилик жиноятларини содир этганлик"да гумон қилинмоқда", дейди манба.

27 январь куни Давлат хавфсизлик хизмати Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна олти журналист Kompromat.uzb Телеграм-канали администраторлари сифатида ҳибсга олингани ва улар товламачиликда гумон қилинаётганини билдирган эди.

Телеграмдаги Xavfsizlik каналида эълон қилинган хабарда "фуқаро Д.Х. ва бошқаларнинг «Telegram» мессенжеридаги «Kompromat.uzb» ва бошқа каналлар орқали амалга оширилган жиноятларга алоқадорликлари сабабли уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва хозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани" айтилади.

ДХХ бошқа ҳибсга олинганлар, жумладан, Мавжуда Мирзаеванинг тақдири борасида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.

"Human.uz" директори Хуршид Далиев (чапда) ва журналисти Муслим Мирзажонов. Хабарларга кўра, Мирзажонов ва сайтнинг яна уч ходими ҳибсдан қўйиб юборилган.
"Human.uz" директори Хуршид Далиев (чапда) ва журналисти Муслим Мирзажонов. Хабарларга кўра, Мирзажонов ва сайтнинг яна уч ходими ҳибсдан қўйиб юборилган.

Мавжуда Мирзаева 2018 йилда Ўзбекистон давлат телевидениесидаги цензурани танқид қилиши ортидан жамоатчиликка танилган, кейинроқ қатор мустақил сайтлар, жумладан, Human.uz билан ҳамкорлик қилган эди. У икки йил муқаддам Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати раҳбарлигига тайинланган.

Миллий Масс-медиа фонди журналистларнинг ҳибсга олинганидан хавотирда эканини айтиб, куч тизимларини изоҳ бериш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлашга чақирган.

27 январь куни эрталаб Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий мавзуларни ёритиб борадиган Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, сайт бош муҳаррири Муслим Мирзажонов доҳил етти нафар ходими ўзларини “орган ходимлари” деб таништирган шахслар томонидан олиб кетилгани хабар қилинганди.

Нашрнинг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офиси муҳрлаб қўйилган. Human.uz сайти блокланган.

Ҳибслар

Таҳририятнинг исми очиқланмаслигини сўраган ходимларидан бири Озодликка 27 январь, соат 10лар атрофида фуқаро кийимидаги шахслар Human.uz сайтининг Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисига огоҳлантиришсиз бостириб киргани, ўзларини “ҳокимият ходимлари” деб таништириб, офисда тинтув ўтказгани, нашр директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва яна беш ходимни олиб кетишганини айтди.

Унинг билдиришича, таҳририят олиб кетилган журналистлар билан боғлана олмаяпти.

"Қаерга олиб кетишганини ўрганяпмиз. Ҳуқуқ-тартибот идораларидан жавоб олишимиз билан маълум қиламиз", - деди таҳририят ходими.

Озодликнинг воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларидан изоҳ олиш уринишлари бесамар бўлди.

Тармоқда тарқалган суратлардан аён бўлишича, Human.uz офиси Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қуйичирчиқ тумани бўлими терговчиси Э. Абламуродов томонидан муҳрланган.

Human.uz офиси муҳрланган, сайт очилмаяпти.
Human.uz офиси муҳрланган, сайт очилмаяпти.

Аммо, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати журналистлар тақдири ва Human.uz офиси муҳрлангани ҳақида бирон баёнот бергани йўқ.

“Таҳририят бу ҳолатни Ўзбекистон Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди. Human.uz сайти барча оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларидан ушбу шошилинч хабарни ёритишда ёрдам беришларини сўрайди”, - дейилади Human.uz нашр баёнотида.

АОКА журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Рақамли технологиялар вазирлигига журналистлар ҳибсга олингани хабарлари юзасидан тегишли сўровларни юборгани ҳақда билдирди.

"Рақамли технологиялар вазирлигининг маълумотига кўра, human.uz веб-сайти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи Реестрига киритилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ундан фойдаланилишига чек қўйилмаган", дейилади АОКА баёнотида.

АОКА ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини human.uz интернет-нашри ходимлари билан боғлиқ вазиятда амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланишига ҳам чақирган.

Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳам Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканлигини билдирган.

“Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушбу масала бўйича изоҳ берилишини кутамиз ҳамда журналистлар хавфсизлиги, шуниндек, уларнинг профессионал фаолиятига қонуний муносабатда бўлиниши таъминланишини сўраймиз”, дейилади фонд баёнотида.

Журналист Хуршид Далиев.
Журналист Хуршид Далиев.

Human.uz сайтининг асосчиси Хуршид Далиев танқидий-таҳлилий чиқишлари билан эътиборга тушган журналист.

Бир муддат "Ёшлар" телеканали ва "Kun.uz" сайтларида ишлаган.

2019 йилда Хуршид Далиев Андижон вилоятидаги мутасаддиларни танқид қилиб чиқиши ортидан исми-шарифи номаълум шахслар ўлим билан таҳдид қилгани ҳақда Human.uz сайтида баёнот билан чиққанди.

2021 йил октябрида иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти ўтган йили ўзининг сўз эркинлиги индексида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 133-ўринга қўйган. Ташкилот ўз ҳисоботида Ўзбекистондаги сўз эркинлиги вазиятини “мураккаб” деб атаган.

Форум

XS
SM
MD
LG