Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:48

"Қора рўйхат ҳануз амалда". АҚШдан Тошкентга учиб борган ўзбекистонлик фаол ватанига киритилмади


Тошкент Халқаро аэропорти.
Тошкент Халқаро аэропорти.

Ўзбекистонга сайёҳлик визаларини олиш соддалаштирилгани ҳақидаги хабарлар ортидан Тошкентга отланган асли ўзбекистонлик чет эл ватандошлари сайёҳлик визаси ололмаётганликларини айтишмоқда. Борганлари эса ўзбек қонунчилигидаги визасиз кириш имтиёзига қарамасдан Тошкент аэропортидан депортация қилинган ҳолатлар бор.

65 яшар Исоқжон Зокиров собиқ Ўзбекистон ватандоши.

У бундан қарийб 20 йил аввал, ўзининг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги сиёсий таъқиблардан қочиб АҚШда бошпана топган.

10 март куни АҚШ ватандошлари учун соддалаштирилган виза талаблари асосида Тошкентга учиб борган Зокиров Ўзбекистонга қўйилмади. У Тошкентнинг Ислом Каримов номидаги аэропортидан шу куннинг ўзида депортация қилинган.

“Мен экстремист бўлмасам, қидирувда бўлмасам. 55 ёшдан ошган АҚШ ватандошлари визасиз кириши ҳақидаги қонун январ ойида кучга кирди, мен шунга ишониб Янги Ўзбекистонни бир кўрай, деб борсам киритишмади. Худди, террористга қилингандай муносабатда бўлиб, мени шу самолётда ортга жўнатворишди. Ана сизга “Янги Ўзбекистон”. Ҳеч қанақа ўзгариш йўқ”, - дейди Зокиров.

Исоқжон Зокировга Ўзбекистонга кириш рад этилган.
Исоқжон Зокировга Ўзбекистонга кириш рад этилган.

2016 йилда Ўзбекистон дунёнинг 100 дан зиёд давлати фуқаролари учун e-visa тизимини жорий этган эди.

Ўша йили декабр ойида Ўзбекистон президентининг Туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақидаги фармони ҳам қабул қилинди.

Ўша қонуннинг 5-бандига киритилган ва 2023 йилдан кучга кирган ўзгартишга мувофиқ 55 ёшга тўлган ва туризм мақсадида 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатга Ўзбекистонга келувчи АҚШ фуқаролари учун виза режими бекор қилинган.

Бу 2014 йилда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган 65 ёшли АҚШ ватандоши Исоқжон Зокиров учун қарийб 20 йиллик узилишдан сўнг ватанини зиёрат қилиш учун фурсат эди.

“Киритишмади. Ироқдан, Суриядан ИШИД чиларга рухсат берди, Россиядан бемалол келяпти. Лекин менга нима учун руҳсат йўқ. Демак, "қора рўйхат" ҳали ҳам бор, ҳукумат столини устида турибди”, - дейди Зокиров.

Исоқжон Зокиров, Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида.
Исоқжон Зокиров, Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси олдида.

Ўзбекистонга киритилмаган ўзбек фақат Зокиров эмас.

Ўзбекистонга сайёҳлик визаларини олиш соддалаштирилгани ҳақидаги хабарлардан илҳомланиб Тошкентга отланган асли ўзбекистонлик ўнлаб чет эл ватандошига сайёҳлик визаси берилмаган.

Озодликка бу ҳақда шикоят қилганларнинг аксари муҳожирликда яшаб чет эл фуқаролигини олган ва Ислом Каримовнинг 2014 йилда чиққан фармони билан ўзбек фуқаролигидан маҳрум этилган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ҳамда уларнинг қариндошларидир.

Баҳодир Файз АҚШда қарийб чорак асрдан бери яшайди.
Баҳодир Файз АҚШда қарийб чорак асрдан бери яшайди.

“Ўзбекистонга виза олиш учун ҳар-хил йўллар билан онлайн ва консуликка бориб ариза топширгандим, рад жавобини олдим. Сабабини айтишмади. Сабабини билмаслик, шаффофлик йўқлиги мавҳумликни келтириб чиқаряпти”, - дейди ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охиридан буён АҚШда яшаётган сиёсатшунос Баҳодир Файз.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева фикрича, мухолифларнинг Ўзбекистонга киритилмаётгани Каримов давридаги "қора рўйхат" ҳозир ҳам амалда эканидан далолат беради.

“Ўзбекистонга фақат ташрифи ҳукумат назорати остида бўлганларгина бориши мумкин. Йиллар давомида махсус хизматларнинг “қора рўйхат”ларида бўлганлар боролмайди, ҳатто исм-шарифнинг ўзгариши ҳам Ўзбекистонга киришга имкон бермайди. Демак, қора рўйхат ҳозир ҳам амалда”, - дейди Атаева.

"Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига зид”

Канадада яшовчи журналист ва ҳуқуқшунос, "Чет элда яшаш: America" китобининг муаллифи Бахтиёр Шоҳназар 2014 йилда ўнлаб мухолифат фаоллари ва журналистлар қатори ўзбек ватандошлигидан чиқариб юборилганлардан.

“Мени ҳам дипломатик ваколатхонага қайд қилдирмадинг, деган баҳона билан фуқароликдан маҳрум қилишди. Бу нарса аслида Ўзбекистон имзолаган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига зид эди. Бу масалани БМТга олиб чиқиш мумкин. Каримовнинг хатоси бу. Жаноб Мирзиёев, устозингизнинг хатосини тузатинг..”, - дейди мустақил журналист.

Журналист ва юрист Бахтиёр Шохназаров.
Журналист ва юрист Бахтиёр Шохназаров.

Баъзи мухолифатчилар учун эса Ўзбекистонга бориш армон бўлиб қолди.

Британияда қарийб 15 йил яшаган хоразмлик олим Аҳмад Ҳожи Хоразмий ватанига қайтиш орзуси ушалмай 2020 йилда вафот этди.

Аҳмад ҳожи Хоразмий Тошкент шаҳар ҳокимияти олдида пикетда.
Аҳмад ҳожи Хоразмий Тошкент шаҳар ҳокимияти олдида пикетда.

Хоразмлик олим ўлимидан олдин президент Мирзиёевнинг хорижда яшаётган ўзбекистонликларга қарата “қайтинглар” деган мурожаатидан илҳомланиб, Лондондаги ўзбек консуллигига сайёҳлик визаси олиш учун беш марта ариза топширгани, лекин рад жавобини олганини айтганди.

Қўлида ўзбек паспорти билан бориб, Тошкент аэропортидан ортга қайтарилганлар ҳам бўлди.

2018 йилда Швецияда яшаган 60 ёшли ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов Тошкентга учиб борди, унга Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилингани айтилиб Тошкент аэропортидан қайтарилди.

2005 йилда Швецияда бошпана топган Қурбоновга шу билан ватанини кўриш насиб қилмади. У 2022 йилда Швецияда оламдан ўтди.

Муҳиддин Қурбонов билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:13 0:00
Бевосита линк

Озодлик чет эл фуқаролигини олган айрим собиқ ўзбек ватандошларига виза берилмаётгани сабабини сўраб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармасига мурожаат қилди, ҳозирча расмий жавоб олгани йўқ.

Уч йил аввал ҳукумат расмийлари бошқа давлат фуқаролиги бор ўзбекистонликлар Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиши мумкинлигини маълум қилишганди.

2016 йилда Ўзбекистоннинг Фуқаролик тўғрисидаги қонунига киритилган ўзгартириш 2020 йил март ойида қабул қилинган янги қонунда ҳам сақлаб қолинди.

Икки фуқаролик муаммоси

Қонунда бошқа давлат фуқаролигини олган шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Бу ўзгартиш 2016 йил сентябр ойидан сўнг фуқаролик олган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Жумладан, қонуннинг 21 -моддасида чет давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс ушбу факт ҳақида ўттиз кун ичида Ўзбекистон ички ишлар органларига ёки чет элдаги консуллик муассасаларига хабар бериши шартлиги айтилган.

Бунга қадар Ўзбекистон бошқа давлат фуқаролигини тан олмас эди.

Аммо икки фуқаролиги бор шахсларга биттасидан воз кечиш талаби ҳам қўйилган.

“Ҳозир АҚШ ва Канадада яшаётган юртдошларимизнинг кўпчилиги иккита ватандошликка эга. Ўзбекистонга борганида ўзбек паспорти билан боради, лекин қонунчиликка кўра истаган пайтда буларни депортация қилиб юбориши мумкин, айни пайтда кўз юмиш ҳоллари бор. ”, дейди Баҳодир Файз.

2018 йилда АҚШга ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев у ерда яшаётган ватандошлар билан учрашди ва уларни Ўзбекистонга таклиф қилди. Бунинг ортидан АҚШ ва Европада яшаб, хусусан, банк-молия соҳасида ишлаб келган қатор ватандошлар ҳукуматда вазир ўринбосари ва бошқа масъул лавозимларга тайинланди. Уларнинг лавозимга тайинланишида фуқаролик масаласи қандай ҳал этилгани борасида расмий изоҳ берилмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон расмий идораларининг рухсати ва кафиллиги остида хориждан ватанига қайтиб борган айрим ватандошларнинг Ўзбекистонда ҳибсга олингани ва қамоққа ташлангани ҳам маълум.

Шу йилнинг 6 январь куни Швецияда истиқомат қилган андижонлик қочқин Муҳаммад Али Ибрагимов жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг ҳукми билан 15,6 йилга қамалди.

Ватанга қайтган андижонлик қочқин 15,5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:27 0:00

Исоқжон Зокиров ва бошқалар мисолида ватанга киритилмаётганлар асосан, Каримов даврида сиёсий таъқиблардан қочиб хорижда - Европа, АҚШ ва Канадада бошпана топганлар экани англашилади. Ўзбекистон ҳукумати кўпгина фуқароларни Каримов давридаги “қора рўйхат”лардан чиқарган, аммо ҳозиргача сиёсий реабилитация ҳақида сўз бораётгани йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG