Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Фаррошликдан уйма-уй юришгача. Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати давом этяпти


Ўзбек ўқитувчиси фаррошликлан тортиб уйма-уй юриб маълумот тўплашгача, ҳамма ишни қилади, лекин, дарс ўқитмайди, дейди блогер Никита Макаренко.
Ўзбек ўқитувчиси фаррошликлан тортиб уйма-уй юриб маълумот тўплашгача, ҳамма ишни қилади, лекин, дарс ўқитмайди, дейди блогер Никита Макаренко.

Ўзбекистон мактабларида турли идоралардан комиссияларнинг тинимсиз ташрифлари ва ўқитувчиларнинг ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этилиши таълим тизимини фалажлаб қўйган.

Блогер ва журналист Никита Макаренко Озодлик билан суҳбатда ўнлаб ўқитувчиларнинг шикоятларидан шундай хулосага келганини айтди.

“Ўзбек ўқитувчиси фаррошликлан тортиб уйма-уй юриб маълумот тўплашгача, ҳамма ишни қилади, лекин, дарс ўқитмайди, чунки вақти қолмайди”, - дейди Макаренко.

Икки ҳафта олдин блогер Тошкент мактабларида ўқитувчилар уйма-уй юриб, болалар ва янги туғилган чақалоқларни рўйхатга олишга жалб этилаётгани муаммосини кўтариб чиққанди.

“Ўқитувчилар мени уйимни тақиллатишди, ҳеч кимга кераксиз маълумотни тўплаш учун уйма-уй юришга жалб қилишаётганини айтишди. Бунга чек қўйиш керак, деган ўйда кампания бошладим. Бу бемаънилик ҳақида тармоқларда ёзиб чиқдим. Уларни ҳеч кимга кераксиз маълумотни тўплаш учун уйма-уй юришга директорлар, директорлардан РайОНО, РайОНОдан эса вазирлик шуни талаба қилар экан”, - дейди Макаренко.

Мирзиёева муаммога эътибор қаратди, лекин...

Таълим тизимидаги бу муаммони Никита Макаренко кўтариб чиққач, масалага Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева ва Президент администрацияси раҳбари муовини Комил Алламжонов аралашди.

Дастлаб Саида Мирзиёева ўқитувчиларнинг уйма-уй юришга мажбурланиши қабул қилиб бўлмас хол эканини айтиб, мутасаддиларни бу каби тажрибага чек қўйишга чақирди.

“Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”, – деб ёзди Мирзиёева Facebook саҳифасида.

Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳам ўқитувчиларни улар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифалардан озод қилиш бўйича масъулларга кўрсатма берилганини маълум қилди.

Никита Макаренконинг айтишича, Мирзиёева ва Алламжоновнинг аралашуви ортидан мактабларда ўқитувчиларни уйма-уй юришга мажбурлаш тўхтаган.

Аммо, бошқа муаммолар ўртага чиққан.

“Мени Саида Мирзиёева, Комил Алламжонов қўллаб-қувватлади. Бу муаммодан қутулдик. Лекин, ўқитувчилар энди ўқув жараёнига ҳалақит қилаётган бошқа муаммоларни айтишмоқда. Булар навбатчиликлар ва комиссияларнинг ташрифлари. Айниқса, аёл ўқитувчилар учун навбатчиликлар асаббузарликларни келтириб чиқаради, ишдан уйига қоронғида қайтади, топшириқ вақтида бажарилмагани учун раҳбаридан дакки эшитади, дарс беришга эса улгурмайди. Ўз-ўзидан бу кераксиз мажбурлашлар таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди”, - дейди Макаренко.

“Бемаъни навбатчиликлар ва комиссиялар”

Блогернинг айтишича, навбатчиликлар ҳам ойлик тўланмайдиган мажбурий меҳнатнинг бир тури.

“Ўзбекистонда деярли барча мактабларда ўқитувчиларни кечаси 9 гача навбатма-навбат мактабда ушлаб ўтириш, қўпол айтганда қоровуллик қилишга мажбурлашлар одатий хол эканини ўқитувчилар ҳам айтишади. "Усиления" пайти тунги навбатчилик ҳам қилишади. Бунинг учун ойлик тўланмайди. Бу Меҳнат кодексига зид. Лекин директорлар уларни ишдан бўшатиш билан қўрқитиб шунга мажбурлайди”, - дейди Макаренко.

Блогернинг Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича, яна бир муаммо, ўқув жараёни ҳар-хил комиссияларнинг тинимсиз ташрифлари.

“Комиссияларнинг бемаъни ташрифлари билан таълим жараёни фалаж қилинмоқда.Ҳар куни мактабга ҳар-хил комиссиялар келиши сабаб дарслар мунтазам бўлинмоқда.

Бири фанлар ўзлаштирилишини, яна бири ўқувчиларнинг ташқи кўринишини, совуқ қуроллар бор-йўқлигини, бошқаси мактабда электр тежалаётганини текшириш учун келади. Ҳар бир комиссия келишидан олдин мактабларни ўқитувчилар супур-сидир қилади, полларни ювади. Ўқув жараёни бўлинади. Муаллимлар ишидан чалғийди. Комиссиялар эса шунақа кўпки, прокуратурадан тортиб ички ишлар бўлимларигача, туман, шаҳар таълим бошқармаларидан келаверади. Ўқиш пайти истаган пайтда синфга бостириб кириши мумкин”, - дейди Макаренко.

“Нега фақат Мирзиёева гапирса масалага эътибор берилиши керак?!

Мактабларда ўқитувчиларнинг касбига тегишли бўлмаган ишларга жалб этилишини хоразмлик нафақадаги фахрий ўқитувчи Норжон Саъдуллаева ҳам тасдиқлайди.

“Менинг икки келиним ўқитувчи. Ўзим ҳам ўттиз беш йил ўқитувчилик қилганман. Олдин ҳам шундай эди ҳозир ҳам. Сайлов бўлса бюллетень тарқатадиган ҳам булар, сайловчиларни рўйхатга оладиганлар ҳам ўқитувчилар. Олдинлари пахтага, дала ишларига чиқарар эди. Ҳозир чиқармайди. Ҳозир субботник деб, кўча тозалатади. Солиқ идораси ёки ички ишлар бўлимлари, ҳокимликлар қиладиган ишни ўқитувчиларга қилдиради. Президентни қизи чиқиб гапиради, муаммога эътибор қаратилади. Ҳамма, вой шунақа экан, бунга чек қўйишим керак экан дейди. Кейин давом этаверади яна. Нега фақат президентни қизи гапирса бу масалага эътибор берилиши керак? Халқ таълими вазирлигидагилар ўқитувчилар мажбурий меҳнати нақадар чуқур илдиз отиб кетганини яхши билишадику, нега амалий чораларни кўрмайди” , - дейди Саъдуллаева.

Ўзбекистоннинг “Таълим тўғрисида”ги қонуни 45-моддасига кўра, педагог ходимларни уларнинг лавозим мажбуриятлари билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай бошқа ишга жалб қилиш тақиқланган. Бундай қоида 2018 йилда қабул қилинган президент қарорида ҳам бор.

Лекин, шунга қарамай нега ҳануз ўқитувчилар ўз касбига алоқаси бўлмаган ишларга мажбурланмоқда? Озодликнинг бу ҳақда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигидан изоҳ олишга уринишлари ҳозирча натижа бермади.

Бир йил аввал Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев журналистлар билан учрашув чоғида мактабларга “комиссиялар” ташрифи камайтирилганини айтганди.

“Мактабларга “комиссиялар” ташрифини камайтиришга эришдик. Авваллари халқ таълими вазирлиги томонидан юборилган текширув комиссиялардан ташқари яна бошқа ташкилотлар ҳам мактабларга текширувга борган. Ҳозирда бу текширувлар 26 фоизга қисқартирилган”, деган эди Дилшод Кенжаев.

Маълумотларга кўра, ўқитувчининг ҳар бир дарсга тайёрланиб кириши бўйича режа дафтари тутиш тартиби асосан Ўзбекистонда сақланиб қолган бўлиб, бу қоғозбозлик бошқа давлатларда ихтиёрийдир.

Ўзбекистонда эса режа дафтарларини тутиш вазирлик томонидан мажбурий ҳужжат сифатида сақлаб қолинган.

Ҳокимликларнинг дастёрлари

Икки йил аввал ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ўқитувчиларни мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олинади, балки тегишли чора кўрилади, деганди.

“Қаерда нима иш бўлса, мактабни чиқаришди, поликлиникани чиқаришди. Натижада буларнинг ҳаммаси таълим сифатига, соғлиқни сақлаш соҳасига салбий таъсир кўрсатди”, -деган Арипов.

Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилгани кузатилди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўқитувчилар буйруқни ҳокимликдан олганликларини айтишди.

Ўзбекистонда давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган тадбирларнинг ўрта ва олий таълим тизимига юклатилиши тажрибаси кўпдан бери мавжуд.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги чиқишида ўқитувчилар асосий вазифаси бир четда қолиб, уларни ўзларига мутлақо алоқаси бўлмаган ишларга жалб этиш чуқур илдиз отганини тан олган эди.Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳам 2020 йил сентябрь ойида халқ таълими тизими ходимлари йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг дастёрларига айланиб қолганини айтар экан, маҳаллий ҳокимлар ва раҳбарлар ўқитувчиларни мажбурлаб ишга чиқарадиган бўлса, улар нафақат ишдан олиниши, балки тегишли чора кўрилишини айтган эди.

Президент ва Бош вазирнинг огоҳлантиришига қарамай, жойларда ўқитувчилар сайлов билан боғлиқ ишлардан тортиб бандлик бўйича маълумот тўплаш сингари мажбурий меҳнатнинг янги ва янги турларига жалб этилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган.

Форум

XS
SM
MD
LG