Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:34

OzodMikrofon: Қозоғистонда ўғлини йўқотиб қўйган бухоролик аёл ёрдам изламоқда


Умида Ҳамроеванинг ёлғиз ўғли - 15 яшар Асилбек Ҳамроев.
Умида Ҳамроеванинг ёлғиз ўғли - 15 яшар Асилбек Ҳамроев.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятига ишлагани борган бухоролик 40 яшар Умида Ҳамроева ёлғиз ўғли - 15 яшар Асилбек Ҳамроевни қидирмоқда. Аёлнинг Озодликка иддао қилишича, август ойида ўғлини иш берувчининг оиласида қолдириб, Ўзбекистонга боришга мажбур бўлган, қайтганида эса боласининг ғойиб бўлганини айтишган.

Озодлик билан суҳбатда Умида Ҳамроева шу йилнинг 6 августида ўғлини ўзи ишлаб турган хонадон эгаларига ташлаб кетишга мажбур бўлганини иддао қилмоқда:

- Ўзбекистондан қўнғироқ қилиб, синглимнинг саратон касалига чалинганини айтишди. Кетишга мажбур бўлдим, лекин ўғлимни олиб кетгани пулим йўқ эди. Бунинг устига уни олиб борсам, мактабда ўқиши керак, деб чегарадан чиқишига рухсат беришмасди. Хозяиндан (у ишлаб турган оила бошлиғи - таҳр) қолдирсам майлими, деб сўрадим. "Ўзимнинг боламдай қараб тураман, қўй боқиб юради ёнимда" деди. Қолдириб кетгандим. Келсам: "Боланг 2 сентябрда чиқиб кетиб қолди. Қаерга кетганини билмаймиз", дейишди. Милицияга ариза ёздим, икки ҳафтадан бери йўқ болам, - дейди зор-зор йиғлаган аёл.

Умида Ҳамроеванинг иддаосича, 15 яшар ўғли Асилбекни ёлғиз ўзи катта қилмоқда, Бухорода унинг уй-жойи, яқини йўқ. 2012 йилдан буён давлат идораларига қилаётган мурожаатлари эса натижасиз қолмоқда.

- Мен Бухорога борганимда, онам президентнинг порталига ёзсанг, балки сенга уй беришар, деб қолди. Мен порталга ёздим ва жавобини кутиб, кеч қолиб кетдим. Агар бундай бўлишини билсам, ўғлимни ташлаб кетмасдим, - деб даъво қилади Умида Ҳамроева.

Шу боис, ўғли билан Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Жилиой туманининг Бекжол қишлоғидаги фермерлардан бирининг уйида ишлаб келаётган бўлган.

Озодликка айтишича, Умида уйида ишлаётган фермер ва унинг яқинлари Асилбек аҳволи яхши эканлиги, афтидан, туман марказидаги Кулсари шаҳарчасида юрган бўлиши мумкинлигини айтиб, уни юпатмоқда.

Қозоғистонда ўғлини йўқотиб қўйган бухоролик аёл ёрдам изламоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:00 0:00
Бевосита линк

Озодлик ҳозирда бу аёлга иш берган оила ва Атирау милицияси билан боғланди. Милиция терговчиси айни пайтда Асилбек қидирилаётгани, бу ишга шаҳар ва вилоят милицияси жалб этилгани, айрим дашт ва чўлли ҳудудлар вертолётлар ёрдамида текширилаётганини айтди.

Умидага иш берган фермер ҳам боланинг топилиши учун Умида ва милицияга кўмаклашаётганини билдириб, Асилбекнинг ўзи уйдан қочиб кетганини айтди.

Озодлик қўшимча тафсилотларни аниқлашга уринмоқда. Янгиликларни сайтимизда кузатинг.

Агар, Асилбек Ҳамроев ҳақида сизда маълумотлар бўлса, марҳамат, Озодликка ёки Умида Ҳамроевага боғланинг!

Озодлик, Telegram, WhatsApp: +420 724 971 539

Умида Ҳамроева: +777 16 02 90 22

XS
SM
MD
LG