Нью-Йоркда амалга оширилган террористик ҳужум ҳақида Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари, телевидение ва радиосида ҳеч қандай хабар йўқ. Ҳар ҳолда, ҳозирча. O'zbekiston24 телеканали лентасида ҳам бу ҳақда хабар кўринмади. Бироқ, айни пайтда, ўзбек тилидаги маҳаллий сайтлар ёзмоқда. Кун.уз сайти бу ҳақдаги икки хабаридан бирини “Сайфулло Соипов АҚШга грин-карта бўйича кўчиб кетган”, деган сарлавҳа остида берди.
Сайт ўз хабарини ёзишда CBS News телеканали хабарига таянган. Айтилишича, террор ҳужумини амалга оширганликда гумон қилинаётган Сайфулло Соипов Uber компаниясида ҳайдовчи бўлиб ишлаган.
Uber вакилининг CBS Newsга айтишича, гумонланувчи компанияда ишлаган ва таржимаи ҳолидаги маълумотлари текширилган.
Қайд этилишича, Соипов Қўшма Штатларга лотереяда грин-картани ютиб олган ҳолда кўчиб кетган. Бу ҳақда Santa Monica Observer нашри хабар берди. Diversity Immigrant Visa («Турли миллатдаги муҳожирлар учун визалар») визаларни ўйнаш дастури АҚШ Давлат департаменти томонидан амалга оширилади. Лотерея ғолиби компьютер орқали тасодифий танлов алгоритми бўйича аниқланади.
Kun.uz Fox News телеканалига таяниб, унинг грин-карта муддати ўтиб кетгани ҳақда ҳам ёзди.
Бу сайт “Ўзбекистон Сайфулло Соипов ҳақидаги маълумотни текширмоқда” деб ҳам хабар қилди. Бу ҳақда ёзаркан, сайт РИА Новостига таянган. Агентлик эса, маълумотниЎзбекистон ТИВ вакилидан олган.
«Нью-Йоркдаги Ўзбекистон бош консуллигининг ходимлари ҳозирда ОАВнинг Нью-Йоркда теракт содир этишда гумонланиб қўлга олинган шахс ўзбекистонлик экани ҳақидаги хабарларини расмий каналлар орқали текширишмоқда. Айни дамда ҳозирча аниқ маълумот йўқ», - деган агентлик суҳбатдоши.
“Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахс Нью-Йоркда теракт содир этишда гумон қилинмоқда” – бу gazeta.uzнинг сарлавҳаси.
NBC хабарига таяниб, гумондор Патерсон (Нью-Жерси штати) шаҳрида яшагани, бироқ қўлга олиш чоғида ундан Флорида штати ҳайдовчилик гувоҳномаси чиққани, унда Тампа шаҳри манзили кўрсатилгани ҳақда ёзди.