Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:43

“Адвокатлар Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортди”


Ëзувчи Нурулло Отахонов
Ëзувчи Нурулло Отахонов

Туркиядаги муҳожиротдан ватанига қайтгач Тошкент аэропортида ушланиб, 27 сентябрда Тоштурмага қамалган ëзувчи Нурулло Отахоновни судда ҳимоя қилишдан бир неча адвокат бош тортди. Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси расмий вакили Нурулло Отахонов уюшмадан ўчирилганлигини айтди. Айни пайтда адибнинг баъзи ҳамкасблари унинг ҳимоясига ўз баёнотларини эълон қилди.

Адвокатлар қўрқмоқда

Бир неча адвокатнинг Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортгани тўғрисида Озодликка ёзувчининг турмуш ўртоғи маълум қилди.

Адвокат ëллаш учун Тошкент шаҳар адвокатлар коллегиясига борган Гулнора Отахонованинг айтишича, бирданига бир неча адвокат унинг турмуш ўртоғини ҳимоя қилишдан бош тортган:

- Қўрқамиз, деяпти ҳаммаси. Чунки бизни обориб-обкелади бу ишга аралашсак, деб қўрқиб ўтиришибди. Икки -учтаси рад қилди¸ дейди Гулнора Отахонова.

"Бу кунлар" даҳшати

Суҳбатдошга кўра¸ Отахоновнинг багажи ичидаги Туркияда чоп қилинган “Бу кунлар “ китоби ва компьютери Яшнобод туман ИИБ терговчиси Музаффар Каримов тарафидан олиб қўйилган:

- "Бу кунлар" асарига экстремистик ғояларни тарғиб қилган адабиëт сифатида экспертиза хулосаси берилипти. Китоб ва компьютерни терговчи олиб қўйди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги диний қўмита экспертиза қилган экан китобни. Агар мустақил бир экспертиза "китоб мазмунан эсктремистик ғояга асосланмаган", деб хулоса берса аҳвол яхшиланишидан умид қилса бўлади деб айтишди юристлар¸ дейди Отахонова.

Шу кунларда Тоштурмада қолаëтган ëзувчининг ўғли Файзулло Отахоновнинг Озодликка айтишича¸ отасининг жомадонида Президентга атаб дастхат битилган китоб бўлган:

- Отам бу китобга дастхат ëзиб¸ президент Мирзиëевга бериш учун олиб кетувди, деди ëзувчининг ўғли.

Президентга аталган китоб-далилий ашëга айланди
Президентга аталган китоб-далилий ашëга айланди

Нурулло Отахоновнинг бу китоби, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида ишлайдиган ходимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистондаги тақиқланган асарлар рўйхатига киритилган.

"Бу кунлар" асарида ёзувчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов асос солган режимга, мамлакатда шаклланган яккаҳокимлик тузумига ва бутун жамиятда урчиб хавфли тус олиб бораётган улкан ёлғонга қарши кескин муносабат билдирган.

Ўтган йили Андижон шаҳар «Уйғур» жоме масжиди имом хатиби ноиби “Бу кунлар” романига қарши мақолани интернетда эълон қилиб¸ ëзувчини сотқинликда айблаган эди.

Ëзувчи Ўзбекистон президентига ишониб юртга қайтган эди
Ëзувчи Ўзбекистон президентига ишониб юртга қайтган эди

Терговчи нима деди?

Ëзувчини тергов қилаёган Яшнобод туман ИИБ терговчиси Музаффар Каримовнинг Озодликка айтишича¸ Нурулло Отахонов 2013 йилдан бери ҳеч қаерда ишламаган ва у кишининг “делосида иш жойидан ва Ёзувчилар уюшмасидан тавсифнома йўқ”. Терговчи Озодликнинг бошқа саволларига жавоб беришни истамади.

“Отахонов Ëзувчилар уюшмасидан чиқарилган”

Ўзбекистон ëзувчилар уюшмаси раис ўринбосари Ғайрат Мажидов Озодлик билан саволига жавобан “Нурулло Отахонов уюшмадан ўчирилганлигини” айтди.

- Олдин аъзо бўлган. Аммо уюшма ишида фаол қатнашмагани ва бошқа сабаблар боис у киши махсус баëннома билан уюшмадан чиқарилган. Уюшма ўз аъзоси бўлмаган кишиини ҳимоя қилмайди. Нурулло Отахонов қамалишидан олдин қаерда ишлаган бўлса ўша ер тавсифнома ëзиб берсин¸ деди Ғайрат Мажидов.

“Адвокатлар Нурулло Отахоновни ҳимоя қилишдан бош тортди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:06 0:00
Бевосита линк

Ҳамкасбини қўллаган адиблар

Айни пайтда таниқли прозаик¸ собиқ давлат арбоби Мурод Муҳаммад Дўст ўзининг facebookдаги саҳифасида Нурулло Отахоновни “миллат равнақини ўйлайдиган яхши ёзувчи”, дея атаб¸ уни озод қилишга чақирди:

- У бугунги ҳокимият бошлаган ислоҳларга ишониб, ўз ихтиёри билан ватанга қайтди. Аслида унинг қайтиши биз учун имтиҳон эди. Имтиҳон саволига берган биринчи жавобимиз ҳаво лиманида ёзувчи қўлларига кишан солиш бўлди. Мелиса билан судга ишонч кам, ушла деса ушлайди, қама деса қамайди. Нурилло Отахонни ҳибсга олиш Ўзбекистонга обрў келтирмайди. Шу ҳақиқатни яхши англайдиган, турли шов-шув ва бошқа машмашалар урчиб кетмасидан ёзувчини озод қилишга қурби етадиган фаросатли арбоб топилади, деб ишонамиз¸ деб ёзди адиб.

Таниқли адиб Улуғбек Ҳамдам ҳам ижтимоий тармоқ орқали Отахоновнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди:

"Ҳақни ва халқни ёд этиб, унинг ҳимояси йўлида қалам тебратган ёзувчи ташқаридан мағлуб этилган бўлиб кўриниши мумкин, лекин эртага у албатта ғолиб бўлади. Чунки бизнинг барчамиз эрта бир кун бу дунёни тарк этамиз. ҲАҚ ва ХАЛҚ эса ҳамиша бўлади ва кимнинг ЎЗИ томонида турганига қараб баҳосини беради. Эртага мағлуб бўлишни ва миллат ёдида мудом шундай бўлиб қолишни истамасангиз, Ёзувчини, Ҳақ ва халқ ёнида турган Ёзувчини қўйиб юборинг! -де, ëзди Улуғбек Ҳамдам.

Нурулло Отахонов 27 август тонгида Тошкент аэропортида учоқдан тушганидан сўнг, милиция ходимлари томонидан қўлига кишан солиниб, Яшнобод туман ИИБсига олиб кетилган, кейинроқ Тоштурмага олиб кетилган эди.

БМТ диний эркинликлар бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид ўзбек ҳуқуқбонлари билан суҳбатда 2 октябрь куни Ўзбекистонга қиладиган ташрифи доирасида қамоқда қолаëтган Нурулло Отахонов ҳолидан ҳабар олишини ваъда қилган. Бу ҳақда Озодликка бош қароргоҳи Берлинда жойлашган "Ўзбекистон -Германия " инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниëзова хабар қилди.

Олдинроқ Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти ўзбек диссидент-ёзувчиси Нурилло Отахоновнинг (Нурулло Муҳаммад Рауфхон) ҳибсга олинишидан ташвишга тушганини билдирди.

«Ҳукумат томонидан диссидент-ёзувчи Нурулло Муҳаммад Рауфхоннинг ҳибсга олиниши унинг реабилитация қилиниши тўғрисидаги хабар ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш борасида ташланаётган қадамлар ҳақида президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган баёнотдан сўнг ташвиш уйғотади», – дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

XS
SM
MD
LG