Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:15

Фарғонада ота ўз ўғлининг устига бензин сепиб, ёқиб юборди


Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Фарғонада содир бўлган воқеага алоқаси йўқ.
Озодлик архивидан олинган бу суратнинг Фарғонада содир бўлган воқеага алоқаси йўқ.

Фарғонада 51 ёшли ота 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборди. Воқеа 19 август куни Фарғонанинг Бағдод тумани, Олчин қишлоғида рўй берди. Ота жиноят жойидан ғойиб бўлган ва кейинчалик ушланиб, ҳибсга олинган. Жабрланувчи ўғил танасининг 70 фоизи куйиб, оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, ота ва фарзанд ўртасидаги жанжал машина устида чиққан.

- Ота бирон жойга бориши керак бўлиб, машинани сўраган. Ўғил "машина менга керак", деган. Машина эса битта. Шу пайт жаҳл устида ота ўз ўғлини, устига баклашкада бензин сепиб, ёқиб юборган, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган бағдодликлардан бири.

Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири масъул ходими ўз ўғлига ўт қўйган шахс ҳеч қаерда ишламайдиган 51 ёшли Қурбонали Фозилов экани ва унга нисбатан "Одам жонига қасд қилишга уриниш" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини Озодликка айтди:

- Ҳозир у ҳибсда ушлаб турилибди, туман прокуратураси тергов олиб боряпти. Ота қилган ишидан пушаймон. Бахтга кўра, ўғли Абдураҳим омон қолган. Ҳозир у Бағдод тумани касалхонасининг жонлантириш бўлимида ётибди. Танасининг 50фоизи куйган, - деди ички ишлар ходими.

Бағдод тумани касалхонаси врачлари эса Абдураҳим танасининг 70 фоизи куйган холатда олиб келинганини айтишди.

-Ҳозир бемор Фарғона вилояти касалхонаси реанимация бўлимига юборилди, аҳволи ўта оғир, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шифокор.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида бундай фожеалар тез-тез рўй бериб туради.

Ўтган йилнинг феврал ойида Бухорода 47 ёшли ўғил ўзаро жанжал пайти жаҳл устида ота-онасини устига бензин сепиб, ёқиб юборганди.

Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида эса 2016 йилнинг январида 30 ёшли аёл оилада етишмовчилик сабаб икки фарзандини пичоқлаган эди.

Оқибатда 7 ёшли қизи ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли оғир яраланганди.

XS
SM
MD
LG