Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Ўзбекистондаги пахта тозалаш заводларида қўшиб ёзишлар фош қилинди


Андижон вилоятидаги Чинобод пахта тозалаш заводида ҳам электрон тарози ўрнатилгани айтилди.
Андижон вилоятидаги Чинобод пахта тозалаш заводида ҳам электрон тарози ўрнатилгани айтилди.

Ўзбекистондаги пахта тозалаш корхоналарида 2015-2016 йиллар ҳосили юзасидан ўтказилган тафтиш жараёнида миллиардлаб сўм камомад аниқлангани маълум бўлди. Озодликнинг Ўзбекистон пахта саноати соҳасидаги манбаларининг айтишича¸ йўқ пахтани қўшиб ëзиш ва завод маблағларини мақсадсиз сарфлаш оқибатида 11 та пахта заводида камомад аниқланган.

“Ўзпахтасаноат” давлат акциядорлик жамиятидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ республикадаги пахта хом ашёсини қабул қиладиган 424 пункт ва 100 дан ортиқ пахта тозалаш заводларида янги мавсум олдидан ялпи текширув ўтказилган:

- Бу - янги мавсум олдидан ўтказиладиган режадаги тафтиш. Аммо бу йилги тафтишда камомад чиққан заводлар сони ўндан ортиқ. 424 пахта қабул қилиш пунктининг аксариятида тарозилар атайлаб бузиб қўйилган. Дафтардаги рақам билан ҳақиқий аҳвол ўртасида тафовут катта¸ деди манба.

Унинг яна айтишича¸ пахта тозалаш заводларида миллиардлаб сўм камомадни ёпишга ҳаракат қилаётган бир нечта раҳбар ва камомадни ëпишга уринган ревизорлар устидан жиноий иш очилган.

Озодликда устидан жиноий иш очилган завод мулозимлари ва ревизорларнинг исм-фамилиялари мавжуд.

“Ўзпахтасаноат” ширкатидаги манбанинг айтишича¸ 3 та пахта тозалаш заводи раҳбарияти сўнгги 4 йилда солиқлардан қарз бўлиб қолганига қарамасдан, давлат маблағларини завод учун керак бўлмаган соҳаларга сарфлаган:

-Текширув чоғида Хоразмдаги пахта тозалаш заводларидан бири туман ҳокимининг буйруғи билан заводнинг пулини намунали уйлар қурилиши учун ўтказган. Айни заводда ишчи хизматчиларга берилган намунавий уй-жойларнинг бошланғич тўлови завод кассасидан қопланган.

Озодликнинг Хоразм вилояти ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалари бу маълумотни тасдиқлади. Уларга кўра, Республика молия вазирлиги бу борада текширув ўтказиб, заводнинг 2015 йил учун молиявий ҳисоботини қониқарсиз, деб топган.

“Ўзпахтасаноат” давлат акциядорлик жамиятидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ пахта тозалаш заводидаги кенг кўламли тафтиш ортидан тарозиларни алмаштириш ҳақида фармойиш берилган:

- Янги мавсум учун пахта қабул қилишнинг янги тизими жорий этилди. Пахтани компьютерли тарозиларда тортиш тизимига ўтиш ҳақида фармойиш чиқди. Ўтган йили пахта механик тарозида тортилгани боис турли хатоликлар ва ҳийлагарликлар бўлган. Коррупция юзага келиш эҳтимоли юқори эди. Янги технологияда тарозибон бўлмайди. Пахта автоматик тортилади. Механик тарозиларни электрон тарозиларга алмаштириш билан пахтани ўлчашдаги коррупцияга барҳам берилиши кутилмоқда, - дейди манба.

Озодлик ихтиëридаги ҳужатларга кўра¸ шу кунларда Чинобод¸ Урганч ва Пойтуғ пахта тозалаш заводларида тарозилар алмаштирилган.

XS
SM
MD
LG