Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:10

Пичоқ билан боғлиқ жиноят кўпайгани ортидан ўткир тиғли асбоблар савдоси назоратга олинди


Ҳунармандлар¸ янги чекловлар ўз бозорини касод қилишидан хавотирда.
Ҳунармандлар¸ янги чекловлар ўз бозорини касод қилишидан хавотирда.

Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бозорларда шу кунларда тиғли асбоблар савдоси назоратини кучайтиришга қаратилган рейдлар ўтказилмоқда.

Ички ишлар ходимлари ўтказаётган рейдларда пичоқ, ўроқ, болта, чопқи, қайчи, кетмон каби ўткир тиғли асбобларни очиқда сотаётган савдогарлардан бундай буюмлар тортиб олинмоқда.

Ички ишлар вазирлигининг Озодлик гаплашган расмийлари мамлакатда пичоқ билан қилинган ҳужумлар сони ортиши ортидан тиғли асбоблар савдоси назорати кучайтирилганини билдирди.

Уларга кўра, сотиладиган тиғли асбоблар панжара ёки синмайдиган шиша билан ўралган махсус витриналарда сақланиши керак.

Бундан ташқари пичоқни сотиб олишни истовчи ҳар қандай шахсдан ўзининг 21 ёшдан катта эканини тасдиқловчи ҳужжатни сотувчига кўрсатиш талаб этилади.

Бундай талаблар жорий қилингани ҳақида Озодликка хабар берган маҳаллий савдогарлар бу каби чекловларнинг ўз бизнесига халақит қилаётганини билдирди.

Андижон шаҳрининг деҳқон бозорида ҳунармандлар ясайдиган машҳур Шаҳрихон пичоқлари билан савдо қилувчи Абдулхай исмли савдогар рейдлар ортидан дўкони ёпиб қўйилганини айтади.

Пичоқ, ўроқ, кетмон сотадиган ҳаммани милиция бўлимига олиб кетяпти. Очиқда сотиш мумкин эмас экан. Мени дўконимни ҳам ёпиб қўйди.

- Пичоқ, ўроқ, кетмон сотадиган ҳаммани милиция бўлимига олиб кетяпти. Очиқда сотиш мумкин эмас экан. Мени дўконимни ҳам ёпиб қўйди. Решëткани ичига оласан, кейин рухсат берамиз, сотишга деяпти. Ахир ота-боболаримиз пичоқни очиқда сотган. Бизнинг асосий харидорларимиз туристлар, улар пичоқ олиш учун дўконнинг ичига кирмайдику. Шаҳрихон пичоқлари, ҳунармандлар ясайдиган бошқа анжомлар бозорнинг кўрки бўлганку, дўконнинг олдида кўринадиган жойда бўлиши керакку, - дейди Абдулхай.

Самарқанднинг Пайариқ туманида яшовчи қассоб Сардор Рўзиев Озодлик билан суҳбатда янги чекловларнинг гўшт сотувчи қассобларга ҳам таъсири бўлаётганини айтади.

Асосий иш қуролимиз пичоқку! Ота-боболаримиз бу каби тақиқларга ҳеч қачон дуч келишмаган. Рейдчилар керак бўлса¸ гўшт дўконингни ёпамиз, дейишади.

- Пичоқ узунроқ бўлса олиб қўяди. Касбимиз қассобчилик, бир неча авлоддан ўтиб келган бизга, тирикчилигимиз қассобхонада ўтаяпти. Асосий иш қуролимиз пичоқку! Ота-боболаримиз бу каби тақиқларга ҳеч қачон дуч келишмаган. Рейдчилар керак бўлса¸ гўшт дўконингни ёпамиз, дейишади. Булар, менимча саллани ол¸ деса каллани олишаяпти, чунки президентимиз тадбиркорлар ишига халақит берманглар деб айтиб келадику, - дейди пайариқлик қассоб.

Тиғли буюмлар савдосига нисбатан чеклов ва янги талаблар¸ Озодликка маълум бўлишича¸ бутун республика миқëсида бормоқда.

Тошкентнинг машҳур "Эски Жўва" бозорида ҳам рейдлар ортидан савдогарлар пичоқларни панжара ортига қамашга мажбур бўлган.

"Эски Жўва" бозорининг хавфсизлик бўйича мутасаддиси шаҳар ички ишлар бўлимидан келган рейдчилар тиғли асбоблар савдосини кучли назоратга олиш кераклигини тайинлаб кетганини айтади.

- Ҳозир қаттиқ талаб қўйилаяпти. Пичоқлар решёткали витриналарда сақланиши керак¸ деган. Олдингидай кўчада туриб сотиш бўлмайди. Пичоқ чархлайдиганлар ҳам ичкарига олиб ўтилаяпти. Қассоблардан ҳам пичоқни харидордан узоқроқ жойда қўйиш талаб қилинади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган расмийларига кўра¸ мамлакатда пичоқ билан қилинган ҳужумлар сонининг ортиши тиғли асбоблар савдоси устидан назоратни кучайтиришга асос бўлган

Вазирликнинг вояга етмайганлар бўйича ишловчи мутахассиси биргина Тошкент шаҳрида рейдларнинг икки куни давомида ўсмирлардан ўттиздан ортиқ пичоқ расмийлаштириб олинганини айтади.

- Сўнгги пайтларда кўраяпсизку, пичоқ билан ҳужумлар кўпайди. Асосан¸ ёшлар орасида бўлаяпти. Тошкентда жами 32 дона пичоқ расмийлаштириб олинди. Ҳозир пичоқ олиб юрганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам кўрилаяпти, - деди ИИВ мутахассиси.

Пичоқфуруш ва қассобларнинг бу чекловларнинг ота-боболардан қолган эркакларнинг пичоқ олиб юриш анъанасига зид экани ҳақидаги эътирозига жавоб берган вазирлик мулозими:

Ҳозир ёшлар орасида пичоқбозлик одат бўлаяпти. Чунки пичоқни чўнтакка солиб чиқдингми, у ишга тушиши мумкинда. Одам ўзига керак бўлмаган нарсани кўтариб юрмайдику

- Ўтмишда йигитнинг ҳамроҳи фақат пичоқ эмас¸ от ҳам бўлган. Бугун ўзбек эркаклари отда юрмаяпмиз¸ демаяптику! Ҳозир ёшлар орасида пичоқбозлик одат бўлаяпти. Чунки пичоқни чўнтакка солиб чиқдингми, у ишга тушиши мумкинда. Одам ўзига керак бўлмаган нарсани кўтариб юрмайдику, кўтариб юрибдими, демак ишлатади. Ҳозирги даврда пичоқ кўтариб юришга зарурат ҳам йўқку. Бу рейдлар нафақат бозорда, мактабларда, олий ўқув юртларида ҳам ўтказилаяпти. Асосий мақсад¸ совуқ қурол ҳисобланган пичоқ ва тиғли асбоблар устидан назоратни кучайтириш, аҳоли хавфсизлигини оширишдир - деди ИИВ мутахассиси.

Ўзбекистонда кейинги пайтларда ёшлар орасида жанжаллар пичоқбозликка айланиб кетиб, одам ўлдирилиши ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

Энг шов-шувли пичоқбозлик Тошкентнинг Aurum тунги клубида 2018 йилнинг август ойида рўй берган ва ўшанда таниқли эркин курашчи Жамшид Кенжаев ҳалок бўлганди.

Озодлик Ўзбекистоннинг мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида рўй берган ўнлаб пичоқбозлик ҳақида хабар берган.

Ўқув юртларида пичоқбозлик кўпайгани ортидан 2018 йил сентябрида синфхоналарга пичоқ¸ циркуль ёки бошқа ўткир тиғли анжомларни олиб кириш тақиқлаб қўйилган эди.

Пичоқбозлик¸ айниқса¸ Фарғона водийси¸ жумладан Қўқонда кўпайгани боис ИИВ раҳбарлари 2019 йил бошида президент Мирзиëевдан қонунчиликка пичоқ олиб юрганлик учун жазо киритишни сўраган эди.

XS
SM
MD
LG