Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:05

"Путинпарастлар ўзбек саҳнаси тўрида". Рус раққос Тошкентда цензурага учрадими?


Ўз баданига президент Путиннинг учта сурати ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полунин Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида 25-26 сентябрь кунлари Satori балетини намойиш қилган.
Ўз баданига президент Путиннинг учта сурати ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полунин Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида 25-26 сентябрь кунлари Satori балетини намойиш қилган.

Баданига Путин татуировкасини туширган таниқли россиялик балет раққоси Тошкентга гастрол сафари пайти ҳалок бўлган рус аскарларига бағишланган қўшиққа рақс ижро этгани учун Ўзбекистонда цензурага учраганидан шикоят қилди.

Раққос Сергей Полунин иддаосича, бунга 25 сентябрь куни Алишер Навоий опера театрида “Встанем” қўшиғига рақс тушгани сабаб бўлган.

Бу қўшиқ Россия армиясига бағишланган бўлиб, биринчи марта 23 февраль куни, яъни Украинага уруш очилишидан бир кун олдин ижро этилган.

Инстаграмдаги видеосида Полунин шу қўшиққа рақсга тушгани учун Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фонди масъул ходимлари унга қўпол танбеҳ берганини даъво қилади.

“Ҳалок бўлган рус аскарларига бағишланган соло рақсимдан сўнг Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фонди ходимлари “бундай чиқишга ким рухсат берди, овозини ўчириб қўйиш керак эди”, дея бақира кетди. Раққосларга кунлик ҳақини тўламасликларини айтишди. Буларнинг ҳаммаси “Встанем” қўшиғига рақсга тушганим учун бўляпти”, - дейди рус раққоси.

Полунин Ўзбекистондаги россиялик дипломатлардан ўзини ҳимоя қилишни ҳам сўрайди.

“Биз русларга, рус санъатчиларига, рус маданиятига бундай қилишларига йўл қўймаслигимиз керак!".

"Мен одатда бунақа нарсалар ҳақида гапиришни хоҳламайман. Лекин юрт, ватан шундай аҳволда, оғир аҳволда бўлса, ёрдам бериш керак, тушуниш керак. Ва бу жамғарма ходимлари ҳалок бўлган рус аскарлари ҳақида қўшиқ айтилганда жим туришни эмас, бақиришни ўзларига эп кўряпти. Бунга Ўзбекистондаги Россия элчихонаси аралашишини истардим”, - дейди Полунин.

Ўзбекистон расмийлари раққоснинг иддаоларини рад этишди ва унинг келишилган дастурдан четга чиққанини айтишди.

“Газета. уз” нашрининг иқтибос келтиришича, жамғарма масъуллари Полунинга хушмуомала бўлишган. Расмийлар Полуниннинг дастурида ирландиялик мусиқачи Хозиернинг “Мени черковга элтинг” қўшиғи бўлгани, у шу дастурга амал қилиши керак бўлганини айтишмоқда.

"Бу шармандалик. Уят ва уят..."

Ташкилотчиларга кўра, рус раққосининг ҳарбий кийимда чиқиши залда ўтирган томошабинларнинг эътирозига сабаб бўлган.

Танаффус пайтида, орасида украинлар ҳам бўлган томошабинлар “Ўзбекистондан буни кутмаган эдик” деган сўзлар билан зални тарк этишган.

Айрим томошабинлар Сергей Полуниннинг чиқишига ўз норозилигини тармоқларда ҳам билдиришди.

“Эй Худо, бу кимнинг шармандалиги билмайман. Чипталарни сотиб олдик. Бизнинг хатомиз. Аммо биз бундай даҳшатни кутмаган эдик. Юз минглаб эркак мобилизациядан қочмоқчи бўлган кунларда, одамлар ўлдирилаётган бир пайтда, уруш дўзахидан бир-биримизни қутқаришга қўл узатаётган бир пайтда, бу дўзах маданий қиёфани оляпти.

Сергей Полунин саҳнага ҳарбий либосда чиқиб, шансонга рақсга тушиб, фронтга боришни ва ўлишни тарғиб қиляпти. Театрда, мамлакатда бунга қандай рухсат беришди, билмайман. Бу шармандалик. Уят ва уят. Менинг севимли Ўзбекистоним келажакда руслар бу ерга олиб келаётган нарсаларга диққатлироқ бўлади, деган умиддаман”, - деб ёзди Татьяна Ананьева Facebook саҳифасида .

"Путинпараст эканини уни чақирганлар билмасликлари мумкин эмас эди"

Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко Озодлик билан суҳбатда рус раққосининг Навоий театридаги урушни тарғиб этувчи чиқишини “жоҳиллик” деб атади.

“Баданларига жиноятчи Путин суратларини тушириб олган рус раққосининг урушни тарғиб қилувчи бу чиқиши жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Мен бу спектаклга бормадим. Лекин, тармоқларда бунга қарши ўзбек ватандошлари билдираётган фикрлар, уларнинг позицияси мени қувонтирди”, - деди Озодлик билан суҳбатда Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Микола Дорошенко.

Ўзбекистонлик санъатшунос Сергей Игнатьев фикрича, Сергей Полуниннинг "путинпараст" экани маълум эди, буни уни Тошкентга чақирувчилар билмаслари мумкин эмасди. ​

“Путинпараст" экани олдиндан маълум эди-ку, уни Ўзбекистонга таклиф этишганида билишган, баданида Путин портретлари туширилган. Путинни севиши унинг муаммоси. Лекин унга буни қиласан, бу мумкин эмас, дейиш ҳам ғирт ахмоқлик. Ундан кўра, ташкилотчлар чақирмаслиги керак эди", - дейди Игнатьев.

Озодликка маълум бўлишича, Полуниннинг Ўзбекистонга гастроли ортидан уни ташкиллаштирган Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш фондининг камида икки ходими ишдан бўшатилган.

Ўз баданига президент Путиннинг учта суратини ва свастикага ўхшаган рамзни татуировка қилдирган Сергей Полунин Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида 25-26 сентябрь кунлари Satori балетини намойиш этган эди.

Украинанинг Херсон вилоятида 1989 йилда туғилган ва кейинчалик жаҳоннинг йирик театрларида раққослик қилгани ортидан танилган Сергей Полунин 2018 йилда кўкрак қисмига президент Путиннинг татуировкасини чиздирган эди. Август ойида эса у ўз баданига Путиннинг учинчи татуировкасини чиздирганини эълон қилган.

Тошкент фестивалидаги "путинчи"лар

Бундан олдин Европа Иттифоқи санкцияларига тушган россиялик “путинпараст” актёрлар Владимир Машков ва Сергей Безруковларнинг Тошкент кинофестивалига таклиф этилгани, баъзиларининг мамлакат Олимпия қўмитаси мулозими ҳам бўлган зиддиятли тадбиркор Салим Абдувалиев хонадонида меҳмон бўлгани тармоқларда муҳокама қилинган.

Россиялик қўшиқчиларнинг ўзбек зодагонлари тўйларида кўриниш бериши одатий ҳол.

Кремл пропагандачиси ва Қрим аннексиясининг ашаддий тарафдори бўлган россиялик режиссёр Никита Михалков ўтган йили Тошкент фестивалининг хос меҳмони бўлганди.

"Ҳозир кўплаб россиялик қўшиқчилар, киночилар ғарб санкцияларига тушган. АҚШда Филипп Киркоров, Олег Газманов, Николай Басковлар санкция рўйхатига киритилиши кутиляпти. Ўзимизда ўнлаб қўшиқчи, ҳеч бир жўяли сабабсиз тақиқда, айни пайтда Путинни қўллаб чиққан ашулачилар, раққосларга Ўзбекистонда саҳналарнинг тўри бериляпти. Ўзбекистондаги концерт ташкилотчилари кимни чиқараётганликларини ўйлаб кўрсалар бўларди”, - дейди режиссёр Улуғбек Йўлдошев.

Полунин можароси юз берган паллада таниқли блогер ва жамоат фаоли Азиза Умарова яқинда 61 ёшида оламдан ўтган ўзбек ашулачиси Равшан Намозов сўнгги йигирма йил давоимида “запрет”да бўлганига эътибор қаратди.

“20 йилдан ортиқ саҳна ҳақида орзу билан яшаш ва унга етмай ўлиш. Ашулачи саратон касаллигидан вафот этган.“Барча тақиқларни зудлик билан олиб ташлаш ва барча “запрет”ларни йўқ қилиш керак” , - деб ёзди Азиза Умарова.

Форум

XS
SM
MD
LG