Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:21

Ўзбек чегарачилари чегарадан ўтувчилардан хусусий ширкат йўлланмасини сотиб олишни талаб қилмоқда


Чегарадаги “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг шохобчаси.
Чегарадаги “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг шохобчаси.

Ўзбекистон чегарачилари Фарғона вилоятининг Водил туманига қарашли Шоҳимардон эксклавидан 5 километр жанубдаги Қирғизистон ҳудудида жойлашган Кўли Қуббон дам олиш масканига ўтмоқчи бўлган ўзбек ватандошларидан “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг 5 минг сўм турадиган йўланмасини олишни талаб қилаётгани маҳаллий аҳоли ва зиёратчилар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбекистонликлар бу ерда “манфаатлар тўқнашуви” бўлиши эҳтимолига эътибор қаратди. Бу ўзбек чегарачилари ва хусусий туризм ширкатининг зиёратчилар пулини шилиш схемаси бўлиши мумкин, деган тахминларни ҳам ўртага чиқарди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон давлат чегара қўмитаси ҳамда “Фарғона водий сайёҳ” ширкати вакиллари эса, бу ерда манфаат тўқнашуви йўқлиги, Шоҳимардондан Қирғизистоннинг Кўли Қуббонига “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг 5 минг сўмлик йўлланмаси билан ўтиш тартиби Қирзиғистон томони чегарачилари ва сайёҳлик ширкатлари билан эришилган шартнома доирасида йўлга қўйилганини айтишди.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудлари билан ўраб олинган Ўзбекистоннинг Шоҳимардон эксклавидан 5 километр жанубда, Қирғизистон ҳудудида жойлашган Кўли Қуббон дам олиш масканига бориш учун бир қанча чегара потстидан ўтишга тўғри келади.

Ўзбекистонликлар аввал Қирғизистонга, кейин Қирғизистондан яна Ўзбекистонга (Шоҳимардонга) ўтиши керак. Кўли Қуббонга ўтиш учун эса, Ўзбек-Қирғиз чегарасидан яна бир марта ўтилади.

Шоҳимардондаги Ўзбекистон-Қирзизистон чегара пункти
Шоҳимардондаги Ўзбекистон-Қирзизистон чегара пункти

Амалдаги тартибга мувофиқ ўзбек ватандошлари Қирғизистонга 60 кунга визасиз киришлари мумкин.

Лекин, Шоҳимардон анклавидан Бешпанжатоғ ёнбағридаги Қирғизистоннинг Кўли Қуббон дам олиш масканига ўтишдаги постда ўзбек чегарачилари қўлида “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг йўлланмаси бўлмаган ўзбекистонлик зиёратчиларни тўхтатиб, ортга қайтармоқда.

“Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг 5 минг сўмлик йўлланмаси.
“Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг 5 минг сўмлик йўлланмаси.

Ўтган ҳафта Кўли Қуббонга бориб қайтган фарғоналик Маъруфжон чегарада кўрган-кечирганларини Озодликка сўзлаб берди:

- Чегарадан сал берида “Фарғона водий сайёҳ” ширкатининг будкаси қўйилган. Чегарадан ўтиш учун шу будкадан 5 минг сўм тўлаб, путёвкани олиш керак экан. Чегарачилар шу путёвкасиз ўтказмаймиз, деяпти. Ҳамма иссиқда сарсон бўляпти. Наҳотки бошқа давлат ҳудудига ўтиш учун сизда путёвка бўлиши керак ва нима учун оддий агентлик манфаатларини Ўзбекистон чегарачилари ҳимоя қилиши керак? Агар сизда путёвка бўлмаса чегарачилар "бор орқанга қайт путёвка бўлмаса ўтмайсан.

Фарғоналик Маъруфжоннинг айтишича, Кўли Қуббонга ўтаётганларга сотилган "путёвкаларни" қайтишаётганда чегарачилар яна йиғиб олади:

- Хўп, майли 5000 сўм пул эмас, одамлар майли деб путёвка сотиб оляпти. Лекин, мени қизиқтирган савол шуки, бу путёвка нима учун керак? Агентлик оддий битта қогоз беради ва сизга ҳеч қандай хизмат кўрсатмайди. Нима учун ҳеч қандай хизмат кўрсатмаган агентликка кунига минглаб одам 5000 сўмдан бериши керак? Яна қизиқ холат шуки, сиз Кўли Қуббонни кўриб қайтаётганда ўзбек чегарачилари шу сизни қўлингизга берилган қоғозни сиздан беринг деб сўрайди ва ўзлари билан олиб қолади. Нима кераги бор чегарачиларга шу қоғоз? Уларни вазифаси чегарадан ўтган одамларни рўйхатга олиш, лекин туризм агентлиги қоғозини тўплаш эмаску?

Бу саволни ўртага ташлаётган фарғоналикнинг айтишича, ҳар бир ўзбекистонликлан 5000 сўмдан йиғаётган “Фарғона Водий Сайёҳ” агентлиги олган пули эвазига ҳеч қандай хизмат кўрсатмайди:

- Қирғизистон чегарачилари сиздан умуман бу путёвка қоғозни сўрамайди, фақат шу ўзбек чегарачилари талаб қилади. Ўзбек чегарачилари бу путёвкадан манфаатдорми, дейман. Нима учун оддий агентликка хизмат қилади ва ҳар бир туристни путёвка олишга мажбурлаяпти. Путёвка сотиш қанчалик қонуний шу ҳам савол остида. Одатда сиз пул берсангиз туризм агентлиги сизга қандайдир хизмат кўрсатиши керак, лекин Кўли Қуббон чегарасида жойлашган “Фарғона Водий Сайёҳ” агентлиги ҳеч қандай хизматсиз ҳар бир келган одамдан 5000 сўмдан оляпти. Ҳаммасидан ҳам алам қиладигани шуки иссиқ ҳавода ярим соатлаб навбатда туриб шу кераксиз путёвкани сотиб оласиз. Ҳамма одамлар норози чегарада.

Қирғизистон чегарасига яқин жойда "Фарғона водий сайёҳ" ширкатининг йўлланма олиш кераклигини эслатувчи баннерлар осиғлиқ.
Қирғизистон чегарасига яқин жойда "Фарғона водий сайёҳ" ширкатининг йўлланма олиш кераклигини эслатувчи баннерлар осиғлиқ.

Ўзбекистоннинг Шоҳимардон анклавидан Қирғизистоннинг Кўли Қуббон масканига ўтадиган ҳудудда жойлашган ўзбек чегара маскани мулозими Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон томони билан келишув доирасида ўзбек ватандошлари бўлган зиёратчиларни Кўли Қуббонга 5 минг сўмлик йўлланма билан киритиш йўлга қўйилганини айтди:

- Қирғизистонга ўтиш учун путёвка олиш керак. Шусиз ўтказмаймиз. Қирғизистон билан келишувимиз бор. У ерда канат йўли бор. Мана шу печат босилган путёвка Қирғизистонга ўтиш ҳуқуқини беради.

“Фарғона водий сайёҳ” фирмаси раҳбари Ҳамиджон Абдураҳимов ҳам Озодлик билан суҳбатда Қирғизистон билан шундай келишув борлигини тасдиқлади.

- Бу ерда туристик фирма сайёҳнинг хавфсизлигини бўйнига оляпти. Одамлар ўйлаши мумкин, 5 минг сўм қаерга кетяпти, деб. Бу 5 минг сўмнинг 1 минг сўми сайёҳнинг суғуртасига сарфланади. Сайёҳга бирон кор-хол бўлса суғурта қоплайди. Яна бир қисми Шоҳимардон қишлоғи ободонлаштириш жамғармасига ажратилади. Яна бир қисми давлатга солиқ учун тўланиб, қолган қисми ширкатларга қолади. Энди нимага бу ишга чегарачилар аралашяпти, деб сўрасангиз агар, айтаман, бу чегара пунктида паспортга кирди-чиқди печать урилмайди, чунки назорат пункти бўлгани учун уларда печать йўқ. Тартиб бўйича пайпортга печать урилиши керак. Шунинг ўрнига путёвка билан сайёҳ сифатида ўтказишга рухсат берилган, икки томон шунга келишган, бу ерда ҳеч қанақа схема йўқ, - дейди Ҳамиджон Абдураҳимов.

Лекин, Қирғизистон чегарачилари Кўли Қуббонга келган ўзбекистонликлардан путёвка сўраётгани йўқ.

Қирғизистоннинг Курортлар ва туризм ассоциацияси ходими Чинара Ваисова ўзбек-қирғиз чегарасидан ўтаётган ўзбекистонлик сайёҳлари йўлланма билан ўтказилиши тартибидан хабарсиз эканини айтди:

- Бундан хабарим йўқ, лекин чегарадаги тўсиқлар туризм учун зарар. Дам олиш масканларимиз ўзбекистонлик сайёҳлар учун очиқ ва чегаралардан ўтиш енгиллашгани сабаб Ўзбекистондан туристлар оқими кўпайди.

Кўли Қуббон Ўзбекистоннинг Шоҳимардон анклавидан 5 километр жанубда, Қирғизистон ҳудудида жойлашган
Кўли Қуббон Ўзбекистоннинг Шоҳимардон анклавидан 5 километр жанубда, Қирғизистон ҳудудида жойлашган

Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда жойлашган Кўли Қуббон масканига Ўзбекистондан кунига минглаб зиёратчи келади.

Қирғизистоннинг Курортлар ва туризм ассоциацияси маълумотига кўра, икки мамлакат орасида чегаралардан ўтиш тартиби енгиллаштирилгани ортидан ўтган йили Ўзбекистондан сайёҳлар оқими икки баравар ортган.

2016 йилда 350 минг ўзбекистонлик сайёҳ Қирғизистон чегарасидан ўтган бўлса 2017 йили бу рақам 694 мингга қадар ўсган.

XS
SM
MD
LG