Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:06

“Ғалаба” куни Тошкентда Сталин расмини кўтариб намойиш қилишди


9 май куни Тошкентда Сталин портретини кўтариб турган аëл
9 май куни Тошкентда Сталин портретини кўтариб турган аëл

Тошкентнинг Чўпонота (Илгариги Волгоград) кўчасида жойлашган "Биродарлар қабристони" мемориал мажмуасида Иккинчи Жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган 9 май кунги "Барҳаёт полк" акциясида Сталин расмини кўтариб туришди.

Қўлларида қизил армия ва коммунистик тимсоллар билан безалган суратларини тутган иштирокчилардан бирининг майкасида россиялик сиëсатчи Рамазан Қодировнинг ҳам сурати бор эди.

9 майдаги тадбир
9 майдаги тадбир

Озодлик тасарруфидаги видеода иштирокчиларнинг айримлари кўксида "Георгий ленталари", айрим болалар эса ҳарбий кийимларни кийиб олишгани акс этган.

Тадбир ташкилотчилари акцияга шаҳар ҳокимияти рухсат берганини айтмоқда. 2-май куни ҳокимият бундай марш режалаштирилмаган, деган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Тошкентнинг Чўпонота кўчасида "Барҳаёт полк" тадбирига ҳеч ким изн бермаган:

- Қабристонга келиб гул қўйишади деб айтишди. Кейин "Биродарлар қабристони"га келганлар ўзича "Барҳаёт полк" тадбиримиз деб қўлларида қизил байроқ¸ кўкракларида эса лента тақиб туришди. Милиция ходимлари имкон қадар ленталарни олиб ташлаттиришга ҳаракат қилди. Масалан телевидение суратга олаëтганда лентали одамларни кадрга тушмаслигини таъминладик¸ дейди манба.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасидаги Озодлик манбаси эса¸ машиналарга лента таққанларга қарши жиддий кураш олиб борилганлигини айтди:

- Георгий лентаси таққан машиналарни тўхтатиб ечтириб ташладик. Бир иккиталари машинасига Сталин расмини ҳам ëпиштирган экан уни ҳам олиб ташлаттирдик. Машинасини орқа ойнасига "Берлинни олдик" деган ëзувларни ҳам ëзишган экан уни ҳам олиб ташлаттирдик¸ дейди манба.

"Барҳаёт полк" акциясида қатнашган тошкентлик 30 яшар фотосуратчи Сардорбек Давлатов “Сталин портретини кўтарган кишилар ҳатти-ҳаракатини тушунишини” айтди.

- Уларни тушунаман. Биринчидан Тошкентдаги русийзабонлар доимо Россиядан ва Россия тарихидан юпанч излайди. Иккинчидан улар эртадан кечгача рус пропаганда каналларини кўришади. Учинчидан эса улар ва умуман ўзбеклар ўз лидерларига ишонишмайди. Сталин¸ Путин¸ Рамзан бугунги ўзбек ëшлари учун ҳам сиғиниладиган тимсолга айланган¸ дейди суҳбатдош.

Тошкентда "Барҳаёт полк" марши
Тошкентда "Барҳаёт полк" марши

Ўзбекистонда Сталин шарпаси

Бу йил минглаб ўзбек зиëлиларини қатағон қилган Иосиф Сталин вафот этганига 63 йил тўлди. Собиқ совет коммунистларининг сталинизмдан расман воз кечганига 60 йил бўлди.

Расмий баëнот ва ваъзларида воз кечганлари билан коммунистлар амалда сталинизмдан воз кечолмадилар ва Сталин лагерларида ўлган-ўлдирилган миллионлаб аристоннинг суяклари устига қурилган Совет давлати охир-оқибат парчаланиб битган бўлса ҳам ҳануз Сталин шарпаси Ўзбекистонда юргандек таассурот қолади.

Грузиядаги Сталин ҳайкали
Грузиядаги Сталин ҳайкали

СНБ Сталин ҳайкалига қарши

Тошкент вилоятининг Сойлиқ туманида яшайдиган 49 яшар Лазокат Нормирзаева ўз томорқаси ўртасига ўрнатилган Сталин ҳайкалини ҳар куни ювиб-тараш каби ишдан қутулди.

Ўтган йили Лазокат Нормирзаевабинг уйига Ўзбекистон Миллий Xавфсизлик хизматининг зобитлари келиб, 50 йил мобайнида томорқани безаб турган Сталин ҳайкалини демонтаж қилиб олиб кетишди.

Зобитлар Лазокат Нормирзаевага Сталин ҳайкалини уйда сақлаш мумкин эмаслигини тушунтиришди.

Сталин ҳайкали Лазокат опанинг уйида 50 йил турди. 1956 йил феврал ойида Сталинга сиғиниш қораланиб унга қўйилган ҳайкаллар олиб ташланиши ҳақида фармон чиқди.

Сойлиқ қишлоғи атрофидаги пионер лагерлар ҳудудига ўрнатилган Сталин ҳайкалларининг кўпчилигини маҳаллий аҳоли уйларига киритиб вайрон қилинишдан сақлаб қолишди.

Сойлиқ қишлоғида ўз ўқувчилари билан фотосессия ўтказган тасвирчи Умида Аҳмедовага кўра¸ хозир ҳам қишлоқдаги уйларнинг бир-иккитасида Сталин ҳайкали бор.

Аммо энди улар Сталинни мухбирлардан ҳимоя қилишмоқда.

Умида Аҳмедова билан гаплашган Сойлиқ қишлоғи вакиллари Лазокат опанинг уйида турган ҳайкал ҳақидаги мақола интернетда чиққанидан кейин муаммо чиққанини айтишди.

Шу тариқа Хрушчев¸ Брежнев¸ Черненко¸ Андропов¸ Горбачев каби раҳбарлар даврини бошдан кечирган ва Каримов иқтидорининг 20 йилида ҳам ҳеч ким тегмаган Сталиннинг Ўзбекистондаги сўнгги ҳайкалларидан бири олиб ташланди.

Сталин қатағонлари ҳақидаги китоб муаллифи Набижон Боқий Ўзбекистоннинг олис қишлоқларидан биридаги "халқлар дохийси" ҳайкалини бориб кўрди.

Балкондаги Сталин

Лазокат Нормирзаева томорқасидаги Сталин ҳайкали ҳақида мақола ëзган мустақил ўзбек журналисти Алексей Волосевич яқинда халқлар доҳийсининг яна бир тимсолига дуч келганини айтади:

- Бу сафар қаердалигини аниқ айтмайман. Чунки СНБ ходимлари тимсолни ҳам олиб кетишлари мумкин. Тошкент вилоятидаги шаҳарчалардан биридаги кўп қаватли уйлардан бирида Сталиннинг қип -қизил қилиб чизилган суратини кўрдим. Бу потрет ҳақида атайлаб мақола ëзмадим. Чунки Лазокат Xолмирзаеванинг уйида турган Сталин ҳайкали ҳақида ëзганимдан кейин¸ ҳайкални олиб кетиб қолишди. Ҳайкални мусодара қилишга қонуний асос йўқ. Чунки Ўзбекистонда сталинизм расман қораланмаган. Сталинга сиғиниш¸ унинг ҳайкалларини уйда сақлаш борасида қонунда бирор бир чеклов йўқ¸ дейди журналист.

Ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев сталинизм асоратларидан қутулиш осон эмаслигини айтади:

- Осон эмас. Бу асоратлардан қутула олмаганимиз учун аҳволимиз ҳавас қилгудай эмас. Сталинизмдан қутулиш учун мустақиллик пайтида пайдо бўлган бошқа измлар асоратидан қутулиш керак, дейди кекса журналист.

XS
SM
MD
LG