Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:29

Усмонов учоғи Мирзиёев учун ижарага олингани билдирилди


Uzbekistan - president in the US
Uzbekistan - president in the US

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи Ўзбекистон президентининг расмий учоғи сифатида узоқ масофага мўлжалланган рейсларда фойдаланиш мақсадида вақтинча ижарага олинганини маълум қилди. Мирзиёев МДҲнинг Сочидаги саммитига, ундан олдин эса Ню Йоркдаги БМТ анжуманига миллиардер Усмоновнинг самолётида учиб боргани жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан ширкат шундай баёнот билан чиқди.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкати 14 октябр куни ўз саҳифасида маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати президент Шавкат Мирзиёевнинг расмий самолёти сифатида узоқ масофага рейслар учун фойдаланишга самолётларнинг бир неча вариантларини қидириш ва танлаб олиш вазифаси топширилган ва "шинамлик, хавфсизлик ва техник тайёргарлик жиҳатидан Усмоновнинг GlobalJet оператори томонидан таклиф этилган Airbus 340 M-IABU самолёти танланган.

Миллий авиакомпания ҳаво кемаси эгаси бўлган Klaret Aviation Limited компанияси билан тижорат шартларида амалдаги бозор нархлари бўйича ижара шартномасини имзолаганини билдирди.

Лекин, учоқ қанча муддатга ва қандай нархда ижарага олингани ҳақда ширкат баёнотида айтилмаган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Алишер Бурхонович Усмоновга юқорида кўрсатилган шартномага кўра Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан фойдаланиш учун Airbus 340 M-IABU самолётини ижарага беришга рози бўлди ва тезкор тақдим этишга тайёрлиги учун миннатдорлик изҳор этади", - дейилади "Ўзбекистон ҳаво йўллари" сайтида эълон қилинган баёнотда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳафта МДҲнинг Сочидаги саммитига, ундан олдин эса Ню Йоркдаги БМТ анжуманига миллиардер Усмоновнинг самолётида учиб боргани жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан ширкат шундай баёнот билан чиқди.

Мизиёев ўтган ой Ню Йорк шаҳрига Усмоновнинг учоғида учиб боргани ҳақда дастлаб Би-Би-Си Ўзбек хизмати хабар берган эди.

Шу пайтгача Ўзбекистон президенти маъмурияти ҳам, ташқи ишлар вазирлиги ҳам Мирзиёев нега ўзининг давлат учоғи қолиб россиялик миллиардер учоғидан фойдалангани юзасидан изоҳ бермаган.

Ўзбекистон телеканаллари эса телесюжетларда президент Мирзиёев Нью-Йоркка ва Сочига кетадиган самолётни йирик планда кўрсатмади.

Ўзбекистон раҳбари Усмоновга қарашли учоқда мамлакат жамоатчилигидан яширин тарзда АҚШ ва Россияга учгани ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган экспертлар эса, бу ерда “манфаатлар тўқнашуви” бўлиши эхтимолига эътибор қаратишган.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Мирзиёев жамоатчиликка нега бировнинг ҳусусий учоғидан фойдалангани ҳақда тушунтириш бериши керак, дейди.

- Мирзиёевнинг бир неча миллиард доллари бор ва сиёсий қарорларга таъсир ўтказиш салоҳиятига эга бўлган бизнесменнинг учоғидан фойдалангани кўплаб саволларни ўртага чиқаряпти. Шундай саволлардан бири “бу ерда манфаатлар тўқнашуви йўқми”, деган савол. Менимча, бу ерда манфаатлар тўқнашуви яққол кўриниб турибди. Алишер Усмонов давлат раҳбарига ўз учоғини фойдаланишга берар экан, у бунинг эвазига нуфузли мамлакат раҳбаридан нима истамоқда, қандайдир имтиёз ёки узоқни кўзланган манфаат? Усмоновнинг нима манфаат хоҳлаётгани менга қоронғу. Усмонов Кремлга жуда яқин одамлардан. У Кремлнинг Ўзбекистондаги манфаатлари тамсилчиси сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Нима бўлганидан қатъиназар, менимча, Мирзиёев нега бизнесменнинг хусусий учоғидан фойдалангани ҳақида дарҳол изоҳ бериши керак,- дейди Алишер Илҳомов.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев фикрича, ҳар қандай президент ўзи учун мўлжалланган учоқда учиши муҳим нарса.

- Чунки, президентнинг самолёти махсус алоқа воcиталари билан жиҳозланган бўлади. Президент мамлакатда бўлаётган вазиятдан хабардор бўлиб туриши керак. Давлат раҳбарининг алоқа воситалари бошқа, ҳусусий тадбиркор учоғидаги алоқа воситаси бошқа. Президертники махсус шифрланган, кодланган алоқа воситаси. Мамлакатда бирон нарса бўлса у ўзининг маслаҳатчилари билан россиялик тадбиркор Усмоновнинг алоқа воситасида гаплашадими? Бу ҳам манфаатлар тўқнашуви бўляпти, Мирзиёев Усмоновнинг учоғига ўтириб, ўз мамлакати манфаатини оёқ ости қилаётганини кўриш мумкин бу ерда. Бундан ташқари президент ўзининг самолётида учиши рамзий аҳамиятга ҳам эга. Чунки самолётга давлат рамзлари туширилган ва президент шу давлат рамзларини ташувчиси ҳам саналади, - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлаш ва Ўзбекистон-АҚШ Бизнес форумида қатнашиш учун Нью- Йорк шаҳрига россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли Airbus A340-313 учоғида учиб кетгани маҳаллий телевидение ва матбуотда яширилганига қарамай фош бўлди.

Айни пайтда Озодлик Алишер Усмоновнинг Airbus 340 M-IABU учоғи 14 октбяр куни Франциянинг Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ницца шаҳри аэропортида турганини ​Flightradar24 сайти орқали аниқлади.

Агар Алишер Усмоновнинг учоғи Ўзбекистон президенти учун ижарага олинган бўлса нега учоқ Ницца шаҳрида?

Бу саволга Озодлик "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатидан жавоб ололмади.

XS
SM
MD
LG