Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Президент борган касалхонада руҳий касалларнинг таҳқирланаëтгани иддао қилинди (ВИДЕО)


Руҳий касалхона санитар врачи беморни ётқизиб бўғди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

Касалхона кузатув камерасига тушган видеотасвирда беморнинг санитар томонидан ерга ëтқизилгани кўрилади.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган беморлар мунтазам таҳқирланиши ҳақида уларнинг қариндошлари Озодликка шикоят қилди.

21 ёшли Мадина Набижоновага кўра¸ руҳий хаста турмуш ўртоғини санитар врач ерга босиб бўғаётгани касалхона хавфсизлик камерасига 24 апрель куни тушиб қолган ва бемор яқинлари бу видеоëзувни руҳий шифохона ходимлари билан муҳокама қилган.

Набижонова муҳокама пайти шифохона компьютеридаги видеоëзувни телефонига ëзиб олиб¸ уни Озодликка тақдим этди.

Видеода тиббий форма кийган касалхона йўлагида беморни ерга йиқитади ва устига миниб икки қўли билан бўйнидан ушлайди.

Мадина Набижоновага кўра¸ эрининг палатага кириш сўровини қабул қилмай¸ кўчага чиқаман¸ дегани санитарнинг унга нисбатан зўравонлик қўллашига баҳона бўлган.

- Ҳар хил дорилар беришади, бўшаштирадиган. Ўшани таъсирида эрим зўрға юраяпти. Санитар врач бўйнидан ушлаб силтаяпти. Ерга босаяпти, бўғаяпти. Хўжайинимнинг айтишича, ўлиб қолишига сал қолган. Ҳушидан кетиб¸ анча ётган ҳам. Кейин турғизишади, санитар врач уни хўрлаб, бўйнидан ушлайди, яна ерга ётқизади. Мен буни кўриб даҳшатга тушдим. Сизларга шу видеони юбораяпман, бошқа беморларнинг қариндошлари ҳам кўришсин, касалхонада руҳий хасталарни нима қилишларини кўришсин, - дейди Набижонова.

Набижонова видеони ўз кўзи билан кўргач, турмуш ўртоғини касалхонадан чиқариб, уйида даволатишга мажбур бўлганини айтади.

- Доим уриб, силташар экан. Хўжайиним уриб, хўрлашлари ҳақида айтавергач, ўзим бориб, кузатув камерасини текшириб чиқдим. Видеода ўз кўзим билан кўрганимдан сўнг, уни дарҳол шифохонадан чиқариб олдик. Уйда даволатaяпмиз, - деди Набижонова.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасида даволанаётган бошқа бир беморнинг онаси ҳам "таҳқирлаш ва калтаклашлар"нинг бу шифохонада доимий ҳолат эканини айтади.

- Ўғлим тўрт йилдан бери шу касалхонада. Сийиб қўйса¸ доим урар экан. Қаттиқ жароҳат етадиган қилиб урмайдику, лекин уради. Мумкин эмас-да бу. Бунга кўникиб ҳам қолганмиз. Касалхонадан олиб, уйда даволатишга имкониятимиз йўқ, - дейди тошкентлик руҳий беморнинг онаси.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори Хайрулла Ҳусанxўжаев бемор калтаклангани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

- Видеода ҳудди ургандай бўлдию, лекин ҳеч ким ҳеч кимни ургани йўқ. Ўшанда беморнинг қариндошлари даъвойимиз йўқ, деб ёзиб беришган. Агар ходимимиз касални урди, у ёки бу қилди деган нарса бўлса, ҳақиқатан тасдиқланса¸ ўша кунни ўзида ишдан ҳайдавораман. Бир кун ҳам ушлаб турмайман, - деди Хайрулла Ҳусанxўжаев.

Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори фавқулодда ҳолатларда санитар врачларнинг беморга нисбатан куч ишлатишга ҳаққи борлигини қўшимча қилди.

- Руҳий касал ўзи ташланиши мумкин. Ташланган пайтда санитар уни урмайдику, лекин қўлидан ёки бошқа жойидан ушлаб, бир нарса қилиб қўймасин, деразани синдириб қўлини кесиб юбормасин, деб ушлаб, бойлаб ташлашга ҳаққи бор. Лекин, уришга, оёқ билан, қўл билан уришга, ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун шифохонада кузатув камералари қўйилган. Ҳеч ким руҳий касалларни хафа қилмасин, деган маънода қўйилган бу, - дейди Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси бош шифокори Хайрулла Ҳусанxўжаев.

1896 йилда қурилган Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонаси 2013 йилда қайта таъмирланган.

2015 йилда шифохонага ташрифи давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев клиникани республикадаги таянч муассасага айлантириш, руҳий касалликларнинг олдини олиш ва бошланғич босқичдаёқ даволаш амалиётини ривожлантириш, бу борада чет элдаги илмий-тиббий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган эди.

XS
SM
MD
LG