Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:50

Миллий банкдан 1,5 млрд талаб қилаётган “Рустамбанк” очликни тўхтатишини айтди


Рустам Усмонов
Рустам Усмонов

19 йиллик қамоқдан жорий йилнинг 14 февралида озод қилинган андижонлик Рустам Усмонов 7 июл куни эълон қилган очлик акциясини 10 июл куни номаълум муддатга тўхтатганини билдирди.

Ўзбекистондаги илк хусусий банк –“Рустамбанк” муассиси, агар Ўзбекистон Миллий банки унинг талабларини бажармаса, яна очлик эълон қилмоқчи.

Рустам Усмоновнинг иддаосича, у билан Миллий банк ўртасидаги можаро унинг турмуш ўртоғига бундан 2 йил муқаддам ажратилган, лекин 10 фоизигина берилган кредит билан боғлиқдир.

6 июл куни ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Усмонов мана бу ёзувни қолдирди:

“Мен, Усмонов Рустамжон Турдиевич (РУСТАМБАНК) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўта қўпол равишда оёқости қилинганига норозилик билдириб 2017 йил 7 июлдан очлик эълон қиламан. Андижон вилояти, Хонобод шахри, эски универмаг биноси”.

Усмонов қолдирган постда бундан бошқа гап йўқ, масалага аниқлик киритиш учун эса, у киши билан ўз вақтида боғланиб бўлмади.

10 июл куни Усмонов билан боғланганимизда, у очликни вақтинча тўхтатганини билдирди. Шу мазмундаги пост Усмоновнинг Фейсбукдаги саҳифасида ҳам пайдо бўлди.

10 ёзиб, 1 беришади?

Рустам Усмонов, Озодлик саволларига жавоб бераркан, очлик эълон қилиши сабабини айтиб берди.

Усмоновнинг иддао қилишича, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Андижон вилоят, Қўрғонтепа туман бўлими раҳбари 2015 йили унинг турмуш ўртоғи – “Раъно Усмонованинг имзосини қалбакилаштириб, унинг “Хонобод ҳамкор савдо” фирмасига 250 млн сўм миқдорида кредит ажратган, бу пулнинг 10 фоизинигина фирмага ўтказиб, қолганини ўз шериклари билан ўзлаштирган”.

Усмоновнинг айтишича, 250 млн. сўмлик кредитни ажратиш учун Андижон вилоят Хонобод шаҳридаги Усмоновлар оиласига тегишли бўлган икки қаватли универмаг биноси гаров сифатида расмийлаштирилган ва Миллий банк универмагни бундан бир неча кун олдин – 5 июлда бузишга рухсат берган.

Ва Усмонов шу воқеа ортидан, норозилик тариқасида 7 июл куни очлик эълон қилганини Фейсбукдаги саҳифаси орқали билдирди.

Орадан 3 кун ўтиб Рустам Усмонов очлик акциясини тўхтатгани эълон қилди ва бунинг сабабини Озодликка бундай изоҳлади:

“Мен Миллий банк раҳбариятига – Тошкентдаги идорасига – ёзма ахборотнома жўнатдим ва улардан жавоб олгунимча акцияни тўхтатиб туришга қарор қилдим”.

Усмоновнинг айтишича, у Миллий банкдан Хонободдаги универмаг биносини 1 ярим миллиард сўмга сотиб олишни, шу билан оиласи кўрган зарарни қоплашни талаб қилмоқда. “Чунки, бу бино шу кунда қуриладиган бўлса, 2 ярим миллиард сўмга тушади”, деди Усмонов.

Айни пайтда, Рустам Усмоновнинг айтишича, “Миллий банкнинг Қўрғонтепа туман бўлими бошлиғи ва унинг шекриклари устидан жиноят иши очилиб, уларнинг иши судда кўрилмоқда”.

Миллий банк инкор этди

Озодлик Миллий банкдан воқеа юзасидан изоҳ олишга уринди. Ўзини “банк раиси ўринбосари Улуғбек Маткаримовнинг ёрдамчиси”, деб таништирган ходим, гап нимадалигини билгач, "Сизни мутахассис билан боғлайман" деди.

Ўзини таништиришни истамаган мутахассис “ҳеч қандай усмонов-пусмоновни танимаслигини” билдирди, банкнинг Қўрғонтепа туман раҳбарияти устидан жиноят иши очилганини инкор этди, бошқа саволларимизга жавоб беришни истамади.

Шундан сўнг, Озодлик яна Рустам Усмонов билан боғланди. Унинг айтишича, “банк ходимлари томонидан жиноят иши 2016 йилда очилган, жорий йил январида суд жараёни бошланган”.

“Оиламизнинг манфаатлари ҳимоячиси сифатида адвокатимиз билан биргаликда жиноят иши билан танишиб чиққанман”, деди Усмонов.

Бош прокуратура ўз ҳимоясига олганини айтган эди

Ўзбекистондаги илк хусусий банк – “Рустамбанк” асосчиси, 19 йил қамоқда ўтириб, жорий йил февралида озодликка чиққан Рустам Усмонов 2 июн куни Озодликка суҳбат берган, суҳбат у Бош прокуратура мулозими қабулидан яхши кайфиятда чиққан соатда бўлиб ўтган эди.

“Жуда хурсандман. Сиз телефон қилишингиздан сал олдин Бош прокуратуранинг масъул ходими билан суҳбатлашдим. Хурсандман. Оёқ-қўлимдан қанот ўсиб чиққандай бўлди”- деган эди Рустам Усмонов.

Айтишича, прокуратура ходимлари унга тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкинлигини, бу йўлда ҳар қандай ёрдамни беришга тайёр эканликларини билдирган.

Рустам Усмоновнинг 10 июл куни Озодликка айтишича, унинг Миллий банк билан боғлиқ тортишувига прокуратура ҳозирча аралашгани йўқ. Бироқ яқин кунларда бош назоратчи орган мулозими уни қабул қилиши кутилмоқда.

1948 йили Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида туғилган Рустам Усмоновнинг таржимаи ҳолида қайд этилишича, у - иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, иқтисодий мавзуларда ёзилган 300 дан зиёд монография ва мақолалар муаллифидир.

Мақолаларида кичик ва ўрта бизнесни тарғиб қилган Усмоновнинг ўзи 1987 йили Ўзбекистонда асаларичилик ширкатини очган эди. Ёмғир чувалчангларини кўпайтириб сотиб, миллионлар эгасига айланган. Чувалчанглар ёрдамида биогумус ишлаб чиқаришни йўлга қўйган Рустам Усмоновнинг телерекламалари ҳануз кўпчликнинг эсида бўлса керак.

XS
SM
MD
LG