Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:57

Шахматнинг ватани Ўзбекистонми? Балки уни ўзга сайёраликлар олиб келгандир?


Жаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов – Россиянинг Қалмиғистон Республикасини қаттиққўллик билан бошқарган миллионер. У ушбу қадимий ўйиннинг келиб чиқиши ҳақидаги қарашларини ўзгартириб туриши билан танилган.
Жаҳон шахмат федерацияси раҳбари Кирсан Илюмжинов – Россиянинг Қалмиғистон Республикасини қаттиққўллик билан бошқарган миллионер. У ушбу қадимий ўйиннинг келиб чиқиши ҳақидаги қарашларини ўзгартириб туриши билан танилган.

Жаҳон шахмат федерацияси раҳбари шоҳлар, султонлар, қироллар ва императорлар ўйнаган ушбу кўҳна ўйин - шахматнинг ватани – Ўзбекистон, деб айтди.

Йўқ, йўқ, “берди”сини айтганча шошмай туринг.

Шахматнинг ватани – Ҳиндистон ёки Болгария бўлиши мумкин. Ёки уни ўзга сайёраликлар олиб келгандир?

Ғалати қилиқлари билан танилган россиялик миллионер ва жаҳон шахмат ташкилоти – ФИДЕни 1995 йилдан бери бошқариб келаётган Кирсан Илюмжинов жорий ҳафтада Тошкентга сафар қилди ва шахматнинг ватани “мақоми”ни Ўзбекистонга “совға қилиб юборди”.

4 июнь куни Ўзбекистон олимпия қўмитаси ва Шахмат федерацияси вакиллари билан учрашуви чоғида у ФИДЕ Халқаро олимпия қўмитаси номига Ўзбекистонни шахмат ватани деб тан олиш тўғрисида расмий мурожаат тайёрлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон олимпия қўмитаси расмий сайти хабар тарқатди.

Хабарда Илюмжинов ушбу иддаосига қандай исбот келтиргани айтилмайди. Қолаверса, бу унинг 2013 йили Ҳиндистон “шахмат ватани” деган баёнотига ҳам зиддир.

Унинг Тошкентдаги баёноти ФИДЕ президентлиги сайлови кампанияси кескин тус олаётганини англатади.

Апрелда ФИДЕ вице-президенти Георгиос Макропулос ташкилотнинг Президент кенгашига “вазият жирканч ва шахсий тус олаётгани” хусусида маълумот киритган ҳамда Илюмжинов билан яна 4 киши устидан “ёлғон ва туҳмат материаллар тарқатаётгани” учун ахлоқ комиссиясига арз қилган эди.

Георгиос Макропулос октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловида президентликка номзодини қўймоқчи.

Хабарларга кўра, зикр этилган учрашув чоғида Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбарияти кейинги сайловда Илюмжиновни қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Илюмжинов олдинроқ археологлар шахмат доналарига ўхшаш фигураларни Болгария, Монголия ва Лотин Америкасидан топганини айтган эди. 2010 йили “Нью-Йорк Таймс” газетасига берган интервьюсида эса, уни ўзга сайёраликлар олиб келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Шахмат мутахассиси ва тарихчиси Олимпиу Урканга кўра, Иилюмжиновнинг шахматнинг келиб чиқиши ҳақидаги фикрларини ўзгартириб туриши ўзи сафар қилаётган минтақа ёки мамлакат аҳолисига ёқиш истаги билан боғлиқ. Лекин у танқидга учраши билан, ўйинни ўзга сайёраликлар олиб келган, деб туриб олади.

Шахмат тарихчилари унинг келиб чиқиши тўғрисида ҳануз бир тўхтамга келган эмас. Инглиз тарихчиси Ҳ.Ж.Р.Мюррей 1913 йили чоп этилган китобида ўйиннинг турли кўринишлари араб ва форс адабиётида тилга олинганини ёзади.

Яна бир тарихчи Мэрилин Ялом 2001 йили нашр қилинган китобида шахмат милодий VI асрда Ҳиндистонда пайдо бўлгани ва у санскритчада “чатуранга” деб аталганини баён қилади.

ФИДЕ “Озодлик” радиосининг Илюмжинов баёноти хусусидаги мурожаатига ҳали жавоб қайтармади. Унинг шахмат ёки бошқа масалалар юзасидан фикрини тез-тез ўзгартириб туриши обрўсини тушириб юбормоқда.

Илюмжинов 1993 йилдан 2010 йилгача Россиянинг энг камбағал минтақаларидан бири Қалмиғистон республикасига раҳбарлик қилган ва золимлиги билан танилгагн. Бир ёрдамчиси 1998 йили журналистни ўлдиргани учун қамалиб кетди.

2014 йили собиқ жаҳон чемпиони ва Кремлнинг ашаддий танқидчиси Гарри Каспаров Илюмжиновни лавозимидан четлатишга уриниб кўрди, аммо уддасидан чиқа олмади. Бунга Россия ҳукуматининг Каспаровга қарши чиққани, Илюмжиновни қўллаб-қувватлаш учун бутун дунёдаги элчихоналарини сафарбар қилгани сабаб бўлди.

Ўтган йили ФИДЕ Илюмжинов президентлигидан кетди, деган хабар тарқалди, лекин у дарҳол буни “сохта хабар” деб, инкор қилиб чиқди.

АҚШ Молия вазирлиги Илюмжиновни Суриядаги ноқонуний нефть олди-сотдисига аралишб қолгани учун санкциялар рўйхатига киритган.

Макропулос ва яна ўнлаб шахмат ташкилотлари раҳбарлари унга ушбу санкция сабаб истеъфога чиқишни даъват қилиб, хат ёзди.

Илюмжинов бир марта ўзини ўзга сайёраликлар ўғирлаб кетгани, улар билан космик кемада кўришгани тўғрисида ҳам баёнот берган эди.

XS
SM
MD
LG