Тошкентлик 35 ёшли Мадина Усмонова Чилонзор туман Сил касалликлари шифохонаси врачларини унга нотўғри укол уриб, буйрагига шикаст етказганликда айбламоқда. Мадина Усмоновани даволаган шифокор Маъруф Йўлдошев беморга нотўғри укол урилганига оид иддаоларини кескин рад қилди.
Усмонованинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, у цистит (пешоб йўллари шиллиқ қатламининг шамоллаши) касаллиги билан Сил касалликлари шифохонасига борган, врачлар унга “Пирогенал” дори воситасини нотўғри инъекция қилишган.
Бир фарзанднинг онаси Мадина Усмонова, уни таъбирича, "масъулиятсиз шифокорлар" устидан Тошкент шаҳар суди ва Ўзбекистон президенти порталига шикоят қилгани, лекин натижа бўлмаганини айтди.
- Ўша укол қилганидан кейин учта шифохонада ётиб чиқдим. Почкам йиринглаб кетди. Нотўғри укол уриб буйрагимни майиб қилишди. Тошкентдаги Урология марказида операция қилишди. Почкамни олиб ташлашмоқчи ҳам бўлишди, ҳудо бир асради, почкам ўзим билан қолди. Шу марказдаги врачлардан бири айтдики, менга нотўғри укол қилишган, деб. Хуллас, шу Сил касалликлари касалхонасига бориб бир касалим уч бўлди, - деди Усмонова.
Озодлик тошкентлик бемор шикояти юзасидан Чилонзор туман Сил касалликлари шифохонасига боғланди.
Мадина Усмоновани шахсан даволаган шифокор Маъруф Йўлдошев беморга нотўғри укол урилгани иддаоларини рад қилди.
- Бу аёл шунақа касал бўлиб келган, бизга келганида ўзи шунақа аҳволда эди. Мен, унинг ҳисоби бўйича, бешинчи докторман. Нотўғри укол урилмаган. Бу бўйича бизда текширув ўтказилди, текширувлар буни тасдиқлади, - деди Маъруф Йўлдошев.
Усмонова шифокорлар устидан Тошкент шаҳар судига ва Ўзбекистон президенти порталига шикоят қилган.
- Сил касалликлари шифохонаси врачлари суддаги таниш-билишларини ишга солиб ишни бости-бости қилишяпти, мен охиригача курашаман. Чунки мен хоҳлаяпман, бошқа беморлар ҳам ўз касбига совуққонлик билан қарайдиган шифокорларнинг дастидан жабр кўрмасин, - дейди Усмонова.
Мадина Усмонованинг Озодликка билдиришича, у Фуқаролик ишлари бўйича Чилонзор туман судига даъво аризаси топширган. Ишнинг қачон кўрилиши ҳозирча номаълум. Шундай қилиб, Мадина Усмонова билан Сил касалликлари шифохонаси врачлари ўртасидаги можарода ким ҳақлигини суд ҳал қилади.
Суд, балки, врачларнинг айби йўқлигини аниқлар, лекин Ўзбекистонда шифокорларнинг хатоси туфайли беморларнинг нобуд бўлгани ҳақдаги баъзи хабарлар Озодлик аввал эълон қилинган.
Шу йил феврал ойида тошкентлик она шифокорларнинг хатоси туфайли 6 ойлик фарзанди нобуд бўлганини Озодликка айтган.
Ўтган йили июл ойида Тошкентда дорихона ходимлари бемор қизларга "Вермокс" номли паразитларга қарши дори ўрнига шифокор ёзувига тушунмай, юракка алоқадор хасталикларда қабул қилинувчи "Верапамил" дори воситасини берган.
Оқибатда 3 нафар вояга етмаган қиз ҳаётдан кўз юмган эди.