Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:57

"Озодлик"да эълон қилинган шикоятни Тошкент ҳокимлиги 1 кунда ҳал қилди


Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида эълон қилинган суратлар. Чапдагиси Озодликда 2 август куни эълон қилинган. Ўнгдагиси орадан 1 кун ўтгандаги ҳолати.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги сайтида эълон қилинган суратлар. Чапдагиси Озодликда 2 август куни эълон қилинган. Ўнгдагиси орадан 1 кун ўтгандаги ҳолати.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўзининг расмий сайтида “Озодлик” радиосининг “Facebook” саҳифасида эълон қилинган Тошкент шаҳридаги 9 қаватли собиқ ётоқхоналардан бирида оиласи билан истиқомат қилаётган фуқаролардан бирининг ёндош очиқ хонада очиқ шчит туфайли юзага келаётган муаммолари ўрганиб чиқилганини хабар қилди.

Ҳокимлик сайтининг хабар қилишича, масалани "ўрганиш жараёнида ушбу ётоқхона Яшнобод тумани, Авиасозлар 2-даҳаси, 37 уй, яъни собиқ Авиасозлар бирлашмасининг 22-сонли тўққиз қаватли ётоқхонасининг 103-хонаси бўлиб чиқди. Хонадон эгаси Муқаддас Ҳайдарова оиласи билан 2015 йилнинг 2 февралидан буён жойда истиқомат қилиб келиши маълум бўлди. Фуқаро мурожаатида билдирилган салбий ҳолатлар, жумладан М. Ҳайдарова эгаллаб турган хонага туташ бўлган шчитхона бутун бинони электр қуввати билан таъминловчи шчит ҳисобланади. Унинг алоҳида ёпиқ кичик хонада бўлиши бино лойиҳасида белгиланган. Масала жойга чиқиб ўрганилганда шчитхона эшиги йўқлиги ҳамда қаровсиз аҳволда эканлиги ўз тасдиғини топди. Мутахассислар томонидан ушбу салбий ҳолат тезда бартараф этилди. Шчитхонанинг ташқи кўриниши тўлиқ тартибга келтирилиб, унинг кириш қисмига қулфли эшик ўрнатилди".

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қуйидагиларни ҳам билдирган:

"Лекин фуқаронинг шаҳар ҳокими қарори билан уйнинг ярми олиб қўйилмоқчи деган даъволари мантиққа зид. Чунки, бу каби қарор умуман қабул қилинмаган, қабул қилиниши ҳам мумкин эмас. Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарорига асосан фуқароларга 2018 йил 1 июлигача уй-жойларни хусусийлаштириш имконияти берилгани тушинтирилган. Бунга ётоқхоналарда доимий яшаб келаётган фуқаролар тоифаси ҳам киради".

Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Озодлик”ка мурожаатлар ичига чуқурроқ кириб, билдирилган эътирозлар ҳаққонийлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг эълон қилишни" маслаҳат берган.

Озодликдан: Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёритганимиз муаммони фавқулодда тезлик билан ҳал қилганини эътироф этамиз. Муқаддас Ҳайдарованинг шикояти Озодликнинг Sizdan Telegram рукнида 2 август куни эълон қилинган эди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Sizdan Telegram рукнимизга Тошкент аҳолисидан келган бошқа шикоятларга ҳам аҳамият қаратадими? Озодлик кузатишда давом этади.

Муштарийларга айтар гапимиз эса, "Sizdan Telegram - таъсир қилиш сизнинг қўлингизда!"

XS
SM
MD
LG