Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

Бош вазир Ариповнинг Тожикистонга сафари бошланди


Бош вазир Абдулла Арипов (Озодлик архивидан)
Бош вазир Абдулла Арипов (Озодлик архивидан)

Ӯзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистонга 10 январда бошлаган сафари доирасида бу мамлакат расмийлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегара масалаларини муҳокама қилди. Абдулла Орипов президент Имомали Раҳмон билан ҳам мулоқот ўтказди.

Тожикистон президенти матбуот хизматига кўра, Имомали Раҳмон Абдулла Арипов билан мулоқот чоғида Ўзбекистон билан муносабатлар Тожикистон учун катта аҳамиятга эга экани ва икки давлат раҳбарлари ушбу муносабатларни юқори даражага кўтаришга ҳаракат қилаётганликларини айтган.

Тожикистон президенти матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзоданинг Озодлик радиосига айтишича, мулоқот чоғида икки давлат орасидаги савдо ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги чекловларни бартараф этиш ва чегара масалалари муҳокима бўлган.

“Мазкур учрашувда чегара ва виза масалалари, ватандошлар борди-келдисини соддалаштириш, Тожикистоннинг Хатлон вилоятини Ўзбекистон билан боғлаб турувчи темир йӯл алоқасини тиклаш, чегара минтақаларини миналардан тозалаш ва чегарадаги мавжуд ўтиш пунктларини очиш каби икки томонлама масалалар муҳокама бӯлди”-деди Абдуфаттоҳ Шарифзода.

Унинг қўшимча қилишича, Тожикистон президенти минтақадаги сув ва энергетика манбаларидан унумли фоидаланишда Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришда қўшни Ўзбекистон манфаатларига зид амалларга йӯл қўйилмаслигини айтган.

Президент билан мулоқотдан сўнг Абдулла Арипов иқтисодий ва савдо бўйича Қўшма комиссия ишида иштирок этади. Музокаралар якунида икки давлат орасида қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Бош вазирининг Тожикистонга сафари жараёнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифига тайёргарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари жорий йилнинг баҳорида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

6 январь куни Тошкент вилоят халқ депутатлари кенгаши сессиясида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Тожикистонга расмий сафар қилиш учун тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.

Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи давомида икки томонлама йирик ва муҳим битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Ислом Каримов вафотидан сўнг президентликка келган Шавкат Мирзиëев Тожикистон билан муносабатларни яхшилашга уринмоқда.

Тожикистон ҳукумати сўнгги бир йилга яқин муддат ичида Ўзбекистон билан савдо алоқалари 5,7 маротаба ўсиб, 2015 йилдаги 12 миллион доллардан 69 миллион 200 минг долларга етганни билдирди.

Аммо чегара чизиғини аниқлаш ва чегарадаги баҳсли минтақалар масалаларини ҳал қилиш тўғрисида томонлар келишувга эришмаган.

Чегаранинг энг асосий баҳсли ҳудудларидан бири Тожикистон ҳудудида жойлашган, ўтган асрнинг 40- йилларида қурилган Фарҳод тўғони ҳисобланади.

Ӯзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг Тожикистонга сафари 11 январда якунига етади.

XS
SM
MD
LG