Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:32

Трамп Ўзбекистонни "террорчи давлат"лар қаторида тилга олди


АҚШда Республикачилар партиясидан президентликка номзоди илгари сурилган Доналд Трамп Ўзбекистонни “террорчи давлат”лар қаторида тилга олди. 4 август куни Портланд шаҳрида ўз тарафдорларининг намойишда жаноб Трамп бошқа давлатлардан мусулмонларни Қўшма Штатларга киришини тақиқлаш ғоясини яна бир марта илгари сурди.

Сомали, Марокаш, Сурия, Афғонистон, Филиппин, Ироқ, Покистон, Яман каби давлатлар қаторида Ўзбекистон фуқароларини ҳам АҚШга киришини тақиқлаш кераклигини таъкидлар экан Трамп намойишга йиғилганларда “Ўзбекистон ўзи қаерда жойлашган” деб сўраб ҳам қўйди.

Жумладан, республикачи номзод ўз чиқишида АҚШнинг Айдахо штатида террорчиликни қўллаганликда айбланиб, 25 йилга қамалган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов билан боғлиқ воқеани эслади.

- “Юбек”, бу нималигини биласизларми? Ўзбек муҳожири. Қаранг, Айдаҳода яшовчи ўзбек муҳожири террорчи ташкилотни дастаклаганликда айбланди. У юз минглаб муҳожирларга террорчиликдан сабоқ берганликда айбланди ва қўлга олинди. Бундайлар дунёнинг энг хавфли жойларидан келяпти. Қаранг, ўзбек муҳожири одамларни террорчиликка ёллаб, уларга бомбани қандай ясашни ўргатяпти, зўр-а. Мен бундайларни мамлакатимизда истамайман, - деди Трамп.

Шунингдек, Доналд Трамп Бостондаги террор ҳужумларида айбли деб топилган ака-ука Царнаевларни тилга олди.

– Биз террорчи мамлакатлардан одамларни бу ерга келишига йўл қўйиб беряпмиз. Бунга чек қўйиш керак, чунки уларни кимлигини, қанақа ниятда келаётганини билиш имконсиз, - деди Доналд Трамп.

АҚШда президентликка номзод Доналд Трамп бундан аввалги чиқишларида ҳам АҚШга мусулмонларни киритмасликка чақирган.

Ўтган йили Калифорниянинг Сан Бернардино шаҳридаги террор ҳужумлари ортидан республикачи номзод АҚШга мусулмонларни киришини тақиқлаб қўйиш кераклигини таъкидлаганди.

Шунингдек, жаноб Трамп АҚШда баъзи масжидлар ёпилиши ва АҚШдаги мусулмонлар мунтазам равишда кузатув остида бўлишлари лозимлигини ҳам айтган.

Оқ уй ва бошқа республикачилар Трамнинг бундай чақириқларини қоралаб келади.

Вашингтон маъмурияти Трампнинг бундай сўзлари АҚШ қадриятлари ва миллий хавфсизлик манфаатларига зид эканини билдирган.

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Барак Обама ўз чиқишида "Доналд Трампн президент бўлишга лойиқ эмас", дея таъкидлаганди.

XS
SM
MD
LG