Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:09

Ўзбекистонлик УАШнинг чиқимлари киримидан кўп


"Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган меъёрга кўра, 1 ставка учун 724 минг сўм ёзувда, қўлга тегиши эса 650 минг сўм атрофида. Долларнинг кўчадаги курсида ҳисобласак, врач ойига 80-90 доллар ҳақ олади. Масалан, Польша билан солиштирсак, у ёқдаги врачлар ўртача 2-3 минг доллар маош олишади. Яъни, 30 баравар юқори!", дейилган Озодликка келган хатда УАШнинг (“умумий амалиёт шифокори”) иш ҳақи тўғрисида.

Исм-фамилияси кўрсатилмаслигини сўраган муаалиф хатини таҳрирсиз, имло ва пунктуациясини сақлаган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

***

Бутун дунёда энг улуғ касблардан бири шифокорлик ҳисобланади ва бу касб эгалари ўзларининг жонкуярликлари билан бошқа касб эгаларидан ажралиб туришади. Шифохонага борганимизда бизнинг дардимизни тинглаб, унга даво топиб, бизнинг соғлигимиз ҳақида қайғуришади. Ҳозир эса, биз шифокорларимизни қийнаётган масала ҳақида сўз юритамиз ва уларнинг дардини тинглаймиз! Бугун кўпчилик врачларни катта ойлик олади, шунинг учун пул олмай, ўз ишини виждонан бажариши керак, деб ҳисоблайди. Жуда кўпчилик врач бўлишни орзу қилган, болаларини врач қиламан, деган орзуда ўқитади.

Энди врачликнинг Ўзбекистондаги ҳозирги аҳволига бироз назар ташласак. Аввало, ўқув юртларидаги ҳолат: ўқув йили яқингача 7 йил эди. 7 йилда ҳам аниқ мутахассислик ололмасдан дипломга УАШ, яъни “умумий амалиёт шифокори”, деб ёзиб беришади. Бу лавозим, қўпол қилиб айтганда, “ҳамширанинг акаси”, дегани. Яъни, умуман обрўси йўқ лавозим. Майли, буни қўйиб турайлик, 6-7 йиллик таълимда тўлов шартнома миқдори бошқа институтлардан кўра деярли 1,5 – 2 баравар юқори.

Масалан, университетда ўқийдиган талаба учун 4,5 млн бўлса, тиббиёт олийгоҳларида 8 млн сўм тўлов амалга оширилади. Ҳолбуки, 6-7 йил ичида 4 йиллик таълимда ўқиганлар магистратурани битириб,1 йил ишлашга ҳам улгуради, яна ойлиги 1,5 баравар юқори. Энди уйланиш ва бошқа муаммоларни қўйиб турайлик. Мана меҳнат вазирлигининг статистикасига эътибор берсангиз, УАШ мутахассислар етарли эмас. Яъни республиканинг ҳамма поликлиникаларида камида 4-7 тадан УАШ мутахассис етишмаяпти.

Табиий савол туғилади: нега? Сабаби аниқ: битирувчилар УАШ бўлиб ишлашни хоҳлашмайди. Сабаби, юклама кўп, ойлик эса жуда паст. Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган меъёрга кўра, 1 ставка учун 724 минг ёзувда, қўлга тегиши эса 650 минг атрофида. Долларнинг кўчадаги курсида ҳисобласак, врач ойига 80-90 доллар ҳақ олади. Масалан, Польша билан солиштирсак, у ёқдаги врачлар ўртача 2-3 минг доллар маош олишади. Яъни, 30 баравар юқори!

Энди тиббиёт сифатини улар билан солиштириш ғирт аҳмоқлик бўларди. Шунинг учун мен билан битирган жуда кўп курсдошларим дори компанияларида ташвиқотчи бўлиб кўчама-кўча қиммат дорини тавсия қилиб, аҳолини алдашга мажбур бўлмоқда. Чунки улар юкламага мос равишда бўлмаган иш ҳақи тўланадиган жойда ишлашни хоҳлашмайди, ишлай олишмайди! Келинг, солиштириб кўрайлик (бошқа касб эгаларини камситишдан йироқман). Масалан, ҳозирги ёшлар иттифоқи (собиқ камолотчи)ларнинг ойлиги 800-900минг атрофида экан ёки айрим иш стажига эга врачдан кўп маблағ олишади. Очиғи, ўрта маълумотлилар билан деярли бир хил, баъзи ўринларда ҳаттоки кам ойлик олинади.

Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати ҳақидаги барча мақолалар айнан соғлиқни сақлаш ходимлари учун ҳам баб-баравар тегишли! Яъни шунча кам иш ҳақининг устига мажбурий чопиқ, кўча тозалаш, аҳолини рўйхатга олиш, пенсиясини пластикка ўтказиш ва ҳоказолар ҳам врач-ҳамшираларнинг бўйнига юкланган.

Энди УАШ фаолиятига назар ташласак. Қоидага кўра, УАШ 1 ставка иш жараёнида 6 соат иш жойида 40-45 нафар касал қабул қилиши (аслида, бу ҳам меъёрга тўғри келмайди, чунки бир беморга ўртача 15-20 дақиқадан кам сарфлаш сифатсиз тиббий кўрик ҳисобланади), қолган 2 соатда эса ўзига бириктирилган оилавий участкага беморларни кўриш учун бориши керак.

Масалан, УАШ бўлиб Фарғонада ишлайдиган курсдошим мисолида ойлигининг тақсимотини қилиб кўрайлик. У ижарага 400 минг сўмдан туради. Ойига 100 минг атрофида “коммуналский" тўлайди. Поликлиникага бориб келиш учун 60 минг атрофида йўл харажатлари ва тушлик қилиш учун кунига 3-4 мингдан ойига 120 минг атрофида пул сарфлайди. Ишхонадаги ҳисобот, логистика, комиссия учун йиғимлари ойига камида 50 минг, баъзида 200 минггача боради. Энди шуларни ҳисоблаб кўрсак, ўртача 750 минг атрофида маблағ сарфлаяпти.

Айтганча, бириктирилган участкага бориш учун алоҳида маблағ сарфлайди, у ҳам 100 минг атрофида, жами 850 минг сўм. Ана энди оиласи ва 2 фарзандини қайси пулга боқишини ким ўйлайди? Орттириб, бирор нима қилиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Хуллас, Леонардо Да Винчи айтганидек: Математикага асосланмаган соҳа сафсатадир!

Илтимос шу мавзуни хам долзарб килиб кутаринглар зора ойликлари ошса.

XS
SM
MD
LG