Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:02

Бешариқда ҳокимиятдан 16 минг долларга ер олиб беришни ваъда қилган гуруҳ ушланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти​ (Департамент) ходимлари ер участкасини ажратишда фирибгарлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ - икки кишини қўлга олди.

Департаментнинг Бешариқ туман бўлими мулозими Озодликка мазкур ҳолат юзасидан 26 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётганини билдирди.

Бешариқда ҳокимиятдан 16 минг долларга ер олиб беришни ваъда қилган гуруҳ ушланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган 36 ёшли Нуриддин Ҳамроқуловнинг Озодликка айтишича, устидан жиноят иши қўзғатилгани айтилаётган икки киши, унинг мурожаатига асосан, 23 ноябрь куни Бешариқ туманидаги 16 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун ажраттириб бериш эвазига 8000 АҚШ долларини олган вақтда ушланган.

Бешариқ тумани ҳокимиятида таниш-билиши борлигини айтиб, ер участкалар ажратиш ва расмийлаштириш масаласини ҳал қилишга ваъдалар берган бу шахслар "ёрдами" учун Ҳамроқуловдан жами 16 минг АҚШ доллари талаб қилган.

- Улар 16 сотих ерни таклиф этишди 16 минг АҚШ долларига. Шу ернинг қонунийлигини суриштириб, Бешариқ туман прокуратураси қошидаги Департаментга мурожаат қилдим. Шундан сўнг улар гуруҳнинг кетидан тушишди. 23 ноябрь куни жиноятчи тўда билан гаражда учрашишга келишдик, бу ҳақда Департаментга айтдим. 8 минг АҚШ долларини уларга олиб бориб бердим, пулни санаб бошлаши билан Департамент ходимлари босишди, - деди Нуриддин Ҳамроқулоа.

Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими мулозими мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича 26 ноябрь куни жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётганини билдирди.

Мулозим қўлга олинган шахсларнинг исми ва қаерда ишлашини очиқламади.

- Кеча бу иш бўйича жиноят иши очилди, тергов сири юзасидан маълумот беролмайман, - деди Департамент мулозими.

Нуриддин Ҳамроқуловнинг иддаосича айбланувчилар унга туман ҳокимиятида танишлари борлиги, амакиси туман кенгаши депутати эканини айтган:

- Булар фермерларнинг ерларини олиб қўйиб, бошқаларга сотаётганини эшитардиму ишонмас эдим. Лекин мана аниқ бўлдики, демак уюшган жиноятчи тўда бор экан Бешариқда. Буларнинг одамлари ҳокимиятда ҳам бор экан. Қўлга олинганлардан бирининг амакиси Бешариқ туман кенгаши депутати Абдураҳмон Исоқовдир. "Амаким қилиб беради, ишонавреинг" деган менга. Яна бир қариндоши туман Архитектура бўлимида ишлайди. Кадастрда ҳам одамлари бор буларни, - деб иддао қилди Ҳамроқулов.

Маълум бўлишича, тергов доирасида Исоқов ҳам сўроқ қилинган ва қўйиб юборилган.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Бешариқ тумани кенгаши депутати Абдураҳмон Исоқовнинг ўзи билан боғланди ва ундан изоҳ сўради.

- Менинг бу ишга умуман алоқам йўқ. Битта алоқадор жойим -гумонланувчилардан бири акамнинг ўғли бўлгани учун булар мендан шубҳа қилишяпти. Сиздан олдин булар менинг устимдан прокуратурага ёзишган. Лекин бу ишларга мени умуман алоқам йўқ, - деди Исоқов.

Бешариқ туман ҳокимлиги расмийларидан эса, ер билан фирибгарлик ҳақидаги иддаолар юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида ер ажратиш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш бўйича 156 та коррупция ҳолатлари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Уларнинг 61 таси уй-жой, 44 таси деҳқончилик ва томорқа, 33 таси тадбиркорлик қилиш ва 18 таси бошқа ҳолатлар билан боғлиқ.

Қўлга олинганлар орасида вилоят ва туман ҳокимлиги мулозимлари ҳам бор.

XS
SM
MD
LG