Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:20

Тошкентда йўл инспектори иштирокидаги авария қурбонларидан бири дафн этилди (ВИДЕО)


28 апрель кунги авария оқибатида ўлган 63 яшар Ҳамидилло Атаметов 30 апрель куни дафн этилди.
28 апрель кунги авария оқибатида ўлган 63 яшар Ҳамидилло Атаметов 30 апрель куни дафн этилди.

Йўл-патруль хизмати инспектори, сержант М.Ҳасанов госпиталда даволанмоқда. Уни жавобгарликка тортиш масаласини суд ҳал қилади. Ҳасановнинг иши билан Тошкент шаҳар прокуратурасининг Тергов бўлими шуғулланмоқда. Бу маълумотни Озодлик 1 май куни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан олди.

Сержант М.Ҳасанов иштирокида 28 апрель тонгида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидасодир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган икки кишидан бири, 63 яшар Ҳамидилло Атаметов 30 апрель куни дафн этилди.

72 яшар Халилилло Атаметовнинг иддао қилишича, укасининг ўлимига Йўл-патруль хизмати ходимининг тезликни оширгани сабаб бўлган.

Воқеа гувоҳи - видео

Озодлик қўлга киритган видеотасвирда тунда содир бўлган оғир авария акс этган.

Тошкентда йўл инспектори иштирокидаги авария қурбонларидан бири дафн этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:47 0:00

Чорраҳадан (кейин маълум бўлишича, А.Темур-Боғишамол кўчалари чорраҳаси) тун қоронғисида катта тезликда енгил машина ўтиб кетади. У, видеони тақдим этган фуқаронинг айтишича, “Малибу” автомашинасидир. “Малибу” чорраҳадан светофорнинг яшил чироғида ўтади.

Шундан сўнг қарши йўлдан келаётган “Жигули” яшил чироқда чапга бурилиш учун манёвр бошлайди.

“Жигули” манёврини якунига етказишга улгурмасдан, унинг ўнг ёни орт қисмига катта тезликда келган енгил машина урилади.

Келиб урилган машина, видеони тақдим этган фуқаронинг айтишича, Йўл-ҳаракат хавфсизлиги хизматига қарашли “Ласетти” автомашинаси эди.

Видеода “Ласетти”нинг чироқлари ёниқ эканлиги, бироқ ЙПХга қарашли махсус машина эканлигини билдирувчи сиренаси ёниқ эмаслиги кўриниб турибди.

“Ласетти”нинг жуда катта тезликда келганини, у тўқнашувдан кейин яна бир неча (ўн?) метрга юриб бориб, орти билан йўл ўртасидаги тўсиқни бузиб, қарши йўлга ўтиб қолганидан тахмин қилиш мумкин.

Воқеа тўғрисида ИИВ хабари

Бу воқеа тўғрисида 29 апрель куни Ички ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган хабарда бундай дейилган:

“Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида 28 апрель куни соат 04.35ларда О.Ҳайдаров бошқарувидаги “ВАЗ-2107” русумли автомашинани А.Темур-Боғишамол кўчалари чорраҳасида ҳайдаб кетаётиб, чап томонга бурилган вақтида шу чорраҳада асосий йўлдан келаётган ЙПХ инспектори сержант М.Ҳасанов бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган”, дейилган ИИВ хабарида.

Хабар давомида “ВАЗ-2107” автомашинаси йўловчилари, Тошкент вилояти Қибрай туманида яшаган А.Позилова ва осиё миллатига мансуб 55-60 ёшлардаги номаълум эркак киши жароҳат олиб, воқеа жойида ҳалок бўлгани” айтилган.

"Осиё миллатига мансуб" киши дафн этилди

Озодлик “осиё миллатига мансуб 55-60 ёшлардаги номаълум эркак киши” тошкентлик 63 яшар Ҳамидилло Атаметов эканлигини аниқлади.

Марҳумнинг акаси, 72 яшар Халилилло Атаметовнинг Озодликка айтишича, укаси 30 апрель, душанба куни дафн этилган.

- Кеча (30 апрель – таҳр.) Оқил ота масжидида аср намозидан кейин жанозаси ўқилди. Оқил ота қабристонига дафн қилдик,- деди марҳумнинг акаси.

2 кеча-кундуз бедарак бўлган ука

Воқеа 28 апрель, тонг саҳарда бўлган. Бироқ марҳум Ҳамидилло Атаметовнинг яқинлари унинг қаердалигини икки кун давомида, яъни 30 апрель эрталабгача билмаган.

Ваҳоланки, Халилилло Атаметовнинг айтишича, у "102" га телефон қилганидан сўнг, 29 апрель куни кечқурун, Атаметовлар хонадонига участка нозири ёрдамчиси 4 ходим билан келган. "Суриштириб кўрамиз", деб қайтиб кетишган.

- Улардан кейин 1-2 соат ўтгач, 4 та мелиса келди. Орасида капитан бор, старший лейтенант бор, қолган иккитаси формасиз эди. Ҳамидиллонинг уйини кўрди, хоналарини суратга олди. Иккита қўшнини чақириб, бир қоғозга қўл қўйдиришди ва кетишди. Нима учун келишганини айтишгани йўқ. Ҳамидилло тўғрисидаям бир гап айтишмади, - деди Халилилло Атаметов.

Укасининг қаердалигини Халилилло Атаметов эртаси куни “102” хизматининг маслаҳати билан аввал Юнусобод туман прокуратурасига, кейин Тошкент шаҳар прокуратурасига телефон қилиб билади ва уни янги ТошМИнинг моргидан топади.

Марҳумнинг яқинларидан ЙПХ ходимлари ҳол сўрамади

Халилилло Атаметов билан Озодлик 1 май куни, унинг укаси дафн этилганидан 1 кеча-кундуз ўтганда гаплашди.

Бу вақт ичида Атаметовнинг айтишича, йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган М.Ҳасанов ишлайдиган ташкилотдан марҳумнинг яқинларидан ҳол сўраб қўйиш учун ҳеч ким келмаган.

- Ҳеч ким келгани йўқ. Ҳеч ким ҳол-аҳвол сўрагани йўқ. ГАИдан ҳеч ким келгани йўқ, - деди марҳумнинг акаси.

"Чўнтагида анча пул бўлган бўлиши керак эди"

Халилилло Атаметовнинг айтишича, укаси савдо-сотиқ билан шуғулланган ва 28 апрель тонгида ҳам товар сотиб олиш учун бозорга бориш мақсадида йўлга чиққан. “Шунинг учун ёнида камида 4-5 млн. пули бўлиши керак эди. Лекин укамни беришаётганда ёнидан чиқди деб 150 мингга етмаган пул беришди, уни укамни олиб келиб берган ҳайдовчига тутқаздим”, - деди Атаметов.

"180 га босмаса, шу иш бўлмас эди"

Cуҳбат охирида Халилилло Атаматов укасининг ўлимида ЙПХ ходимини айблади.

- Бундай воқеаларни, 170-180 км тезликда ҳар-хил машиналарни қувлаб, ГАИ ходимлари қилаяпти. Қувлаётганиданн бир нарса ундираман, деган бўлса керакда. Мана бекордан бекорга укам ўлиб кетди,- деб йиғлаб юборди ёши 73 га қараб кетаётган оқсоқол.

Марҳум Ҳамиддилло Атаметовнинг ортида унинг 20 га кирган талаба ўғли қолди.

Ҳалокатга учраган бошқалар

Озодлик Ҳамидилло Атаметов билан битта машинада ҳалок бўлган қибрайлик А.Позилова тўғрисида маълумот тополмади.

“Ласетти” автомашинаси ҳайдовчиси сержант М.Ҳасанов ва унинг йўловчиси ЙПХ инспектори сафдор Ф.Оққулов ҳамда “ВАЗ-2107” автомашинаси ҳайдовчиси О.Ҳайдаров ва унинг йўловчилари Юнусобод туманида яшовчи О.Ғаниев, Бухоро вилоят, Қоракўл туманида яшовчи Ш.Чориевлар жароҳат олиб касалхонага ётқизилгани тўғрисида ИВВ расмий сайти 29 апрель кунги хабарида билдирган.

XS
SM
MD
LG