Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:08

Матбуот: Ўзбекистон аҳолиси халқаро мезондан 4 баравар кам балиқ ейди


​​​Ўғлига ўзи шаръий никоҳ ўқиб уйлантирган ота 5 суткага қамалди
​​​Ўғлига ўзи шаръий никоҳ ўқиб уйлантирган ота 5 суткага қамалди

Бухорода мактаб директорининг айби билан икки ўқувчи нобуд бўлди. Ўғлига шаръий никоҳ ўқиган ота жазоланди. Ҳарбий хизматда ногирон бўлиб қолган эҳтиёжмандга нафақа берилмаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бухорода икки мактаб ўқувчиси ток уришидан нобуд бўлди

Бухоро вилояти Когон туманида мактаблардан бирининг директори айби билан икки ўқувчи нобуд бўлди (“Ҳуқуқ”, 15 ноябрь). Исми ошкор этилмаган директор мансаб ваколатидан фойдаланиб, танишига мактаб олдида металдан ясалган дўкон ўрнатишга рухсат берган. Директор дўкондордан ойма-ой пул олиб туради. Мактаб ҳудудидаги хўжалик ишлари учун қоидага зид равишда дўконга тортилган электр симидан фойдаланилган. Аммо бир гал электр сими тармоқдан узилмай очиқ қолдирилган. Электр сими дўкон металл корпусига тегиши оқибатида эса ток ҳосил бўлган. Мактаб ёнида ўйнаб юрган икки ўқувчи дўкон корпуси ушлаши оқибатида уларни ток урган. Икки ўқувчининг нобуд бўлишида айбдор деб топилган директор ва унинг ўринбосари жазолангани хабар қилинган.​

Ўзбекистонликларнинг балиқ ейиш кўрсаткичи халқаро мезондан 4 баравар пастлиги айтилди

Ўзбекистон аҳолисининг балиқ ейиш кўрсаткичи халқаро мезонлардан пастлигича қолмоқда (“Жамият”, 9 ноябрь). Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсуповнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига берган ҳисоботида ушбу масала ҳам кўтарилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бир киши бир йилда 12 килограмдан кам бўлмаган миқдорда балиқ истеъмол қилиши лозим. Бироқ Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача 3 килограмни ташкил этмоқда. Ўзбекистон президенти жорий йил 6 ноябрда имзолаган қарорда ҳам интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича вазифалар белгиланган.

Ўғлига ўзи шаръий никоҳ ўқиб уйлантирган ота 5 суткага қамалди

Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи 54 ёшли шахс диний маълумоти бўлмай туриб ўғлига шаръий никоҳ ўқигани учун жазоланди. Бу ҳақда Олий суд бир қатор матбуот нашрлари орқали хабар берган. Қайд этилишича, 54 ёшли шахснинг ўғли хотини билан жанжаллашиб қолган. Келин отасиникига кетган пайтда қайнота ҳали қонунан ажрашмаган ўғлини бошқа бир аёлга уйлантирган. Шаръий никоҳни эса ўзи ўқиган. Биринчи келини бундан хабар топиб, яширин равишда никоҳ ўқигани учун қайнотасини жазолашни сўраб ҳуқуқ идораларига арз қилган. Пахтаобод туман маъмурий суди раиси Зафар Тўхтасиновга кўра, расмий диний маълумотсиз никоҳ ўқиган отага 5 сутка қамоқ жазоси тайинланган.

Андижондаги боғча ваннасида ухлаб ётган бола ким экани маълум бўлди

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги 9-сонли мактабгача таълим муассасаси фаолият ўрганилганда, боғча ичидаги ванна ичида мурғак бола ухлаб ётгани аниқланган (“Даракчи”, 15 ноябрь). Текширув вақтида ванна ичида ухлаётган бола боғча тарбияланувчиси эмаслиги, у боғча ошпазининг набираси экани маълум бўлган. Қайд этилишича, ошпаз аёлнинг қизи шошилинч равишда шифохонага кетган ва у ошпаз набирасини ишхонасига олиб келган. Набирасининг уйқуси келгач эса, буви ванна ичига тўшак солиб ўша ерда ухлатган. Ҳисобда кўрсатилмаган тарбияланувчилар юзасидан изоҳ берган Мактабгача таълим вазирлиги мазкур боғчадаги вазият тўлиқ ўрганилмагунга қадар хулоса қилишга эрта эканини айтган.

Ҳарбий хизматда ногирон бўлиб қолган сирдарёлик унга нафақа берилмаётганидан арз қилди

Сирдарё вилояти Гулистон туманида яшовчи Муҳаммад Файзуллаев 1987 йилда ҳарбий хизматда оғир хасталикка чалиниб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган (“Оила даврасида”, 15 ноябрь). У дастлаб тиббий кўрикдан ўтмаган, нафақа олишни ҳам ўзига ор деб билган. Аммо моддий қийинчиликлар ортидан расмий идораларга мурожаат қилган ва бир муддат нафақа олиб турган. Аммо 2013 йили унга нафақа берилиши тўхтатилган. Айни вақтда тўшакка михланиб қолган М.Файзуллаев нафақа берилмаётганидан арз қилган. Қайд этилишича, юпқақўл оиланинг нафақа сўраб қилаётган мурожаатларига мутасадди идоралар эътибор бермаётир.

“Даврбанк” ойлиги камлигини рўкач қилиб журналистга кредит ажратишни рад этди

“Даврбанк” журналистнинг ойлиги камлигини рўкач қилиб унга кредит ажратишни рад қилди (“XXI аср”, 15 ноябрь). “XXI аср” газетаси мухбири автомобиль олиш учун кредит сўраб “Даврбанк”ка мурожаат қилган. Кераклиги ҳужжатларни тайёрлаганида унга ойлиги кредит учун етарли эмаслиги айтилган. Шундан кейин журналист рафиқаси ва яна бир ҳамкасби – жами уч кишининг даромадини қўшган ҳолда ҳужжат топширган. Кейин эса банк газета МЧЖ эканини баҳона қилиб кредит беришни рад этган. Қайд этилишича, “Даврбанк”нинг турли баҳоналар билан кредит беришни рад қилиши кўп кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG