Ўзбекистонлик атроф-муҳит ва ҳайвонот дунёси ҳимоячилари одамлар ижтимоий тармоқларда "кўршапалак уясининг бир донасини бир неча минг доллардан сотиб оламан", деган уйдирмага учиб жонзотларга зиён келтираётганидан ташвиш билдирмоқда.
Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти шу кунларда кўршапалак уяси учун 5 минг доллар таклиф этилаётгани ва бу орқали катта пул ишлаш мумкинлиги борасидаги гап-сўзларга тўлиб-тошган.
Баъзилар уяни 10 минг долларга ҳам сотиш мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.
Бундай гап-сўзлар ортидан баъзилар тоғ-тошлар ва ғорлардан кўршапалак инини қидиришга тушган.
Ижтимоий тармоқларга қўйилган айрим видеоларда одамлар кўршапалак инини бузаётганини кўриш мумкин.
Тошкентдаги “Живая планета” ҳайвон ҳимоячилари жамияти фаоли Анастасия Ташилова Озодлик билан суҳбатда “кўршапалак ини васвасаси” деб қанотли жонзотлар уялари вайрон қилинаётганидан ташвиш билдирди. У одамларни бу уйдирма гапларга ишониб, табиатга озор бермасликка чақирди:
- Бундай мантиқсиз гапларга учиб одамлар беозор кўршапалаклар уяларини бузмоқда. Ишонманг бу гапларга, ёлғончи ва фирибгарлар томонидан ўйлаб топилган бу! Бемаънилик деб, жонзотларнинг уяси бузилгани қоляпти.
Озодлик ижтимоий тармоқда "кўршапалак уясини 5 минг долларга сотиб оламан", деб эълон берганлардан бири билан боғланди.
Исмини айтмаган харидор нархнинг бу қадар қимматлигига сабаб уянинг саратон ва инсульт касалликларига даво эканини иддао қилди.
- Араб давлатларида кўршапалак уясидан саратон кассалигига дори ясашар экан, шунинг учун қиммат, - дейди исмини айтмаган харидор.
Лекин, кўршапалак инини 5 минг долларга сотиб олганмисиз деган саволга "йўқ" деб жавоб қилди.
- Чунки биз хоҳлаётган кўршапалак инини ҳали ҳеч ким топиб олиб келмади-да, - деди суҳбатдош.
Айрим тармоқ фойдаланувчилари кўршапалак уяси олтинга ёпишиб олиш хусусиятига эга экани ҳақида ёзмоқда.
- Олтинни ўзига оҳанрабодай тортар экан, - деб ёзди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
Тошкентлик социолог Тоҳир Собиров Озодлик билан суҳбатда кўршапалак ини васвасасини Аҳмадбой молиявий пирамидасига қиёслади:
- Бу каби чалғитувчи пирамидалар илгари ҳам бўлган. Аҳмадбой пирамидаси, ҳамма бойиб кетиш илинжида бор-будини олиб бориб Аҳмадбойга олиб топширди, охири нима бўлди. Бундан олдин эски “Singer” тикув машиналарини 5 минг долларга оламан ёки 16 килограммли гиряни “Captiva’га алмашаман, деган эълонлар пайдо бўлган эди. Эски "ЗИЛ" холодильнигини 1000 долларга сотиб оламан, деган гап-сўзлар ҳам тарқалганди.
"Кўршапалак ини" савдосидан кимдир фойда кўргани маълум эмас.
Озодлик бундай эълонларни тарқатишдан кимга фойда, деган саволга ҳам жавоб топа олмади.
Бундай васвасадан зиён кўрган эса фақат кўршапалаклар бўлиб қолмоқда.
Кўршапалак ҳайвонот оламидаги учадиган ягона сут эмизувчидир.
Кўршапалак ини саратонга қарши дори-дармон бўлиши тиббий тасдиқлангани тўғрисида маълумот топмадик.
Лекин Хонгконгда кўршапалак инидан шўрва тайёрланиши маълум.
Лотин Америкаси давлатларида эса кўршапалак тезагидан ўғит сифатида фойдаланилади.
Wikipedia маълумотига кўра, Guano деб аталувчи кўршапалак тезагининг килоси 1.5 - 3 АҚШ доллари атрофидадир.