Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:38

Таниқли Ҳолливуд продюсерининг ўзбекистонлик қаллиғи Тошкент аэропортида ушланди


Тошкент халқаро аэропортида 23 январ куни Лондондан учиб келган асли ўзбекистонлик топ-модел Надя Непомнящая қўлга олинган ва 5 соат ушлаб турилгач қўйиб юборилган. Унга чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун ушланиб қолингани ва жиноят иши очилганини айтганлар. Озодликка маълум бўлишича, 29 ёшли Непомнящая Тошкентга кинопродюсер қаллиғи Майкл Грэйси билан учиб борган.

Топ-модел Надя Непомнящая Тошкент аэропортида ушлангани ва ўзига чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича жиноят иши очилгани ҳақида ўз яқинларига айтган.

Лондонда яшовчи дугонасининг Озодликка айтишича, Непомнящая ўзбек паспортида виза варақлари тўлиб кетгани учун уни хорижий паспортга алмаштириш учун Ўзбекистонга борган эди.

- Надя паспортида виза варағ​и қолмагани учун ҳеч қаерга чиқа олмаётган эди. Шунинг учун Тошкентга паспорт алмаштириш учун борганди. Тошкентга келиши билан паспортини олиб қўйишган, ўзини обезянникда беш соат ушлаб туришган. Кейин қўйиб юборишган, - деди Озодликка топ-моделнинг исми очиқланмаслигини истаган дугонаси.

Озодлик топ-моделнинг нима учун ушлангани ва жиноят иши очилганини аниқлаштириш учун Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари билан боғланда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Непомняшаяга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси 1 қисми бўйича жиноят иши очилганини тасдиқлади.

"Дастлабки тергов хужжатларига кўра, 2019 йилнинг 23 январь куни "Лондон-Тошкент" йўналишидаги авиарейс билан учиб келган йўловчилар чегара назоратидан ўтказиш жараёнида, шу рейс билан учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 16.06.1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турувчи Н.Н.га тегишли бўлган фуқаролик паспортида дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсатнома ёзуви “стикери”ни расмийлаштирмасдан, қонунга хилоф равишда, белгиланган тартибни бузиб, 09.08.2018 йилда Россия Федерацияси орқали Англия давлатига борганлиги аниқланган. Ҳозирги кунда тергов харакатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Тошкент аэропорти ходимаси ўзбек қонунчилиги олдида берча тенг деб айтди.

- Ўзбек қонунчилигини бузгандирки тўхтатишган. Топ-модел бўладими, миллионерми, ўзбек қонуни олдида барча тенгдир, - деди аэропорт мулозими.

Озодлик Надя Непомнящаянинг ўзига боғлана олмади. Тошкент аэропортида қўлга олингани ва унга жиноят иши очилганини Россиядаги яқин қариндошларидан бири тасдиқлади.

Надя Непомнящаянинг суратлари энг етакчи журналлар уст саҳифаларини безаган.

Асли тошкентлик 29 ёшли Надя Непомнящая тўрт йилдан буён Лондонда ишчи визаси билан яшаб келади. Унгача тўрт йил АҚШда моделлик қилган. Дугонасининг Озодликка айтишича, Непомнящая сўнгги бор Ўзбекистонда тўрт йил аввал бўлган.

- Чиқиш визаси муддати тугаганидан кейин учинчи давлатга чиққани учун унга жиноят иши очишяпти. У Москвада яшайдиган онасини кўргани тез-тез бориб турар эди, - деди топ меделнинг дугонаси.

"Филм учун яхши сюжет"

Надя Непомнящая 2017 йил декабр ойида қаллиғи Майкл Грэйси билан у суратга олган “Буюк шоумен” филмининг Сидней шаҳрида бўлган тақдимотида кўринган эди.

Австралиялик Майкл Грейсининг “Буюк шоумен” филми учта номинация – энг яхши комедия ва мюзикл, энг яхши эркак актёри ва энг яхши саундтрек бўйича 2018 йилги “Олтин глобус” мукофотига тақдим этилган эди.

Филм бир йил ичида 434 миллион доллар қозонган ва сўнгги йилларда ишланган энг бозори чаққон бешта филмнинг бири деб топилган.

Ҳозирда Надя Непомнящая қаллиғи Майкл Грейси билан Тошкентда қолмоқда.

- Тошкент аэропортидаги аҳмоқгарчилик Майкл Грейсининг янги филми учун яхши сюжет бўлса ажаб эмас, - дейди Непомнящаянинг Лондонда яшовчи дугонаси.

Тошкент халқаро аэропортида хориждан қайтиб келган ўзбек ватандошларининг чегарани ноқонуний кесиб ўтиш айби билан қўлган олингани ва қўйиб юборилгани ҳақида Озодлик бундан олдин ҳам хабар берган.

Қўлга олинганларнинг аксари муддати ўтган чиқиш визаси билан учинчи давлатларга сафар қилган ўзбекистонликлардир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг масъул мутахассисига кўра, чиқиш визаси бўлмаган ёки муддати ўтган чиқиш визаси билан юрган ўзбекистонлик Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра, жиноий жавобгарликка тортилиб, минимал иш ҳақининг тўрт юз баробаригача жарима ва 3 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Ўтган йил оҳирига қадар Ўзбекистондан чиқиш визаси икки йилга бериб келинган.

2019 йил январь ойидан бошлаб янги хорижий давлатларга чиқиш паспортини олиш мумкин. ОВИР чиқиш стикерлари бекор қилиниб, амалдаги биометрик паспортлар эса ички паспорт бўлиб қолади.

XS
SM
MD
LG