Шу йилнинг 15 апрелидан бошлаб, Сирдарё вилояти ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармаси томонидан Гулистон шаҳрида чинорларни ёппасига кесиш бошланди. Бу ҳақда хабар қилган Гулистон давлат университети ўқитувчисига кўра, маҳаллий ҳокимлик чинор ва бошқа кўп йиллик дарахтларни кесиш амалиётини шаҳарни ободонлаштириш ташаббуси билан изоҳламоқда.
“Гулистон шаҳри совет даврида чўлни ўзлаштириш баҳонасида қурилган. Бир пайтлар одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган бу шаҳарда битта ниҳол кўкартириш қаҳрамонлик эди. Буни қарангки, энди турган 60-70 йиллик чинорларни кесишяпти. Ҳайрон қоласан, халққа душманми булар. Одамлар норозилик билдиришдан қўрқишади. Аммо Тошкент томонларда одамларнинг бундай ҳоллардан норозилиги ҳақида интернетдан ўқияпмиз” дейди Гулистон университети ўқитувчиси.
Маълум бўлишича, президент Ислом Каримовнинг 2015 йил 5 мартдаги Сирдарё вилоятига ташрифидан сўнг шаҳарни бутунлай қайта қуриш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш борасида ҳукумат қарори чиққан. Гулистон шаҳрини реконструкция қилиш ва ободонлаштириш мақсадида давлат бюджетидан 380 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.
Гулистон шаҳрининг 2030 йилгача бўлган даврдаги бош режасига мувофиқ, шаҳарнинг марказий қисмини реконструкция қилиш, экологик жиҳатдан зарарли корхоналарни шаҳар ташқарисига чиқариш, ҳудудлар ва транспорт йўлларини комплекс ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, шунингдек, барча зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган янги турар-жой массивларини қуриш кўзда тутилган.
Бу хусусда Гулистон шаҳар ҳокимлиги билан боғланган “Озодлик” мухбири қуйидагича жавобни олди:
“Президентимизнинг «2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрида ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармойишлари бор. Бу фармойишнинг ижроси шахсан Бош вазиримиз Шавкат Миромоновичга юклатилган. У кишининг вакили Ш. Ҳамроев Гулистондаги ободончиликка бошчилик қиляптилар. Эски чинорлар кесилиб, ўрнига бошқа мназаралари дарахтлар экиляпти. Совет даврида чинорлар жуда бетартиб экиб ташланган, шулар олиняпти. Агар талабга жавоб берса кесилмаяпти” дейди Гулистон шаҳар ҳокимлиги мулозими.
“Озодлик” радиоси муқаддам чинорларнинг Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида кесилаётгани юзасидан хабарлар берган.