Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:25

Озиқ-овқат инқирозидан, геосиёсий ўзгаришларгача: Украина уруши таъсири давом этмоқда


Corus International глобал ёрдам ташкилоти президенти Дениел Спекхард.
Corus International глобал ёрдам ташкилоти президенти Дениел Спекхард.

Россиянинг Украинага бостириб кириши глобал озиқ-овқат занжирини бузиб, озиқ-овқат нархларининг ошиши ҳамда Яқин Шарқ ва Африканинг катта қисмида қашшоқлик чуқурлашишига сабаб бўлмоқда. Россия ва Украина Яқин Шарқ ва Қора қитъага қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини асосий экспорт қилувчилар бўлиб келган.

Жаҳон Иқтисодий Форуми уруш туфайли озиқ-овқат, ёқилғи ва молия соҳасидаги тушкунлик нисбатан қашшоқ мамлакатларда тартибсизликларни келтириб чиқариши ва айрим давлатларни дефолт ёқасига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Туркиянинг Россия ва Украина билан июль ойида имзолаган дон бўйича келишуви яхши ўзгаришлар учун умид берди. Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийлари юклар муҳтожларга етиб бормаётгани ва бу озиқ-овқат инқирози олдини олишда етарли эмаслигини айтди.

Озодлик радиоси уруш оқибатлари ҳақида Corus International глобал ёрдам ташкилоти президенти Дениел Спекхард билан суҳбатлашди. У илгари АҚШнинг Беларус ва Грециядаги элчиси ва НАТО Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

Озодлик: Фаолиятингизнинг катта қисми тўғридан-тўғри ёки билвосита Россия билан боғлиқ. Украинадаги уруш Вашингтондаги сиёсатчиларнинг Москвага нисбатан қарашларини қандай ўзгартирди?

Сўнгги олти ой Россия қудрати ҳақидаги кўплаб тахминларни ўзгартирди. Вашингтон Кремль ва унинг ташқи сиёсатига қандай қарайди?

- Россиянинг ядровий мақоми бор экан, унинг дунёдаги қудрати ҳам аҳамиятлилигича қолади. Россиянинг ҳарбий имконияти, эҳтимол, ўйланганидан кўра заифроқ эканлиги кўринган бўлса-да, ўйлашимча қоида ҳали ҳам ўша-ўша: сизда ядро қуроли бор экан, сиз АҚШ ва Хитой каби глобал миқёсда ҳаракат қилишни истайсиз. Россия ҳам худди шундай ҳаракат қилмоқда.

Бу уни янада хавфлироқ қилади. Вашингтон ва бошқа Ғарб давлатлари, ҳатто Пекиндаги хавотирлар асосли. Айни вазият ҳақиқатан ҳам нозик. Кескинлик жуда тез пайдо бўлмоқда. Қолаверса, Россия ўзининг заиф томонларини биз кўргандек кўрмайди.

Украинадан Босфор бўғози орқали Ливанга дон олиб кетаётган кема, 3 август
Украинадан Босфор бўғози орқали Ливанга дон олиб кетаётган кема, 3 август

АҚШ-Россия муносабатлари Россиянинг 2015-2016 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашувидан кейин ёмонлашди. Қўшма Штатлар Россиянинг сайловларга аралашуви бўйича икки қутбга бўлинган. Негаки Америка ичкарисида мамлакатни иккига бўлган сиёсий ажралиш бор эди. Украинадаги уруш эса бу бўшлиқни тўлдира олди.

Вашингтонда Россияга қарши кайфият уйғонди ва бу яқин келажакдаги ташқи сиёсатга таъсир қилади.

Ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб глобал муаммолар мавжуд бўлиб, улар Россиянинг кўмаги ва иштирокини талаб қилади, хоҳ у атроф-муҳит, терроризм ёки уюшган жиноятчилик, киберхавфсизлик масаласи бўлсин. Бу муаммоларнинг барчаси халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Мени хавотирга соладиган нарса шундаки, уруш оқибатлари бу муаммоларни янада ёмонлаштириши ва кенг глобал консенсусга эришишни қийинлаштириши мумкин.

Озодлик: Жаҳон буғдой экспортининг катта қисми Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Биз аллақачон дон танқислигининг дунёга таъсирини кўрдик. Бу урушнинг яна қандай кенг қамровли оқибатлари бўлиши мумкин?

- Ҳозирда давом этаётган гуманитар инқироз бу оқибатлардан бири. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 48 миллионга яқин одам фавқулодда очлик даражасига дуч келмоқда ва бу уруш миллионлаб одамларни кучли тўйиб овқатланмаслик, очлик ва ҳатто ўлимга олиб келишини англатади.

Аммо янада муҳими, Украинадаги уруш туфайли март ойидан бери яна 70 миллион киши қашшоқликка тушиб қолиш хавфи остида.

Сомалилик эркак Туркиядан олиб келинган бир қоп унни олиб кетмоқда.
Сомалилик эркак Туркиядан олиб келинган бир қоп унни олиб кетмоқда.

Масалан, Ливанда 4 литр ёғнинг нархи бир ойлик маошга тенг бўлиши мумкин. Уруш кўп жойларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Ташвишли томони шундаки, уруш фақат гуманитар инқироз билангина чекланиб қолмайди, у шунингдек, сиёсий инқирозларга ва эҳтимолий хавфсизлик билан боғлиқ инқирозларга ҳам олиб келади. Чунки одамлар оч қолган, иқтисодиёт оғир аҳволга тушиб қолган мамлакатларда, айниқса, иқтисодий ва экологик рецессиядан азият чекаётган мамлакатларда умидсизлик пайдо бўлади. Бу эса сиёсий ғалаён ва ишончсизликка олиб келади. Кейин бу ишончсизлик бутун дунёда терроризм ва зўравонликни, миллатлар ва элатлараро можароларни келтириб чиқаради. Биз 53 мамлакатда 200 миллионга яқин одам озиқ-овқат билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келаётганидан огоҳ бўлишимиз лозим. Яқин Шарқ ва Африкада озиқ-овқат инқирози оқибатларини таҳлил қиладиган бўлсак, нафақат гуманитар, балки сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ бўлган салбий таъсирларни ҳам кўришимиз мумкин.

Дунё етакчилари фақат Россия ва Украинадаги вазиятга ўралашиб қолмасдан, балки мамлакатлар эҳтиёжларига жиддий ва чуқур эътибор беришлари ҳамда уларга қийин вазиятдан ўтишга ёрдам беришлари лозим.

Озодлик: Таҳлилчилар ва баъзи украиналик расмийлар буни Москва томонидан атайлаб қилинган стратегия демоқда. Сиз буни қандай кўрасиз?

- Мен буни учинчи даражали стратегия деган бўлардим. Яъни бу ерда Россия учун асосий, марказий стратегик мақсад Украина, аммо Москва барча глобал силжишлардан ўзининг улкан ташвиқот машинаси билан Ғарбни айбдор қилиб кўрсатиш учун фойдаланмоқда.

Россия жамоатчилик билан алоқалар бўйича катта ҳаракат тайёрламоқда. Россия ёрдам жўнатади ва кейин ташвиқот тармоқлари БМТни қанчалик заиф ва самарасиз эканлиги ҳақида гапириб буни Россиянинг ҳаракатлари билан таққослайди. Мен шундай бўлишини тахмин қиляпман.

Жанубий Яманда оилалар ун ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларини олмоқда.
Жанубий Яманда оилалар ун ва бошқа асосий озиқ-овқат маҳсулотларини олмоқда.

Яна бир жиҳат шундаки, биз муҳокама қилган ижтимоий зўравонликлар ҳукуматларни заифлаштиради, кўплаб оч одамлар муаммога ечим излай бошлайди. Оқибатда улар ўзларини ҳимоя қила олишини айтадиган авторитар раҳбарларга мурожаат қилишлари мумкин.

Москва авторитар режимлар билан, хусусан Африкада қатор авторитар ҳукуматлар билан алоқаларни чуқурлаштириб, ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу ўнлаб йиллар давомида давом этиб келмоқда.

Озодлик: Халқаро ҳамжамият бу инқирозни енгиш учун қандай чоралар кўриши мумкин? Урушни тугатишдан ташқари яна қандай вариантлар мавжуд?

- Менимча, амалга ошиши керак бўлган нарса муаммоларга халқаро даражада етарлича эътибор қаратиш керак. Биргина Қўшма Штатларнинг иштироки етарли эмас. Муаммоларга БМТ, Жаҳон банки, G20 ва бошқа даражалардаги кенг халқаро эътибор қаратилиши керак. Қолаверса, Россияга кенгроқ босим ўтказиш керак.

Бу ерда бошқа мамлакатларнинг ҳам иштирок этиши учун имконият бор деб ўйлайман. Туркиянинг Қора денгиз портлари орқали яна озиқ-овқат экспорти йўлга қўйилишидаги иштирокига гувоҳ бўлдик. Бошқа мамлакатларда ҳам дунёнинг қолган қисмидаги гуманитар эҳтиёжларга эътибор қаратган ҳолда қадам ташлаш ва ҳурмат қозониш имконияти мавжуд. Шунга ўхшаш ҳаракатлар эҳтимол урушни тугатмас, аммо албатта вазиятни ўзгартиради.

Форум

XS
SM
MD
LG