Линклар

 
“Озиқ-овқат хавфсизлигига зарба”. Қирғизистонда сув танқислиги туфайли ҳосил нобуд бўлиши мумкин (ВИДЕО)
Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:06

“Озиқ-овқат хавфсизлигига зарба”. Қирғизистонда сув танқислиги туфайли ҳосил нобуд бўлиши мумкин (ВИДЕО)


Қирғизистонда фермерлар ўзларини сув билан таъминлашни талаб қилишмоқда. Агар яқин бир ҳафта ичида экинлар суғорилмаса, ҳосил нобуд бўлади. У ҳолда мамлакатни озиқ-овқат инқирози кутади, дея огоҳлантирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар.

Фермер Анатолий Косарёв экинларини суғориш учун бир ойдан буён навбат кутади. Бу йили эккан жўхориси нави хийла инжиқ – ўғитни кўп талаб қилади, тез-тез суғориш керак. Ўғитга-ку пулни аягани йўқ, аммо қақраб ётган жўяклардаги энди униб чиққан ниҳолларга қараган сари юрак увишади, дейди у.

“Яна бир ҳафтача чидаши мумкин, бу энг сўнгги муҳлат, акс ҳолда, экин қуришни бошлайди. Сув етишмаяпти, тупроқдан аллақачон нам қочган, жўхори тоб бера олмаса керак. Жуда қайғуряпмиз. Озмунча пул тикилганми ахир, ҳеч ким зараримни тўлаб бермайди-ку”, ҳасрат қилади Чуй вилоятилик фермер Анатолий Косарёв.

Анатолийнинг укаси Дмитрий омадлироқ экан – унинг ери чеккада, дренаж тармоғи ўтказилган жойда. Дмитрий экинларини суғоришда дренаж сувларидан фойдаланади. Аммо бунинг учун анча пулга насос сотиб олишига, яна бензинга ҳам унча-мунча чиқим қилишига тўғри келди.

“Албатта, кўпга тушяпмиз, лекин бошқа чора йўқ-да. Харажатимиз ортса ҳам майли, ҳосилни сақлаб қолайлик. Бўш келганимиз йўқ, мана, курашяпмиз”, дейди Дмитрий Косарёв.

Шу музофотнинг ўзида икки минг гектар обикор ер бўлса, деярли ҳар бир фермер сув муаммосини ўз танасида ҳис қилиб улгурди. Маҳаллий каналда сув ўтган йилгидан уч бараварга камайган. Деҳқонлар бу йилги ёз қуруқ келишини билиб, ҳосилни мумкин қадар сақлаб қолиш мақсадида дренаж сувларини кўтаришни аввалроқ бошлашган ва километрлаб бетон ариқлар ўтказишганди. Лекин бу сув барча экин майдонларини суғоришга барибир етмаяпти.

“30 фоиз ҳосилга куйиб бўлдик. Энди барибир мўлжалимиздаги хирмонни кўтара олмаймиз. Инқироз вазиятидамиз. Бу Қирғизистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигига зарба бўлади”, дейди Сувдан фойдаланувчилар уюшмаси директори Майрамбек Беркутбоев.

Жорий йилда қарийб бутун Чуй вилояти сув танқислигидан азият чекмоқда. Мушкул аҳволда қолган фермерлар сўнгги кунларда Бишкекда икки марта митинг ўтказиб, эҳтиёжлари қондирилгунича қўшни мамлакатларга сув бермасликни талаб қилишди. Бироқ ҳукумат бу талабни рад этмоқда.

“1983 йилги низомга кўра, Чу дарёси суви биргина Қирғизистонга тегишли эмас, биз уни Қозоғистон билан бўлишамиз. Дарё сувининг 58 фоизи бизники, қолган 42 фоиз эса шу оқим билан Қозоғистон томонига етказиб берилиши керак. Афсуски, бугунги кунда сув нафақат бизга, уларга ҳам етмаяпти”, дейди Давлат сув ресурслари агентлиги раҳбари Алмаз Сокеев.

Ҳукумат суғориш учун сувни ер остидан тортиб олиш мақсадида юзлаб қудуқлар қаздиришни режалаган. Аммо бунга йиллар керак бўлади. Ҳозирча эса мулозимларнинг қўлидан келадигани – фермерларга тежамлироқ бўлиш ва об-ҳавога умид боғлашни маслаҳат бериш, холос.

XS
SM
MD
LG