Йигирма икки йилдан буён аввал Россияда, кейин Туркияда қочқинликда яшаётган навоийлик Баҳриддин Худойназаров OzodMikrofonга мурожаат қилиб, Тошкентдаги 1999 йилги портлашлардан кейин унга туҳмат айблов қўйилгани сабаб, Ўзбекистонга қайтолмаётганидан арз қилди.
Баҳриддин Худойназаровнинг айтишича, гарчи Ўзбекистон ҳукумати “қўли қонга ботмаган” хориждаги ватандошларини қайтиб келишга даъват қилаётган бўлса-да, лекин қайтиб борган шахслар яна тергов қилиниб қамоққа ташланаётганини эшитиб, кўпчилик иккиланиб қолмоқда.
“Мен 1998 йилда Россияга ишлагани ва даволангани чиқиб кетган эдим. 1999 йилги портлашлардан сўнг, Кармана туманидаги уйимга ҳам келишиб, мени суриштиришган. Ота-онам қайтмай тур болам, диндорларнинг кўпчилигини қамашяпти, деганидан сўнг мен Туркияга ўтиб кетдим. Икки йил олдин менга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159, 216 - моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини адвокатим орқали билдим. Тўғри, мен намозхон одамман, илгари фақат яхшилик бўлсин, тарбиявий аҳамияти бўлсин деб, тўй эгаларининг таклифи билан ёшларга насиҳат қилганман, ҳалол яшашга даъват қилганман. Лекин бирор марта ҳам сиёсатга аралашмаганман. Давлатга қарши гапирмаганман. Менга қарши кўрсатма берган одамлар билан ҳам адвокатим гаплашиб тилхат олди, улар босим остида менга нимабатан ёлғон гувоҳлик беришганини айтишган.
Мирзиёев президент бўлганидан кейин менда катта умид туғилди. Яхши ўзгаришлар бўляпти, бундан хурсандман. Баланд минбарлардан хориждаги ватандошларимиз қайтсин, у замонлар ўтиб кетди, қўли қонга ботмаган бўлса келсинлар, бемалол яшайверсинлар дейилди. Аммо сўнгги уч йилда Ўзбекистонга кетган ватандошларимизнинг бир қисми яна тергов, суд қилиниб камоққа ташланаётгани бизни чўчитиб қўйди. Ватанга қайтишни жуда истайман, отам 90 киряпти, кўзи кўрмай қолган. Келгин болам, деяпти. Бу ёқда эса бу хавф турибди. Адвокатим ҳам ҳали бормай тур, деяпти. Агар Ўзбекистонда қўли қонга ботмаган ватандошлар жиноий жавобгарликдан озод қилинади, деган қарор чиқса, унда ишонамиз, бўлмаса ишонолмаймиз”.
Баҳриддин Худойназаров билан тўлиқ суҳбатни қуйида тингланг:
-------------------------------------------------------------------------------
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.
OzodMikrofon сизга мунтазир!
OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!