Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:20

OzodDayjest: Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов ширкатига нисбатан тергов ҳаракатлари қайта бошланди


Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов.
Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов.

Яшараётган коронавирус: 20-45 ёшдаги фуқаролар орасида хасталикка чалиниш икки карра ортди. Cинфхоналарга овозли камералар ўрнатиш ташаббуси эътироз уйғотди.
Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсис этган “Megatek-Avto” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан расмий муносабат берилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


Сиёсатшунос: Синфхоналарнинг овозли камералар воситасида назорат қилиниши эркинликка зид

Ўзбекистон бўйлаб барча мактабларда ўқувчиларнинг муассасада бўлиш вақти Face ID тизими орқали назорат қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган қўшма ҳайъат мажлисида маълум қилди (www.gazeta.uz, 6 май).

Бундан ташқари, синфхоналарга овозли камералар ўрнатиш ва уларни ички ишлар органлари томонидан назорат қилинишини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрига кўра, ўқувчилар камералар остида фикрлашга мажбурланса, бу мамлакатни тўлақонли тоталитар давлатга айланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекистонда тоталитар назорат тафаккури жуда ҳам кучли зеҳният сифатида сақланиб қоляпти. Яъни, эркин ва масъулиятли одамни шакллантириш, ҳур ва эркин руҳиятни парваришлаш эмас, одамларга ишонмаслик ва улар устидан давлат назоратини муттасил ушлаб туриш сиёсий тизими яна кучайиб бормоқда. Тоталитаризм, диктатура, назорат тизими ҳар доим жамиятдаги иллатлар ва адолатсизликлар номи билан парвариш қилинади. Ҳар доим шундай бўлган. Лекин фақат заиф жамиятлар ва авторитар бошқарувга мойил кучларгина жамият эркидан воз кечиб, назорат тизимини кенгайишига, одамларни муттасил назорат тизимига бўйсундиришга интилган”, дея таъкидлайди К.Раббимов.

Қайд этилишича, эркин давлатларнинг биронтасида синфхоналар у ёқда турсин, мактаб ҳовлиси ёки атрофи ҳам камералар билан кузатилмайди. Болалар имкон қадар эркин бўлиши учун барча шароитлар яратилиб берилади.

“Куч ишлатар тизимларга ташаббус ва имконият берилса, улар бажонидил бутун жамиятни назорат қилишдан хурсанд бўлади. Лекин эркин бўлмаган Ўзбекистон ривожлана олмайди. Аксинча, куч ишлатар тизимларини ўзлари жамият назоратида бўлиши керак”, деб ҳисоблайди сиёсатшунос К.Раббимов.

Яшараётган коронавирус: 20-45 ёшдаги фуқаролар орасида хасталикка чалиниш икки карра ортди

Ўзбекистонда 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқаролар орасида коронавирусга чалиниш ҳолати деярли икки баробарга ортди. Бу ҳақда Зангиота туманидаги 2-сонли юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Афсуски, мартда бошланган касалликка чалиниш ҳолатлари апрель ойида ўсишда давом этди. Ўзига хос жиҳатларидан касаллик яшарганини қайд этилиш мумкин. Яъни коронавирусга чалинганлар, жумладан, унинг оғир шакли билан оғриганларнинг ёш тоифаси – 20 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар қарийб икки баробарга ортди. Бунда одамлар эпидемиологик режимга риоя қилмай қўйгани катта роль ўйнади”, деди Д. Миразимов.

Шифокорга кўра, яна оммавий тантаналарни ўтказиш бошланди, бозорлар ва жамоат жойларида эса одамлар деярли ниқоб тақмай қўйди. Буларнинг бари ҳолатга салбий таъсир кўрсатди. Мутахассис эндиликда энг катта умид эмлаш эканини таъкидлаган.

Аввалроқ “Рост24” нашри Зангиота махсус шифохонасининг болалар бўлими директор ўринбосари Ҳилола Алимовага таяниб COVID касаллигига чалинган болалар сони кескин кўпаяётгани, улар орасида ўлим ҳолати ҳам қайд этилгани ҳақида хабар берган эди.

Бундан ташқари, болаларда пневмония ҳолати кузатилмоқда. 2020 йилнинг декабрь ойида бу ерда 50 ўринли болалар бўлими ташкил этилган эди. Ҳозирда у 100 ўринга кенгайтирилган.

Биринчи ўзбек космонавти таъсисчилигидаги МЧЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсис этган “Megatek-Avto” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан расмий муносабат берилди (www.xabar.uz, 2 май).

2020 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ички ишлар идораси тергов бўлинмаси томонидан “Megatek-Avto” МЧЖ улушдорлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳолат бўйича тергов олиб бориш учун Тошкент шаҳри ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жорий йил 20 апрель куни Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, 29 апрель куни бекор қилинган.

Дастлабки тергов жараёнида мол-мулкка қўйилган тақиқ ечилгани ҳолати юзасидан Тергов департаменти томонидан хизмат текширув ўтказилмоқда.

Ҳақиқатни аниқлаш ва ҳолатга қонуний баҳо бериш мақсадида жиноят иши ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олиниб, “Megatek-Avto” МЧЖ ҳамда жиноят ишига алоқадор “Grand Ravon Oil” ва “Vodiy Grand Optima” фирмаларининг барча мол-мулкига тақиқ қўйилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Megatek-Avto” таъсисчиси Солижон Шарипов илк ўзбек фазогири сифатида икки бор (1998, 2004) парвоз қилиб, жами 201 кун коинотда бўлган. Россия ва Қирғизистон қаҳрамони унвонлари, Ўзбекистоннинг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG