Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:36

OzodDayjest: Мутахассис аномал иссиқ ортидан келадиган “сюрпризлар”ни санади


Аварияларда болаларнинг ҳалок бўлиш ҳолати кўпаймоқда. Экология қўмитаси ноёб балиқни овлашга рухсат бергани айтилмоқда. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти докторанти Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқнинг турли соҳаларга таъсирини баҳолади. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Қўрқинчли статистика” – Аварияларда болаларнинг ҳалок бўлиш ҳолатлари кўпаймоқда

Аварияларда болаларнинг нобуд бўлиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда (“Маҳалла” газетаси, 5 июнь). Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилнинг ўтган тўрт ойи давомида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони 25,3 фоизга, уларда ҳалок бўлган болалар сони эса 64,5 фоизга ошган.

“Қўрқинчли статистика, шундай эмасми? Ҳар қанча сабаб келтирилмасин, қанча далил-исбот кўрсатилмасин, ҳеч бири бу ҳолатни оқламайди”, деб ёзган газета.

Қайд этилишича, мактабларга олиб борувчи йўлларда пиёдалар йўлакчалари ташкил этилмагани ва ёритилмагани натижасида эрта тонгда ёки тунги вақтларда вояга етмаган болаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш муаммо бўлмоқда. Жумладан, 2731 жойда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойини ёритиш зарур.

“Кўп полосали йўлларда назорат қилинмайдиган (светофорсиз) пиёдалар ўтиш йўлакларини қуриш мумкин эмас. Бу – оддий қоида. Буни бутун дунёда билишади. Бироқ бизда эмас. Биргина Тошкентнинг ўзида юзлаб назорат қилинмайдиган пиёдалар ўтиш йўлаклари мавжуд. Магистрал кўчаларда, автомобиль айланма йўлларида, ОТМлар, мактаблар, бозорлар, аҳоли мавзелари яқинида. Ва уларда одамларни уриб кетиш – одатий ҳол”, деб ёзган нашр.

Шунингдек, халқаро тажриба асосида “мактаб зонаси”ни белгилаш зарур. Мисол учун, Жанубий Кореяда “мактаб зонаси”да транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги максимум 30 км/соат этиб белгиланган. Йўл ҳаракати қоидалари “мактаб зонаси” ва болалар кўп бўлган махсус ҳудудларда бузилган тақдирда, жарима 2-3 баробар ортиғи билан тўланади. Таъкидланишича, ушбу тажрибани Ўзбекистонда ҳам жорий этиш керак.

Экология қўмитаси қирилиб кетиш арафасидаги ноёб балиқни овлашга рухсат берган

Ҳозиргача сақланиб қолган жонзотлар ичида энг қадимийлардан бири ҳисобланган, тахминан 200−150 миллион йил аввал пайдо бўлган дунёдаги энг ноёб балиқ тури – Амударё катта сохта куракбурунини сақлаб қолиш учун керакли чоралар кўрилмаяпти (www.gazeta.uz, 8 июнь). Ушбу балиқ тури дунёда фақатгина Амударё сувларида учрайди ва халқаро ҳамда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасидаги тур сифатида киритилган. Аммо экология қўмитаси 2021 йилда овлашга рухсат этилган турлар ичида ушбу балиқнинг 10 тасини ҳам кўрсатган.

“Бизнинг Хоразмда олиб бораётган кузатувимизга кўра, биргина 2021 йилнинг дастлабки икки ойида ушбу балиқнинг 50 дан ортиғи тутилган. Бизда ушбу тутилган балиқларнинг расмлари ва бошқа далиллари мавжуд. Экология қўмитасининг Хоразмдаги маҳаллий бўлимига қилган мурожаатларимиз эътиборсиз қолдирилмоқда. Менимча, Экология қўмитаси бутун бошли дунёдаги энг ноёб турнинг бутунлай қирилиб кетишини кутаётган бўлса керак”, деган гидробиолог Бахтиёр Шералиев.

Маҳаллий аҳоли ичида куракбурун балиғини еса, туғмаётган аёллар туғади деган миш-миш юради, аммо Шералиевга кўра, балиқда ҳомиладор бўлишга ёрдам берадиган ҳеч қандай унсур йўқ.

Аввалроқ экология қўмитасининг “Қизил китоб”га киритилган айиқни отишга рухсат бергани эътирозларга сабаб бўлган эди.

Мутахассис: Аномал иссиқ ортидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида “сюрпризлар” кутинг...

Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти докторанти Эркин Абдулаҳадов Ўзбекистонда кузатилаётган аномал иссиқнинг турли соҳаларга таъсирини баҳолади (“Оила даврасида” газетаси, 10 июнь).

Қайд этилишича, 1961-2010 йиллар давомида Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонга йилнинг 22 фоиз даврида совуқ оқимлар кириб келган. Ҳозир бу кўрсаткич 10 фоизга тушиб қолди. Яқин йилларда бу сон бир хонали рақамга тушиши кутилмоқда.

Экспертга кўра, аномал иссиқ биринчи галда озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир кўрсатади. Ҳосилдорлик камаяди, яйловлар қисқаради. Бундай шароитда чорва гўшти нархи муттасил ошиб боради.

“Соғлиқни сақлаш тизимида ҳам олдинда турли “сюрпризлар” кутиб турибди. Иқлимнинг маълум даврларга хос муттасил исиши ўтмиш вирусларни уйғотиб юбориши мумкин. Ҳаво таркибидаги углерод диоксиди ортиши инсон танасидаги мода алмашинувида маълум ўзгаришларни келтириб чиқаради. Юқори ҳароратли даврнинг ортиши каналарнинг фаоллашишига олиб келади. Жазирамалар юрак, қон-томир касалликлари, чанг бўронлар ўпка, нафас олиш, аллергик касалликлар ортишига сабаб бўлади”, деб ёзган Э. Абдулаҳадов.

Таъкидланишича, иқлим исишини секинлаштириш биргина Ўзбекистоннинг ўзига боғлиқ эмас, дунё мамлакатлари Париж битимида кўрсатилган шартларни биргаликда амалга ошириши керак. Айни чоқда, Ўзбекистон олдида иқлимнинг салбий таъсирларини юмшатиш масаласи турибди. “Юқорида амалдорлар мутахассисларнинг фикрини инобатга олмай, тапур-тупур ислоҳотларни давом эттираверар экан, азиятлар юқорида айтилгандан-да хавфли ва эртароқ, тезроқ амалга ошиши мумкин”, дея хулоса қилган гидрометеорология мутахассиси.

XS
SM
MD
LG