Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:28

OzodDayjest: Ўзбекистон Олий суди мулозими Сталин қатағони қурбонлари қандай шарт билан оқланишини очиқлади


Депутат коммунал соҳа масъулларининг ваъдабозлигидан норозилик билдирди. Олий суди раиси ўринбосари “босмачилар”ни оқлаш шартидан баҳс этди. Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларига оид қонунларнинг 90 фоизи амалда ишламаяпти. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Депутат: “Коммунал соҳа масъуллари реал иш ўрнига чиройли баҳона ўйлаб топишга уста бўлиб кетди”

Аҳолини тоза ичимлик сув, электр энергияси, газ, йўллар билан таъминлашни яхшилаш учун маблағлар ажратилмоқда, лекин реал вазият яхшиланмаяпти, айнан коммунал соҳадан шикоятлар камаймаяпти (“Ўзбекистон овози”, 14 июль). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова мақоласида сўз боради.

Депутат коммунал соҳа масъуллари мавжуд муаммоларни хаспўшлаб, баҳоналар тўқишга одатланиб қолганини кескин танқид қилди.

“Фикримча, коммунал соҳага масъул мутасаддилар кейинги йилларда реал иш ўрнига, кўпроқ чиройли баҳоналар ўйлаб топишга уста бўлиб кетдилар. “Тизим ўзи эски эди”, “маблағ берилмас эди”, “ҳали ҳам амаллаб турибмиз” деганга ўхшаш қуруқ баёнотлар жамоатчиликни чарчатди, эҳтимол шунинг учун ижтимоий тармоқларда норози кайфиятдаги фикрлар кўпайди”, деган М. Ворисова.

Депутат баландпарвоз гапларни йиғиштириб, амалий иш қилишга ундаган.

“Ҳар йили одамларнинг уйида, иш жойида чироқ ўчади, газ босими пасайиб кетади, масъул ташкилотлар баёнотлари ҳам деярли ўзгармайди. Шунчаси етар, энди тизимни ўзгартириш ҳақида ўйлашимиз керак”, деган у.

Ўзбекистонда аномал иссиқ кузатилаётган шу кунларда ҳатто пойтахт Тошкентда ҳам электр энергияси таъминотида узилишлар кўпайди. Шу муносабат билан “Ишонч” газетаси 14 июль сонида Энергетика вазири Алишер Султоновга Президент ҳузурида берган ваъдасини яна-қайта ёдга солди.

“Олдингидек куз-қиш мавсуми деган тушунчадан воз кечдик. Чунки ёз ойларида ҳам ишлатилаётган совитиш тизими ҳисобига иссиқ даврда талаб ҳам “пик” бўляпти. Ажратилаётган маблағлар ҳисобига бу йилдан бошлаб зарур талабни қондира оладиган бўламиз”, дея ваъда берган эди вазир А. Султонов жорий йил 24 март куни бўлиб ўтган селектор мажлисида.

“Хўш, ўтган давр мобайнида соҳага қанча маблағ ажратилди ва унинг ҳисобидан қандай ишлар амалга оширилди? Модомики, ўзингиз айтганингиздек, тизимга катта маблағ ажратилаётган экан, нима учун вазият ўнгланмаяпти? Нега кун сайин баттар оғирлашмоқда?” деб ёзган “Ишонч” газетаси.

Олий суд раиси ўринбосари “босмачилар”ни оқлаш ҳақида сўз очди

Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов 1930-йилларда Сталин даврида қатағонга учраган ўзбекистонликларнинг оқланиши шарти ҳақида гапирди (“Рост24”, 14 июль).

“Бугунги кунда қатағон қурбонлари рўйхати шакллантирилиб, ишлари кўтарилиб, улар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 1970-1980 йилларда “пахта иши” билан қамалганларнинг ишлари ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Суд ишлари кўриб чиқишнинг ўзига яраша тартиби бор. Тартибга кўра, судда юқори инстанцияда ишлари кўрилиши учун судланган шахс ёки жабрланувчининг шикояти керак. Биз бугунги кунда 1934-1938 йилларда қатағон қурбони бўлганларнинг яқин қариндошларини топиш ишлари билан ҳам шуғулланмоқдамиз. Улар топилган тақдирда кейин ишларни қайта кўриб чиқамиз”, деган Олий суд раиси ўринбосари.

Аввалроқ “Рост24” сайтида тарихчи олим Баҳром Ирзаев билан суҳбат эълон қилинган эди. Унда совет даврида қатағонга учраган, “босмачи” тамғаси босилган, аслида мамлакат озодлиги учун курашган миллатпарвар зотларнинг номини суд йўли билан оқлаш масаласи кўтарилган эди.

“Шу вақтгача Қирғизистон, Қозоғистон давлатида туркистонликлар миллат қаҳрамони сифатида тан олинган. Аммо биз қизил байроқ кўтариш билан овора бўлиб қолмаяпмизми? “Босмачилар” номини оқлаш, уларнинг қаҳрамонлигини очиқлаш қачон сиёсат даражасига олиб чиқилади? Ватан учун жон берган миллатдошлар номини поклаш, миллатимизнинг ўз қаддини тиклашига тили ва виждони учун курашишида туртки бўлмайдими?” деб ёзган эди ўшанда “Рост24” нашри.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Қатағон қурбонлари” давлат музейи томонидан ҳам Олий судга миллат фидойиларини оқлаш бўйича таклиф киритилган.

Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонунларнинг 90 фоизи амалда ишламаётир

Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларнинг иш топиши оғриқли муаммо бўлиб қолмоқда (“Маҳалла” газетаси, 10 июль). Мамлакатда ишлай оладиган ногиронлиги бор шахслар 346 мингдан ортиқ, аммо уларнинг 7 фоизигина расман иш билан таъминланган. Ногиронлиги бор болаларнинг таълим олишида ҳам муаммолар етарлича.

“Ёки ҳозир Ўзбекистонда ногиронлик нафақалари миқдорини олайлик, улар ўртача 400 минг сўм. Бу пулга нормал яшаш имконсиз”, деб ёзган газета. Қолаверса, Ўзбекистондаги биноларнинг 85 фоизи ногиронлиги бор шахслар ҳаракатланиши учун мослашмаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг ратификация қилиниши неча йиллардан бери ечилмай келаётган муаммолар ҳал қилинишига туртки бўлиши мумкин.

“Ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликни халқаро қонунларга мослаштиришимиз керак. Ўтган 30 йил ичида ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишлаб қабул қилинган қонунларнинг 90 фоизи амалда ишламаётган эди. Сабаби бу масала бўйича бизни ҳеч ким текширмаган: ўзимиз қонунларни чиқарганмиз ва назорати ҳам ташлаб қўйилган. Энди конвенцияни ратификация қилганимиз сабабли БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасида Ўзбекистон ҳам ҳисобот бера бошлайди”, деган Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов.

XS
SM
MD
LG